Нормурод Нарзуллаев (1934-2006)

Нормурод Нарзуллаев 1934 йил 7 июлда Қашқадарё вилоятининг Касби туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (2002). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1984). Самарқанд Педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетини тутатган (1956). Илк шеърлар тўплами — «Суюнчи» (1965). «Зарафшон зарлари» (1970), «Уфқларда кўзларим» (1973), «Лаҳза ва ларза» (1973), «Ёғду» (1974), «Нигоҳлар» (1967), «Севги сеҳри» (1981), «Аниқ вақт» (1989), «Қалбим қатралари» (1994), «Оқ фариштам, оппоқ фариштам» (1995) каби шеърий тўпламлар муаллифи. «Амир Темур ҳақида қўшиқ» асари тарихий мавзуга бағишланган. Болаларга атаб ҳам бир қанча асарлар ёзган («Шамол ушлаган бола», 1985; «Бош майдон», 1990 ва бошқа). Кўплаб шеърлари қўшиққа айланган. Г. Гейне, Е. Евтушенко, Қ. Қулиев, М. Қаноат ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2006 йил 28 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

МУҲАББАТ БОР ЭКАН, ДЎСТЛАР

Жаҳонда борки парвона, муҳаббат бор экан, дўстлар,
Кўнгил чўғланди мастона, муҳаббат бор экан, дўстлар.

Яшил қозонда куртак ҳам жўшиб, бодрокланар ногоҳ,
Севиб бўлмайди хуфёна, муҳаббат бор экан, дўстлар.

Ҳаволар ел билан гулбарг, гулим деб титрагай япроқ,
Эгилгай мевадан шона, муҳаббат бор экан, дўстлар.

Умид боғида қад ростлаб, ўтиб армонли йўллардан,
Ҳақиқат бўлди афсона, муҳаббат бор экан, дўстлар.

Биров билганча рақс айлаб, биров билганча жўр бўлгай,
Қўшиқ бошланса шарқона: – муҳаббат бор экан, дўстлар…

Ҳақир деб ҳайдамас доно чамандан масту мажнунни,
Бўшаб қолмайди майхона, муҳаббат бор экан, дўстлар.

Фалак айланса бош узра, замон қалбларда айлангай,
Яшайлик энди расмона, муҳаббат бор экан, дўстлар.

Этиб эл иззату икром биринг Рустам, биринг Баҳром,
Эрур қуглуғ бу остона, муҳаббат бор экан, дўстлар.

Кўнгил уммонида бахт ҳам, этай деб Ҳусниддин ҳайрон,
Туғилгай худди дурдона, муҳаббат бор экан, дўстлар.

ЯХШИЛИК ДЕБ ЯШАЙМАН

Яхши кунни саҳаридан кутдим мен,
Тонг келтирган хабаридан кутдим мен,
Ҳаёт завқин саҳаридан кутдим мен,
Мен келганман яхшилик деб дунёга,
Азизларим, яхшилик деб яшайман!

Дўст қадрини вафосидан билдим мен,
Ишқ жабрини жафосидан билдим мен,
Қалб зарбини хатосидан билдим мен,
Мен келганман яхшилик деб дунёга,
Азизларим, яхшилик деб яшайман!

Гул атрини уфоридан англадим,
Тикан заҳрин озоридан англадим.
Ошиқ дардин дил зоридан англадим,
Мен келганман яхшилик деб дунёга,
Азизларим, яхшилик деб яшайман!

Ул чаманмас – лола, гули бўлмаса,
Ул масканмас – гар булбули бўлмаса,
Ул Ватанмас – шоир ўғли бўлмаса,
Мен келганман яхшилик деб дунёга,
Азизларим, яхшилик деб яшайман!

БЎЛИНГАН ҚЎШИҚ

Кўкка учди милтикдан бир ўқ,
Дайди ўқдан осмон гувлади.
Қора қонга беланди уфқ,
Оппоқ каптар ерга қулади.

Манзил кўрмай тинди овози,
Ярим йўлда бўлинди қўшиқ.
Ора йўлда қолди парвози,
Умри завол – ёвузлик тўсиқ.

Кабутарга қазинг ердан гўр,
Жасадини отманг чордоққа.
Ўз бағрига олсин она-Ер, –
Топширайлик азиз тупроққа!

Бажарайлик қалбан қарзимиз,
Оппоқ каптар – оппоқ орзумиз!

СУВ ПАРИСИ

Осмон янглиғ бепоён денгиз,
Сузар кўқда булутлар ҳорғин.
Тўлқинлар-ла ўйнаб олтин куз,
Маскан қурмиш денгиз қирғоғин.

Қирғоқларда нақшлар, излар,
Денгиз тенгсиз моҳир, зўр рассом!
Меҳр бўлиб тўкилар ҳислар,
Юрагимга қуюлар илҳом.

Мўйқаламим эди қайроқтош,
Сув парисин солдим қумга мен.
Кузатарди самода қуёш
(Ўз дардимни айтдим кимга мен?!)

Ул парига бўлиб маҳлиё,
Хаёл ичра яшардим бирга,
Бир ажиб ҳол рўй берди, аммо
Ботдим дарҳол қоп-қора терга.

Сув парисин кўриб қирғоқда,
Тутди чоги денгизнинг рашки.
Шамол бўлиб келди қаёқдан,
Оҳ, юрагим, шунчалар ғашки…

Довул бўлиб ҳаддидан ошди,
Маст туядек кетди қутуриб.
Тўлқинлар-ла қирғокдан тошди,
«Сув пари»син кетди супуриб…

Мана, соҳил, турибман яккаш,
Кўнглим нотинч, юрак ғаш, маъюс.
Кулиб турар самода қуёш,
Бу – қандай ишқ, не туйғу, не ҳис?!

* * *

Учма кўп ҳам чой-чақаларга,
Кун қолмасин кўр бақаларга.
Узоқ умр кўраман, деб сен
Ҳавас этма тошбақаларга!

* * *

Отангга чўп отсанг, боланг тош отар,
Тош тегса бошингга, жонни қақшатар.
Ҳисобли дунё бу қадим-қадимдан,
Сўнгги пушаймондан кўзда ёш қотар!

* * *

Гапирсин қалбинг, кўзинг,
Зинҳор ёлғон сўзлама!
Бўлса ҳам икки юзинг,
Бўлма икки юзлама!

СЎРОҚЛАР

Самоларда юлдузларни осмон сўроқлар,
Чин инсонни кўнгил қўйиб инсон сўроқлар.

Орзу-армон туғилади ерда, юракда,
Чўққиларда бахтни излаб довон сўроқлар.

Юрак, ёнгин бир умрга вафо йўлида,
Ошиқ аҳли ўз ишқини пинҳон сўроқлар.

Дўст қадрига дўст етади, жон дўстинг ўша,
Бу оламда мол-дунёни нодон сўроқлар.

Инсон қадри номусидай бўлсин покиза,
Беномуслар ўз нархини арзон сўроқлар.

Ҳаёт ширин фарзанд билан, кўзлар қароғи,
Фарзандларнинг камолини замон сўроқлар.

Нарзий, тутгил одил йўлни, йўлдан адашма,
Билки, дунё сарҳисобли, виждон сўроқлар.