Мукаррама Муродова (1947-2005)

Мукаррама Муродова 1947 йилда туғилган. Андижон давлат педагогика институтининг (ҳозирги АДУ) ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. “Сени куйлайман”, “Ёруғ кун”, “Баҳор” каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Шоира 2005 йилда вафот этган.

ҚОҚИГУЛЛАР

Ёр тарафга элтар йўллар –
Банд айлабди қоқигуллар.

Қайсидир бир доно демиш:
“Сариқ гуллар – ҳижрон эмиш”.

Сариқ гуллар гилам-гилам,
Гул рангидан йўқдир гинам.

Қоқигулни эккан кимдир
Қиш, баҳору боғбон жимдир.

Баҳор гули гилам-гилам,
Эҳ, сен ёшлик! Мард қизгина!

Ёр тарафга элтар йўллар –
Эгаллабди қоқигуллар.

* * *

Мен ўйлардим, дуч келсак агар
Ўзлигимни йўқотгум тамом.
Пешонамдан тер чиқиб ғар-ғар,
Қўл-оёқда қолмайди дармон.

Ўйлардимки, ўшал ҳисларим
Ғуруримни кетгуси топтаб.
Тўлқинланиб, тинган кўзларим –
Боқармикан ҳолингни сўраб?

Ўйлардиму қўрқиб юрардим,
Биз дуч келдик, тамом ўзга фол.
Бу не бахтки, бу не толеки,
Сенда кечди, менда кутган ҳол?

* * *

Узоқларни қўмсайди қалбим,
Узоқларга қўнсайди қалбим.
Ёнгинангда ёниб юргандан
Узоқларда сўнсайди қалбим.
Бўйларингни кўрмасам қани,
Тўйларингни кўрмасам қани.
Тонг маҳали ишга ўтарда
Уйларингни кўрмасам қани.
Узоқларни қўмсайди қалбим,
Узоқларда сўнсайди қалбим.

* * *

Эшигим ортида кезади шарпа,
Чироқни ўчириб, қулоқ тутаман.
Ўзимни бир лаҳза, о, унутаман,
Эшигим ортида кезади шарпа.

Иқболим турибди, ана, қаршимда,
Чиқмоққа шошаман мен унга пешвоз.
Қоронғи уй ичра қиламан пардоз,
Иқболим турибди, ана, қаршимда.

Эшик тутқичида титрар қўлларим,
Бошимда бир нарса портлайди шу тоб,
Юрагим виждонга беролмай жавоб,
Эшик тутқичидан олдим қўлларим.

ЧОРЛАШ

Майлига, нима деб ўйласанг, ўйла,
Майлига, не келса кўнглига унинг.
Барибир ўтарман мен сени ўйлаб,
Йилда бир олисдан кўриниб қўйгин.

Илтижо қилмасман чорлаб ёнимга,
Дуч келсанг, ўтарман кўз қирин ташлаб.
Тан олдим, ортиқ бахт йўқ имконимда –
Кўриб, бир хўрсиниб олишдан бошқа.

* * *

Қуюлтиргил, ҳаво туманни,
Кўрсатмай тур қуёшни бир бор.
Ногоҳ, қайғу қуршади мени,
Ёшимни ул кўрмасин зинҳор

Чарақлашдан чарақла, осмон,
Қуёш, юлдуз пориллаб турсин.
Кўзимда нур, кулгилар – шодмон,
Шодлигимни ул кўриб қўйсин.

* * *

Бошини ёстиққа олиб қўяй деб,
Уйғонсам,
Қизим –
Ғунчадек қимтиниб, тугуниб ётар.
Ой уни имларди ойнага келиб,
Сочига юлдузлар қадар эди зар.

Юракдан юзига тушган учқунлар
Оралаб ёйилди ҳайрат қушларим.
Бу қандай баҳорий тошқин, кўчкинлар,
Тун, менга аён эт қизим тушларин?

* * *

Биз кечирган юлдузсиз тунлар
Туташтирди йўлларимизни.
Ҳамроҳига зор ёлғиз унлар
Бирлаштирди қўлларимизни.

Ва уйғониб ғафлатдан, бирдан
Таниб қолди юракни юрак.
Бу кунларга бўлиб ёдгорлик
Эртанги ҳур кунлар қолажак.

* * *

Қайтма, қайтма,
Қайтма, тўлқин,
Яна битта журъат қил!
Сен – денгизнинг истиқболи,
Юкдан туғилган ўғил.

Қайтма, қайтма,
Қайтма, тўлқин.
Шиддат отин қамчила.
Тош соҳиллар нурар, албат,
Турсанг доим қайчилаб.

Қайтма, тўлқин,
Тўлқин, қайтма!..

* * *

Мен ҳақимда ўйлар эмишсан,
Дўстларингга сўйлар эмишсан.

У ҳам мени ўйлармикан, деб
Олислардан бўйлар эмишсан.

Ёнингдамиш менинг суратим,
Ёдингдамиш менинг суратим.

Аввалида суйсанг ҳам мени,
Айтмабсанмиш пинҳон ёниб жим.

Яна мени ўйлар эмишсан,
Ёниб, ёниб куйлар эмишсан.

Ҳануз мени ўйлармикан, деб
Олислардан бўйлар эмишсан.