Музаффар Аҳмад (1956)

Музаффар Аҳмад 1956 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини (ҳозирги ТДПУ) тамомлаган. Унинг бир қатор шеърий китоб­лари чоп этилган. “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

ЭШИК

Хонамга кираман ҳатлаб остона,
Очилиб кетади орқада эшик.
Ёпаман, очилар яна ва яна,
Ушлолмас на қулфу на ошиқ-маъшуқ.

Эшик орқасида гўё кимдир бор,
Нафаси келмоқда, ҳозир киради.
Аммо, у негадир бош суқмас зинҳор,
Балки, мендан таклиф кутиб туради.

Юракда бир ҳадик тинчлик бермайди,
Етар, таъқиб қилма изимдан, ахир.
Кимсан, сен, дўстмисан, душманми, майли,
Ижозат бераман, ичкарига кир?

Соғиндим, кўзларим ёшини тўкди,
Бегуноҳ гўдаклик қайтмагай сира.
Ё эшикка келган… қалбим энтикди,
Бу сенми, болалик? Сенми, хотира?

Эсимда, фалакни юрардим кўзлаб,
Жуда мағрур эдим, жуда шафқатсиз.
Энди-чи? Саломга келдингми излаб,
Эй сен, илк муҳаббат – йиғлаб қолган қиз?..

…Қарсиллатиб ёпдим. Чиқди кўп жаҳлим,
Тавба, эшик тағин очилди шу он.
У ҳамон ҳаяллар, юракда ваҳим,
Дўстлар, бу ким ўзи? Бу нечук меҳмон?

Мен-ку, бу ҳаётда бир инсон мисол
Яшадим гоҳо чин, гоҳ ёлғон сўзлаб.
Эшик орқасида турар, эҳтимол,
Менинг ёлғонимдан завол кўрган қалб?

Минг фойда йўлида сарф айлаб кучим,
Кимга берган бўлсам бир фириб, озор.
Мендай бадкирдордан ўч олмоқ учун
Келиб турганмикан бирор қасоскор?

“Бажараман! Ишон! Хўп! Муҳайё!” деб,
Кимга ваъда берган бўлсам мен агар.
Ўша ваъдаларга қани вафо деб,
Ташриф буюрдими қай бир даъвогар?

Гар хиёнат қилиб имон, виждонга,
Бўлган бўлсам ҳаром-харишга мойил,
Энди яшаш ҳайф деб, сендай инсонга,
Уйга кирмоқчими ёки Азроил?..

Дўстим, булар бари шунчаки бир гап,
Хаёл эканлиги ҳаммага аён.
Лекин, кўкрагимда дук-дук, дук-дуклаб
Эшик қоқаётир ғалати меҳмон.

Бўсаға олдида баъзи бир онлар
Қуршарми сени ҳам шу ўй, тафаккур?
Ростдан бориб қолса шундай меҳмонлар
Қандай кутиб олажаксан, ўйлаб кўр?

ҒИЖЖАК

Деворда осиғлиқ турибди ғижжак –
Отамнинг умрлик йўлдоши.
Деворда осиғлиқ турибди ғижжак –
Онамнинг севимли сирдоши.

Қайда ул азиз қўл, ул меҳрибон қўл,
Қайда ул сеҳргар – жавоб бер, ахир?!
Минг кун ўтди, балки, ўтгандир минг йил,
Ғижжак чалинмасдан турибди сағир.

Камон қиллари ҳам ташлаётир тоб,
Кун-кундан тўлиқар куйлашга зор соз.
Қайда, сукут?
Қайда, сукут?
Йўқ жавоб!
Ғижжак ўз-ўзидан чиқарар овоз!

Онам мудрар экан совуқ тўшакда
Ногоҳ, беихтиёр уйғониб кетар.
Ғаройиб мусиқа! Тун ярим чоғда
Ғижжак нола этар, нолалар этар!

“Мени ҳам ўзингни қийнама, жоним,
Оҳ урсам, сендан-да, ўтажак нолам.
У кетди, келмайди!” Девордан олиб,
Сирдошин қучоқлаб юпатар онам.

ЙИРТИЛГАН СУРАТ

Бугун йўлда
Йиртиқ бир сурат кўрдим:
Йигитнинг кўзлари…
Қизнинг кўзлари…
Йиртиқ сурат узра
Маъюс, лол турдим.
Шамол бўзлади:
Ваъда-вафоларни
Пойимга сочиб,
Сўкиниб, қарғаниб,
Оҳ уриб, қочиб,
Қай томонга кетди
Бугун ўзлари?..
Чинор бош чайқарди,
Шамол бўзларди,
Ул кўзларни
Хазон ичра гизларди…

МАҲАТМА ГАНДИ

Истайман: уйимнинг деразалари
Доим очиқ турсин, ланг очиқ турсин.
Хонамда ўйнасин қуёш зарлари,
Етмиш юрт – иқлимдан шамоллар юрсин.
Хушбўй шабадалар, латиф шамоллар,
Турфа, тоза, эрка, афиф шамоллар…

Истайман: уйимнинг деразалари
Доим очиқ турсин, ланг очиқ турсин.
Дунё шамоллари, шабадалари
Қўл ушлашиб юрсин, эшилиб юрсин.
Оромбахш шамоллар, шўх шабадалар,
Муаттарликда тенгги йўқ шабадалар…

Уйимни тўлдирсин бари бемалол,
Руҳим юксалтирсин бағрига олиб…
…Йўқ, мен истамайман: бирон-бир шамол
Мени йиқитмасин оёқдан чалиб…

* * *

– Севаман! – деб кулди кўкда ой,
– Севаман! – деб чайқалди терак.
– Севаман! – деб шовқин солди сой,
– Севаман! – деб титради юрак.

Сўнг… ҳаммаси алвидо айтди,
Ой, терак ва сой айтди видо.
Видо – ханжар. Юракка ботди,
Бўйсунмади бу ўжар аммо.

Ой яшринди. Йиқилди терак.
Мана, сой ҳам оқар йироқда.
Фақат юрак, бу шўрлик юрак
Ҳамон ўша-ўша – титроқда!