Муҳаммад Умар (1965)

Муҳаммад Умар 1965 йили Бешариқ туманида туғилган. Низомий номидаги педагогика университетини тамомлаган. “Муҳаббатим эртагим”, “Нигорим”, “Шабнам”, “Эй, ишқ” номли шеърий тўпламлари чоп этилган. Айни пайтда мазкур университетда талабаларга таълим бермоқда.

УСТОЗГА

Ўз-ўзига ширин экан инсон жони,
Гоҳ сомондин арзон экан буғдой дони.
Ўз касбига жонин фидо қилмаса ким,
Бўлармикин ҳалол топган ошу нони.

Устозларга минг бор қуллуқ, минг эҳтиром,
Бани башар борки айлар иззат-икром.
Инсонлар бор экан сиздек олам аро,
Қуёш кулиб чиқар ҳар тонг бериб салом.

Меҳрингиздан гулгун яшнар кексаю ёш,
Гул тутгаймиз, Сизни гулга айлаб қиёс.
Не ажабки, олар бўлса гул андоза,
Шак-шубҳасиз сиздан олар эди Устоз!

ЮРТ МАДҲИ

Гўзал юртга ярашар,
Тўй-тантана, виқорлар.
Гўзал юртда яшагай,
Бахтиёр, бахти борлар.

Шу юртда униб-ўсдим,
Шудир бахтимнинг бори.
Тўрт тарафга қарасам —
Кетар дилдан ғуборлар.

Дилимга солган оташ
Тароватинг ўзгача.
Тўрт тараф боғу бўстон,
Тўрт тарафда гулзорлар.

Юртсевар эрка элим,
Қутлуғ бўлсин тўйларинг.
Мадҳингни куйлаб келдим,
Айтиб қўшиқ, алёрлар.

Ҳақ назар этмаса эл,
Шунчалар яшнармиди?
Истиқлол халқимизни
Айлади бахтиёрлар.

Ҳар гўшада тўй, базм,
Бахтли ёшлар овози,
Тарк этмасин юртимни
“Омон ёр” лар, “Ёр-ёр”лар.

КЎЗЛАРИНГ

Кўзларинг кўзимга рўшнолиғ этмас,
Ё кўнглинг кўнглимга ошнолиғ этмас,
Ҳолимни сўргали келмайди ҳолинг.

Жонимни жонингга пайваста қилдим,
Қалбимни ишқингда гулдаста қилдим,
Гулимга ранг берар лабдаги олинг.

Лабингга маҳлиё қараб қолдим мен,
Куйингда минг куйга ўзни солдим мен,
Ўртагай дилимни лабдаги болинг.

Юрибман ўзимдан бегона бўлиб,
Васлингга етолмай паймона тўлиб,
Шунчалар гўзалки сенинг хаёлинг.

Ой чиқса сеники, кун ҳам сеники,
Бўғзимдан чиққан оҳ, ун ҳам сеники,
Жонга жон бахш этар ҳатто малолинг.

Эй гулим, сендан шу ёлғиз ўтинчим,
Тунлари тушимда бузмагин тинчим,
Ё насиб этмагай тушда висолинг.

Ошиғи зорингга шарофатинг йўқ,
Муҳаммад Умарга шафоатинг йўқ,
Ҳатто мен томонга эсмас шамолинг.