Муҳаммад Малик (1937)

1937 йилда Самарқанд вилоятининг Пастарғом туманида туғилган. Самарқанд Давлат университетини тамомлаган. Ҳозирда Тошкент Молия институти қошидаги Молия академик лицейи ўқитувчиси. Физика – математика фанлари номзоди.


СОҒИНЧ

Қайтиб келсанг эди менинг ёшлигим,
Муҳаббат ўтида қайта ёнардим.
Сенинг боғларингдан гул узиб масрур,
Дайди шамолларга сўйлардим дардим.

Қайтиб келсанг эди менинг ёшлигим,
Беғубор кунларим, оппоқ тонгларим.
Йиллар панасида қолган болалик,
Билмам, қай бекатда сени йўқотдим.

Қайтиб келсанг эди менинг ёшлигим,
Олис юлдузларга айланган бахтим.
Йиллар тўфонида сен қайга кетдинг,
Сени бу умримдан юлиб олган ким?

Қайтиб келсанг эди менинг ёшлигим,
Сенинг боғларингдан куйлаб ўтардим.
Жамолинг шайдоси бўлиб бир умр,
Шаънингга туганмас шеърлар битардим.

Қайтиб келсанг эди менинг ёшлигим…

ҲАМНАФАС БЎЛ

Инсон умри дарё каби оқиб ўтар – бирнафас,
Бу дунёнинг эшигини қоқиб ўтар – бирнафас.
Агар тўлса паймона, кутиб турмас огоҳ бўл,
Кел муҳаббат, кетма мендан, ҳамнафас бўл бирнафас.

Сарвинозим кел ёнима, ҳижронлар қолсин абас,
Ишқинг бўлса агар сароб, дунё менга бир қафас.
Кел кўксингга бошим қўйиб, берай жон, қилгил ҳавас,
Кел муҳаббат, кетма мендан, ҳамнафас бўл бирнафас.

Кўзларимни қамаштирар эгнингда қизил атлас,
Бир қарашда ақлим олган қирмизи лабинг гилос,
Киприкларинг найзамисол, жон олур кўзинг чарос,
Кел муҳаббат, кетма мендан, ҳамнафас бўл бирнафас.

Ишқимизнинг саҳросида ташна қалб сенга гадо,
Ўт қалаб ёқдинг танимни, бу умр бўлди адо,
Кабоб бўлган бағримдан келар бир мунгли садо:
Кел муҳаббат, кетма мендан, ҳамнафас бўл бирнафас.


ОНАМГА

Бу оламда тенги йўқ зотсан,
Сен биландир олам нурафшон.
Токи сенинг сиймоинг дилда,
Қалбим тоғдек, кўксимдир осмон.

Бу умрингга кўзмунчоқ бўлай,
Мадҳинг куйлай токи танда жон.
Йўлларингда бўлай шамчироқ,
Фақат кетма биздан, онажон.

Ўзинг бердинг англамоқ бахтин,
Ўгитларинг қалбимда ҳар дам.
Сендан топдим ватан қадрини,
Сенинг билан мукаммал олам.

Бугун яна кўзларимда ёш,
Сени эслаб қалбимда ҳижрон.
То тирикман сенинг сиймоинг,
Кўзларимда яшар онажон!