Нодира Афоқова 1966 йил 20 ноябрь Бухорода туғилган. Филология фанлари доктори. Бухоро давлат университети профессори. Бир неча шеърий ва таржима тўпламлари, «Жадид лирикасида мусаммат», «Жадид ғазалиёти», ХХ аср ўзбек адабиётида рубоий ва қитъа», » Шавкат Раҳмон олами» (ҳамкорликда) ва бошқа бир қатор илмий-адабий китоблар муаллифи.
ИЛТИЖО
Туннинг кемасида мағлуб жангчиман,
Сирлар ҳайбатидан айланмас тилим.
Юксак-юксакларда сиёҳ рангида
Улкан намозшомгул ётар очилиб.
Бадбўй муҳитларнинг тинар шовқини,
Ойнинг ноласидан сирқирайдир дил.
Кўзимда юлдузлар рақсидан учқун,
Кундуз қайғулари, чекининг энди.
Бу тунлар фалакдан қуйилмиш, ахир,
Хаёл ва қалб учун, муҳаббат учун
Капалак умрича балки бу ҳурлик.
Минг йиллик ҳасрат-да келар изма-из,
Кундузлар ғажийдир… майлига… ҳар кеч,
Тангрим, қудратингга қолдир юзма-юз!
ХОТИРА
Устоз Б.Саримсоқов хотирасига
Узоқдан қарасам – ҳайиқди кўзим,
Яқиндан қарасам – руҳим эзилди:
Осмон тоқларидан илоҳий сезим
Берди-ю, неларга рўбарў қилди?
Синиқ бир жилмайиш – солар талваса,
Сўз нима? Титрайдир кибор дунёлар.
Эй аҳли маломат, Тангрим суймаса,
Сирларини очмас, бермас савдолар.
Умр нима? Олтмиш ва ёким юз йил –
Мангулик олдида ўлчам ўзгадир.
Сўзнинг либосинда ғайбнинг асрорин
Очган аҳли заҳмат, шараф – сизгадир!
Узоқдан қарайман – мангулик бир боғ,
Яқиндан қарайман – сирлар Сўздадир…
* * *
Боғчалар қорайган. Ёмғирлар тинмас.
Чириган япроқлар босилмиш зилдай.
Қушлар ошёнини этиб кетган тарк.
Бу кеч куз мавсуми чайқалар кўлдай.
Хаёл ўзанида туннинг дарёси
Юпун болаликка элтар оқизиб:
Унутилмиш гулу гиёҳлар иси
Халоскор қайиқдай келарлар сузиб.
Оромнинг қўрғошин қўрғонларида
Синган найларимга оқиб кирсин куй –
Эй фано соқийси, эй фасли адам,
Сирларингни менинг қадаҳимга қуй!
Кечмиш ва келажак келар юзма-юз…
Қайиқлар тилида сўйлар Хазонрез…
АФИФАГА
Ёт бир ўзанларда оқмоқда умрим,
Кипригим кўтарсам, нигоҳим – малол.
Сен нега уйғондинг, минг йиллар бурун
Қалбимнинг тубига кўмилган савол!?
Биз эрмак қиламиз яшамоқликни,
Қон оқмас – томирлар босгандир қурум.
Дунё сиғдирарми сендай покликни,
Дунёнинг тилида сайрамас қумрим!?
Палидлар ҳукм этар нечун бу кунлар,
Эътиқод истасанг – қисматинг сўзлик!?
Қайси саҳроларда тинди қуюнлар,
Нечун Ҳақ деганнинг ҳаққи – ҳақсизлик!?
Бир бийик оҳ ётар кўксим қулфида,
Сен уни чекмоққа яралдинг балки…
* * *
Кет, менинг пойимга боғланган соя,
Кет, орсиз табассум муҳрланган юз,
Кет, фисқу фасодлар туғдиргич доя,
Нечун бунча зулм кўнгилга ҳаргиз!
Муҳаббат майига тутилган коса
Қаттол бир қаҳрга, ахир, тўлмоқда.
Кет, фитна, ҳасаднинг маккор соқийси!
Балки манзилларим яқин келмоқда…
Кетгил… Кўзларимни тўлдирсин олам,
Юлдузлар бўйласин тунги чоғларда.
Осойишта боқай теграмга мен ҳам,
Булбул юрагимни бермай зоғларга.
Балки заифман мен… етмайди қурбим
Дўсту ғанимимни севмоққа бирдек…
31 ДЕКАБРЬ
Шаффоф қадаҳларда кўпирган не у?
Қўлларим, не учун титрайсиз энди?
Ойнада қаҳратон эмас у, гул-ку,
Эртагача ҳали бу тун узундир.
Сўраймиз «Девону луғотит турк»дан,
«Йил», ахир, «йел» эмас, титраманг, эй дил.
«Йил», ахир, шунчаки гувраниб ётган
Пойгадан эзилган шафқатсиз йўлдир.
Кипригим торида титрама, эй ёш –
Кипригим торига осилган дунё…
Дунё, бу не асрор, мени қил огоҳ:
Пойимда – хазонлар ўйнар бепарво,
Ортимда – қирқ йиллик яшин урган боғ,
Кўксимда – мангудай гувлаган дарё…
ФЕВРАЛЬ
Тизгинлаб олсанг-чи отларингни, йил!
Февраль лабларимдан сирғалиб чиқмай.
Бодомзор боғларда махфий тадорик,
Кўллар қудуғидан чиқиб келар най.
Гул иси келодир тонгги тушлардан…
Фол очар ойнаси синиқ жодугар:
«Аёлнинг тушлари хавфдан нишона –
Ўттизга кирмасдан йиқилар Февраль,
Қулайдир Декабрь қуриб кетган тахт,
Шохларнинг юраги ёрилар нохос,
Истило чодирин йиғиштирмас Вақт…»
Бақамти турибдир таваллуд, ўлим…
Мартнинг гулларига чиқавер пешвоз,
Эй видолар учун туғилган дилим…
АГАРДА…
Агарда оламда Сўз бўлмасайди,
Қандай шарҳ этарди дилхун ошиқлар
Севгидан қон бўлган юракларини?
Агарда оламда Сўз бўлмасайди,
Аканг ўлиб кетса ёт ўлкаларда
Совуқдан, таҳқирдан, ҳимоятсизликдан;
Отангнинг қўлига солсалар занжир
Егани-чун меҳнатнинг қаро нонини;
Онанг-да синглингни элтиб сотсайди
Тангримнинг кайфпараст бандаларига;
Дўстинг сени сотиб, қозон қайнатса,
Қандай аён қилар эдинг ҳолингни
Додингни тинглагич остоналарга,
Агарда оламда Сўз бўлмасайди…
ҚОРА НАВО
(«Туғилган кун» драмасидан)
Шоирнинг онаси – изтироб, ахир…
Рауф ПАРФИ
* * *
Куймай десанг, қарама, кўксим –
Бир лаҳзада совуқ урган боғ.
Қарамагин, бошинг устида
Изтиробдан чақилган чақмоқ.
Энди жимман. Сўз айтсам бўлмас,
Қовжирайди бу яшил дунё.
Яратгандан омонлик тила –
Олов оққан дарёман, дарё.
Бири – жаннат, бири – жаҳаннам,
Нигоҳимда қиёмат тикка.
Нелар қилдинг бу йўқсилни, айт,
Айтолмасанг, жавоб бер кўкка.
* * *
Бир лаҳза… Боримни бой бериб қўйдим,
Оёғим остида йўлларим йўқдир.
Гирдобда ўйнайди умиддан бир хас,
Қўл чўзсам – кафтимни куйдирган чўғдир.
Эй дил, умид узма, ўксима, гарчанд
Энди ишқ – кўзингга тортилган милдир.
Ёлғизлик даштида унут бир гулдай
Қайғуларинг билан юзма-юз ўлтир.
Кимсасиз эй дилим, кимга ишондинг?
Сени қутқаргувчи тариқат йўқдир.
Чўмилсанг – олов бор, ичсанг – олов бор,
Кунларинг – бўғзингга қадалган ўқдир.
Кўксимда ол ялов – ерга эгилган,
Энди топар бўлсам, топганим – Сўздир.
Агар бу – имтиҳон; тайёрман ё йўқ,
Вале маҳшаргача омонлик йўқдир.
* * *
Ичим – қудуқ, қани най,
Кўзимни ё най айлай?
Баҳри муҳитни найлай –
Олов ичиндадурман.
* * *
Юрак – синиқ сафолдур,
Ҳар нафасим саволдур,
Бут ўлмоғим маҳолдур,
Малол ичиндадурман.
Дўст қанидур, қани аҳд?
Қайда меҳр, ҳамият?
Қўпдими ё улуғ Вақт? –
Сўров ичиндадурман.
Ишқ деганим – саробдур,
Ободларим – харобдур,
Кўким – хоки туробдур,
Талов ичиндадурман.
Ўнгу сўлим чўғ эрмиш,
Олдим-да Сўз эрмиш,
Ортимда йўл йўқ эрмиш,
Синов ичиндадурман.
* * *
Кўзларимга қарама – денгиз,
Тубларида ҳалокат бордир.
Энди ишқдан сўзлама, ишқнинг
Йўлларида залолат бордир.
Қонларимда уйғонди жунун,
Кўтаргайман йиқилса осмон.
Фақат ишқдан сўзлама, қалбнинг
Қудратини синдирар ёлғон.
Мен сукутни най қилиб чалсам,
Кузга чўмар дунё боғлари.
Тоғдай ўсар ой кўзгусида
Юрагимнинг жимит доғлари.
Кўксимдадир оловранг япроқ,
Ёнмаса бас бир кун жаҳонлар.
Пинҳон ётар, ахир, дилдироқ
Япроқларда буюк тўфонлар.
* * *
Юксакларда мойчечакгулзор,
Кўзгудайин ойдин-оқ кеча.
Юрагимнинг гулбоғларига
Қорлар ёғиб чиқди тонггача.
* * *
На ичимга сиғдим мен бу кеч,
На Тангримнинг дунёларига.
Ой ўрнида ярақлар қилич
Самовотнинг хулёларида.
Кўзгудайин ойдин-оқ кеча
Кўзларимга тиғдай қадалар.
Сукунатнинг ич-ичларида
Кўринади гулдай яралар.
Нечун умр бу тундек узун?
Нечун бахт-да бунчалар сотқин?
Юрагимнинг гавҳарин нечун
Мен йўқотдим?
Нечун йўқотдим?
Энди юрак – ярадор оҳу,
Чопиб борар – кўкрагида ўқ.
Энди уни қутқариб бўлмас,
Вале энди ўлмоқлик ҳам йўқ.
***
Мунисам, Сиз мени билмайсиз,
На исмим, на касбим, манзилим.
Тик қоя устида гулдайсиз –
Бир умр узмоғим мушкилим.
Мунисам, билмайсиз Сиз мени,
Яшайсиз осойиш, тинч, беғам.
Мен эса тирикман ҳар куни
Узоқдан Сизни бир кўришдан.
Мен Сизни кўрдим-у, англадим,
Англадим дунёда борлигим
Ва кўрдим дунёнинг рангларин –
Ҳасратим, севинчим, борлиғим.
Қирмизи уфқлар ҳар кеча
Шаробдай қуйилар кўксимга.
Англадим дунёнинг, воажаб,
Кийгани бунчалар тўзиган!
Теграмда гувиллар тириклик –
Кўкарар, сарғаяр, тўкилар.
* * *
Мен-да бош кўтардим беҳадик,
Мен-да маҳв бўлмоқдан чўчимай.
Ёдимнинг ёдидан ўчгандир
Ҳам исмим, ҳам касбим, манзилим.
Билганим – туғилган куним бир,
Бу – Сизни учратган ўшал кун.
2002 — 2009 йиллар