Нодир Жонузоқ (1976)

ЎЗИМ ҲАҚИМДА

Мен 1976 йилнинг 14 мартида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги “Килдон” фуқаролар йиғинига қарашли Сартюзи қишлоғида туғилганман.
Қишлоғимиз кичкина бўлиб, ўша пайтлари табиий газ, тоза ичимлик суви бормаган, 20-25 чоғли хонадон учта ҳовуз сувидан фойдаланар эди. Ўша ҳовузлардан бири бизнинг ҳовлимиз олдида жойлашган. Ҳали ҳам одамларнинг корига яраб турибди. Ёз кечалари ҳовуз четига ўтирволиб, сувдаги ойнинг акси-ю, юлдузларнинг жимир-жимирини томоша қилиш жуда мароқли эди.
Илк машқларимни 12-13 ёшимда, ўша пайтлари шеърлари “Ғунча”, “Гулхан” каби журналларда чоп этилган тенгдошларимга ҳавас қилиб қоралаганман. Гарчи у битикларни шеър деб бўлмаса-да, оила а]золаримиз – дадам, аям, ука-сингилларим томонидан фавқулодда ҳодиса сифатида қабул қилингани эсимда. Ахир, яқин аждодларимиз, қавм-қариндошлар орасида қофия тизгувчи одам бўлмаган-да! Хуллас, шу-шу, қофиябозлик касалига чалиндим. Сал кейинроқ – қалбга муҳаббат оралагач, битикларимда тафт пайдо бўла бошлади…

Шоир ким? Шеър нима учун ёзилади? Ҳақиқий шеър қандай бўлиши лозим? Бу саволларга ўтган йиллар мобайнида кўп жавоб излаганман. Ҳар гал жавоб топгандай бўламан-у, бироз ўтиб, фикримдан қониқмайман. Ўйлаб қарасам, шеър ёзаман дея, сўзларни кўп увол қилибман – гуноҳидан қўрқаман энди. Ҳарҳолда, шеър ёзиш шунчаки эрмак ҳам, панд-насиҳат ёки тарғибот қуроли ҳам эмас. Ижод – шоирнинг ўзига ҳам бўйсунмайдиган фавқулодда зиддиятли жараён. Бу ҳолат осмону-фалакка ўрлаётган қуюнга ўхшайди: шоирни бир лаҳза юксакка олиб чиқиб, у бехабар бўлган уфқларни кўрсатади.
Бир гал ёндафтаримга ёзиб қўйгандим: “Шоир худди дарахтга ўхшайди. Дарахт карбонат ангидридни ютиб атрофга кислород тарқатгани каби, шоир ҳам одамларнинг дард-аламларини ҳазм қилиб, теваракка ёруғ туйғуларни, орзу-умид бўйларини сочади”. Ҳали ҳам шу фикрдаман.

Шеърларим – безовта юрагимнинг кардиограммаси. Навоий, Машраб каби буюк шоирлари бор халққа ўзингни шоир дея танитиш жуда ҳам ноқулай. Лекин ўзингча бирон нарса қоралагандан кейин уни ўқимасликнинг, чоп этмасликнинг ҳам иложи йўқ. Ҳеч бўлмаганда, биронта шеърим кимгадир маъқул бўлса – бахтиёрман.Сизга ёруғ туйғулар тилаб,
Нодир ЖОНУЗОҚ

ХАТ

Ая,
Аяжоним,
Меҳрибон аям,
Айтинг, юрибсизми
Масрур, саломат?
Ўзингизни асранг,
Мен учун аянг:
Сиз борсиз – мени тарк айламас омад.

Меҳрингиз туяман ҳар бир қаричда,
Олисдан сезаман дуонгиз кучин.
Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.

Ўйланманг,
Тетикман,
Ишим жойида –
Кўксимда орзулар ётибди чақнаб.
Зувалам пишганми ойнинг лойидан,
Гоҳида меҳрга қолсам-да чанқаб –

Оламга муҳаббат пуркагим келар,
Севгига ғарқ бўлсин дейман она ер.
Қалбимни парилар қўлма-қўл элар,
Тунлари ухлолмай ёзарканман шеър.

Тўғри, сиқиламан баъзан,
Нима наф,
Кимга керак, дейман, қуйма байтларим.
Шоирлик мен учун эди-ку шараф
Ёнингизда ўйнаб юрган пайтларим…

Сиздай силамади бошимни ҳаёт,
Қозонда қоврилдим, қайнадим, пишдим.
Ва бугун ўзимга қарасам, ҳайҳот,
Нигоҳим бегона одамга тушди!?

У менга ўзича беради танбеҳ,
Оғамдай турткилаб йўлига солар:
“Болангга ош бўлмас қофия, ташбеҳ,
Нима керак сенга қуруқ ғавғолар?!

Одамдай яшагин,
Яша шўх-хандон,
Ахир, йўқ эмас-ку сенда лаёқат.
Қадрингга етишмас куйсанг-да чандон,
Уй қур,
Машина ол,
Қилгин саёҳат…”

Унга жим боқаман,
Қилмасман таъна,
Уни тушунаман – ўзича ҳақдир.
Лекин нима қилай, аяжон, яна
Мени оловларга йўлласа тақдир?!

Нетай, яшолмасам хотиржам, сокин,
“Қўлингга қалам ол, – деса бир овоз, –
Ҳар бир сўзимизни ёзиб ол, ёки
Биз сендан бутунлай кечажакмиз воз!”

Ая, бу мен учун энг оғир кулфат,
Ая, менга бундан ортиқ ғам йўқдир.
У – менинг руҳимга азалий улфат,
У борки қорним ҳам, қалбим ҳам тўқдир.

Кўзимга кўринмас гоҳида дунё,
Унинг васли билан яшайман сармаст.
У келса – мў‘жиза бўлади бунёд,
У келса – ҳар қандай оғриқ писандмас.

Биламан,
Сиз учун сўзларим чигал,
Беҳуда ўйинга ўхшайди балки.
Гўёки кирволиб ғилоф ичига,
“Коинот – шу”, дея этяпман талқин.

Бироқ маслагим шу,
Тетикман, ая,
қўлимдан тутгандай Хизрнинг ўзи.
Дамба-дам тўсиқлар, ғовлар чиқсаям,
Манзилга етамиз ёвлардан ўзиб.

Меҳрингиз туяман ҳар бир қаричда,
Олисдан сезаман дуонгиз кучин.
Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.

Қалбимдай чечакка тўлганда қишлоқ,
Қонимдай гупирса лойқа ариқлар –
Мен кириб бораман тойчоқдай кишнаб,
Тўзғиб кетар барча алам, оғриқлар.

Унгача чиданг Сиз,
Чарчаманг, ая,
Масрур бўлинг доим,
Бўлинг саломат.
Ўзингизни асранг,
Мен учун аянг:
Сиз борсиз – мени тарк айламас омад…
2007

ҚИШЛОҚ

Барибир қайтаман…
Олифта шаҳар –
ялтироқ йўллару сунъий гузарлар
илону чаёндай чирмашиб чақар…
Дод солиб қолса-да дардсиз гўзаллар –
барибир қайтаман,
қайтмасам бўлмас;
қайтаман энг тоза шеърларим билан.
Қишлоқ пешвоз чиқар,
чиқар басма-бас –
мен суйган қизлар ҳам…
…эрлари билан!
1997

* * *

Ўлаяпман – ранжиманг тағин,
Қололмайман бу ерда собит.
Атиргулнинг шохчаларидан
Ясаганман ўзимга тобут.

Жар солади мушфиқим – сабо,
Чорлайверар дўсту ғанимни.
Меҳмон бўлган Азроил бобо
Шабнам билан ювар танимни.

Ҳаётимни муқаддас билиб,
Урфу-русум қилурлар ул-бул.
Шеърларимни тиловат қилиб,
Жанозамни ўқийди булбул.

Япроқчалар солади уввос,
Ўксимасин майсалар нега?!
Кўмиламан энг тоза, энг соз,
Энг чиройли гулнинг тагига.

Кўм-кўк рангга киради жониб,
Чайқалади зил-замбил ҳислар.
Юрагимни алвондай ёпиб,
Тобутимни кўтарар қизлар!
1995

* * *

Биродарлар,
Маҳаллангизда
Бир аёл бор –
Бефарзанд аёл.
Кўп кўзикмас… ийманар сиздан,
Оғриқлари ўзига аён.

Манглайига сингиб кетган туз
Кечалари милт-милт эрийди.
Эри яхши кўради… афсус…
У ҳам яхши кўрар эрини.

Бир-биридан яширар тушин,
Яшайдилар бир-бирин асраб.
Тушунади ҳатто говмуши,
Берар эккан оққина ҳасрат.

Бир мискин у… ҳаётнинг барча
Даъвосига жимгина кўнган.
Бир мискин у… бевафоларча
Келажаги ўтмишга дўнган.

Биродарлар,
Ҳақ ҳукми етиб,
Қабоғлари ёпилар куни –
Мозорига бешикда элтиб,
Алла айтиб кўминглар уни!..
1997

***

Нафасингиз – энг хушбўй атир,
Оразингиз истамас ғоза.
Эрон қизи – Шаҳина надир,
Гулгунроқсиз ундан, Шаҳноза.

Кўзингизда мавж уради Бахт,
Сиз енгилсиз, лекин чўкасиз.
Сал жилмайсам – куласиз қаҳ-қаҳ,
Сал инжилсам – кўзёш тўкасиз.

«Мени шунча суясизми?!» – деб
Расмингиздан ҳар кеч сўрадим.
«Уялтирманг одамни ҳадеб» –
Қизарди у…
Менинг суратим

Сизга нени қилар ҳикоя?
Билмайди-ку ичкин ғайбимни –
Сурат сийрат эмас-да, шояд
Кўпиртирмагандир айбимни…

Мен ҳақимда майда гаплар кўп:
Қанча нозик қўлчани ўпган…
Сиз ишонманг! Ҳаммаси кўпик,
Кўнглим аён эмас-ку кўпга.

Биласиз-ку касбу коримни,
Севги дея не кўйга тушдим.
Унутдимми йигит оримни?!
Гарчи букун ҳаммаси тушдир…

Сиз эртакдан чиқиб келдингиз,
Этагингиз ўпар ҳурлар ҳам.
Қошингизда – иккита денгиз,
Ҳар томчиси жонимга малҳам.

Ёш тўкасиз – инжилсам агар,
Сал жилмайсам – қаҳ-қаҳ куласиз.
Эй, руҳимни куйдирган ахгар,
Қачон менга ҳамдам бўласиз?

Чайқаламан тиғдай расанда,
Танҳоман-ку, келинг – тоқсиз Сиз.
Мен Есенин бўлолмасам-да,
Шаҳинадан сулувроқсиз сиз!
1998

* * *

Май тугади. Қишлоқда
Бошланди ғалла ўрим.
Укамлар ишламоқда,
Мен бормайман, мен – пўрим.

Шаҳардаман. ўзимга
Ўзим хонман, ўзим бек.
Гўё ҳамма кўзимга
Боқар таъна қилгандек.

«Арпангни хом ўрдимми?!
Тошингни тер…» – куяман.
Юмшоққина ўрнимни
Панароққа қўяман.

Ёзиш мумкин энди шеър,
Деҳқонга шеър битиш шарт:
«Ука, жавлон уравер,
Топилмайди сендай мард.

Кўзингга тер қуйилсин,
Нафасинг – иссиқ буғдай.
Хирмон-хирмон уйилсин –
Ватанга керак буғдой.

Халқ оч қолмас сен бўлсанг,
Соя топар ўтда ҳам.
Тамом бўлар сен сўлсанг,
Мендай қанча муттаҳам.

Демак, олов фаслида
Қўлдан тушмасин ўроқ.
У ўроқмас аслида –
Менга йўналган сўроқ – ?

«Қайтмайсанми?» – «Билмайман,
Шаҳар қилди дабдала.
Тунда Ойга йиғлайман,
Юрагим – яйдоқ дала.

Нафрат мўл-у меҳр оз,
Қарашлар бир қолипда.
Гўзал ҳисларим – танноз,
Фикрларим – олифта.

Суянчиқ йўқ, устун йўқ –
ҳар одимда битта жар.
Худо бор-ку! Кўнглим тўқ…
Не деяпти одамлар?

Ким айтди?! Йиқиляпман!?
Ёлғон. Орзу-ўйим – оқ.
Фақат… шу… сиқиляпман…
Жонга тегди бўйинбоғ!»
1999

ҚАРИҚИЗ

Осуда, тинч йўлдан ҳам юрак ютиб ўтар жим,
Топилмайди оламда юрагига мутаржим,
Ким билсин, балки у ҳам шаҳзодасин кутар жим,
Ахир, ўз бахтин кутиб яшайди-ку бари қиз,
Синглисини узатиб, ўзи қолган қариқиз.

Болаликка йўлак йўқ. Олдга ҳам. Бир жойда лол,
Ҳалинчакка осилиб ўз-ўзича очар фол:
Балки бугун ё эрта ёки индин, эҳтимол…
Фоли ўзгага тўғри – ўзига тескари қиз,
Қўшни уйда кул бўлиб ёр-ёр айтар қариқиз.

Чеҳраси доғли дея ҳавас қилади Ойга,
Сочининг бир толаси зарбидан синар ойна.
Тушин айтмайди ҳатто тушунмайди деб сойга,
Кўнглининг гирдобидан қўрқар, тубсиз қаъри, қиз,
Хаёлида балиқлар билан сузган қариқиз.

Борми унга дугона, борми дардин сўровчи?
Борми унинг зорига етадиган зўр овчи?
Бу эшикни ҳар кимса қоқар – кўринмас совчи,
Остона ҳатлаб энди чиқмас ўзи нари қиз,
Сояси – ўзи, соя бўлиб қолган қариқиз.

Ҳалқа-ҳалқа мунг сочар қароқлари ҳавога,
«Кимнинг қобирғасиман?» – бўзлар Момо Ҳаввога,
У ҳам гул-ку – бир куни очилишга даъвогар,
Очилса, ҳовлисини жаннат қилар пари қиз,
Япроқлари остида ифор тўла қариқиз.

Она – тинсиз: кексарган юрагин тимсоҳ ғажир,
Ота – тилсиз: қариган манглайи ғиж-ғиж ажин,
Ё, Худоё, сен бу уч қулингга ўзинг ачин,
Кетаяпти кун сайин, ой сайин Сен сари… қиз,
Кўзларидан тўкилиб дуолари – қариқиз…

Кўксимга ханжар санчдим-қондай чиқди бу шеърим
Ўттиз уч йил тўлғонган жондай чиқди бу шеърим,
Рости, ўзим билмайман, қандай чиқди бу шеърим..
Кўзёшингдай самода омонат Ер шари, қиз,
Тўкма, йўқса, йўқликка йўл оламиз, қариқиз!..
1999

ЎЙИН

Бу қиз билан ҳар куни
Ўйнардик бекинмачоқ.
Дарров топардим уни
Деворга бекинган чоқ.

Қўл ушлашиб адирга
Чопар эдик ҳаккалаб.
Қайтардик кейин бирга,
Қўймас эдим яккалаб.

Ишонмасдан, кўзимни
Кафти билан ёпарди.
Бекинарди. Мен уни
Осонгина топардим.

Капалакдай беқарор,
Оҳудай эди қочоқ.
Кейин билсам, аслида
Бу дунё – бекинмачоқ.

Бир кун огоҳ қилмасдан
Бир бурчакка чекинди.
Ўзи билиб-билмасдан
Чимилдиққа бекинди.

Овоз бердим: «Бўлди, чиқ,
Қанисан?..» – тинглар эди.
Лекин негадир пиқ-пиқ
Чиқмасдан йиғлар эди.

Кирай десам ёнига,
Тўсиқ бўлди янгалар.
Игна санчиб жонимга,
Дил дардимни янгилар.

Ташқаридан сўз қотдим:
«Ҳаммаси ўйин эди,
Кўз юмдиму – йўқотдим,
Буёғи тўйинг энди…»

Шундан бери ҳар куни
Ярамга тегинаман.
Узоқдан кўриб уни,
Шу заҳот бекинаман.

Эргашолмас изимдан,
Ортимдан чополмайди.
Кўриб турару зимдан,
Ҳеч қачон тополмайди…
2002


ЧИРОЙЛИСИЗ…

Чиройлисиз. Гўзалсиз. Мағрур.
Ташлайсиз гоҳ кўз қирингизни.
Талпинади юрак қурмағур,
Билсам дейди дил сирингизни.

Аммо сира бузмайсиз пинак,
Хотиржамсиз. Сокинсиз. Сипо.
Гўё йўқ сиз етмаган тилак,
Гўё сизда дунё бахти жо.

Ҳолбуки ҳар лаҳза бетиним
Қалбингизда отилар вулқон.
Гарчи қушдай юрсангиз-да жим,
Қонингизда ухлайди тўфон.

Бепарвосиз. Вазмин. Осуда.
Оққуш каби қиласиз пардоз.
Гўё беўй, беғамсиз жуда,
Гўё иссиқ ҳисларингиз оз.

Адашдимми ё кўнгил бериб?
Ўйлайверсам – юрагим оғрир.
Пойингизга тўкилдим эриб…
Чиройлисиз. Гўзалсиз. Мағрур.
2006