Насрулло (Эргаш Раҳматилла ўғли) – 1988 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Шеър ва мақолалари марказий матбуот саҳифалари ҳамда бир қанча баёзларда чоп этилган.
* * *
Шир-шир ёғар шип-ширин ёмғир,
шир-шир… учар лабингдан сўзлар.
Шир-шир ёғар шип-ширин ёмғир,
ёмғирларга тўлади кўзлар.
Шир-шир ёғар шип-ширин ёмғир,
ҳеч тинмайди осмоннинг куйи.
Сен-чи, хаёл сурасан оғир
юрагимга бошингни қўйиб.
Шир-шир ёғар шип-ширин ёмғир,
ёмғир сувин аста ичамиз.
Ёмғир эмас, бу ахир – чоғир,
кейин бу дунёдан кечамиз.
Шир-шир ёғар шип-ширин ёмғир
осмон ерга талпинган мисол.
Ёмғирларга айландик охир
қурмоқ учун лаҳзалик висол.
Шир-шир ёғар шип-ширин ёмғир…
ОҒУШ
Оппоқ булутларга бурканар бошим –
сен билан мўъжиза юз берган онлар.
Уйғотиб юборар мудроқ қуёшни
атиргул ифорли митти эҳромлар.
Хушбўй ҳаволардан бошим айланиб,
булутлар бағрига қулайман беҳуш.
Кейин учмоққами қолар шайланиб
кўксингда жим ётган иккита оққуш.
* * *
Мен борлик ва йўқлик орасидаги саргардон йўловчи –
излайман борликдан йўқликни,
йўқликдан борликни.
Сиз менинг борлигим ва йўқлигимсиз.
Аслида, мен бор эдим,
сиз ҳам бор эдингиз.
Кейин бир-биримизни қўйдик йўқотиб –
излашга маҳкум этилдик бир-биримизни.
Шундан буён қанча вақт ўтди?!
Бутун инсоният умрига тенг
бизнинг айрилиқ.
Ўшандан буён
кўкрагим остидаги яримта суягим оғрийди.
Кипригимни соғинч най қилиб чалса,
эшитилар сизнинг исмингиз.
Чунки Тангри бир ҳикмат учун
йўқлигимга яширди сизни,
пешонамга нотаниш хат билан битди исмингиз.
Демак,
сиз ҳам излаяпсиз мени, шубҳасиз,
ёки кутяпсиз.
Кутманг,
овоз беринг!
Қайдасиз?
Йўқса…
излагани кетаман
йўқликдан сизни.
* * *
Бошимда шафақдан ёқилган гулхан,
оёғим остида тубсиз бир жарлик.
Сенинг юрагингга ташлайман қадам,
эй буюк муҳаббат – энг буюк зорлик.
Эҳтимол, изларман сени бир умр
ва ёки топганман аллақачонлар.
Лабинг мен узмаган энг гўзал гулдир,
қара, нафасларинг мени ачомлар.
Ширин хаёлларга кўмарсан мени,
оппоқ орзуларга мени кўмарсан.
Бир куни йўқотиб қўярсан мени,
эҳтимол, кечикиб мени суярсан.
Ўшанда йиғлатиб кетарман сени!..
* * *
Мен жуда чарчадим, чанқадим ғоят –
бир жом оғусираб, бир жом майсираб.
Кўзимдан оқ шароб суздим, ниҳоят,
тонггача сипқордим бахтингни тилаб.
Лабларим чанқади – лабинг гуноҳи;
висолга тўймадим, ҳижронга тўйдим.
Шодлик пиёласин синдирди соқий,
сабрим косасига исмингни қуйдим.
Исминг ҳарфлари балиқ мисоли
хотирам қаъридан чиқдилар сузиб.
Сен – мени соғиниб тўлган ҳилолим,
абадий баҳорим, ёзим ва кузим.
Яна кўзларимга тўлди милён куз,
мен уни шаробдай сипқориб ичдим.
Йўлимга интизор бўлди қанча қиз,
ишон, барчасидан сен учун кечдим.
Фақат кўзларингдан кеча олмадим,
мени муҳаббатинг эзди муттасил.
Севгимни шаробдай ича олмадим,
юрагим тубига чўкди қуйқаси.
Қуйқалар армондай чўкар қатма-қат,
ғуссалар чўкади кўзёшга тўлиб.
Севгилим, мен учун йиғлама, фақат
кўзларим кўзингда яшасин кулиб!
Мен эса чарчадим, чанқадим ғоят –
ҳар лаҳза лабларинг тафтини туйиб.
Менга шароб эмас, исминг кифоя,
исмингни шаробдай ичаман қуйиб…
* * *
Юзларинг шафаққа чайиб олинган,
кўзингга йиқилган ям-яшил юлдуз,
кўнглингга самовий меҳр солинган,
одамзор қўйнида адашган, эй қиз!
Қошларинг тортилган мисли камондай,
кўксимга ўқ бўлиб киприк қадалур.
Кетайлик иккимиз келган томонга,
самога кетайлик, майли, юр!
Энди она замин бизники эмас,
бизники эмасдир гуллаган қорлар,
кел, қайтиб кетамиз баҳор сингари!
Бизлар ер бағрида адашган кема,
қара, ўзга соҳил бағрига чорлар,
чорлар кўккўзларинг мовий ватани…
* * *
Осмонга осаман ўзимни –
кўзларинг гар осмон бўлмаса.
Шамолга сочаман сўзимни –
сочларинг гар шамол бўлмаса.
Оловга отаман кўзимни –
лабларинг гар олов бўлмаса.
Ёмғирга босаман юзимни –
кўзёшинг гар ёмғир бўлмаса.
Осмон бўлиб қучиб ол мени,
замин бўлиб ётай бағрингда.
Шамол бўлиб, кириб ол, майли,
осмондай очилган бағримга.
Лабингдан чўғ тушиб, сочларинг ёнсин,
қўлларимни қалай гулханга.
Иккимиздан аланга қолсин,
иккимиздан қолсин
аланга!..
* * *
Тикилиб ўтираман.
Ёлғизлик – қаршимга қўйилган кўзгу.
Кўзгунинг ортидан жилмайиб боқар
тийрон кўзларинг.
Ёлғизлик кўзгусин синдириб чил-чил
кўзларингга чўкар қиёфам…
* * *
Қўлингга қалбимни қўйиб йиғладим
қўлларинг тафтидан кул бўлди қалбим
қўлингни қалбимга қўйиб йиғладинг
кафтингдан сув ичиб гул бўлди қалбим
қўлингга қалбимни қўйиб йиғладим
қалбимдан ўт тушиб қўлларинг ёнди
қўлингни қалбимга қўйиб йиғладинг
умринг чизиғида умрим уйғонди
қалбимга қўлингни қўйиб йиғладинг
юрак уришларим зарбга айланди
қўлимни қалбингга қўйиб йиғладим
қўлим сени қучиб қалбга айланди.
* * *
Сиёҳранг самога сочилди севги
сенинг гулдан майин сепкилларингдай.
Қадам товушлари келмоқда – сенми –
қобирғам остига билдирмай кирган?!
Қобирғам остидан келмоқда бир сас,
соғиниб чалмоқда киприкларим най.
Сен менинг бағримдан кетмай тур бирпас,
истасанг, майлига, мангуга кетма!
Мангуга қўшиқлар айтамиз бирга,
ширин куй таралар дунёдан қадим.
Кўзларинг – юрагим қамалган кема,
бағринг – бу дунёдан топган жаннатим.
Самонинг бағрига сочилди севги,
кўзёшим самога кетди сочилиб.
Бу кеч ҳам билдирмай ёнимга келгин,
чимилдиқ қиламиз туннинг сочини!..