Миразиз Аъзам 1936 йил 29 мартда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. ТошДУни тамомлаган (1958). «Севаман» (1977), «Туйғулар» (1980), «Сабот» (1983), «Ҳақиқатнинг кўзлари» (1988), «Сайланма» (2007) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Болалар учун ҳам бир қанча асарлар ёзган («Ақлли болалар», 1969; «Сенга нима бўлди», 1970; «Ғалати туш», 1972; «Ер айланади», 1973; «Ерга довруғ соламиз», 1976; «Бир чўнтак ёнғоқ», 1990; «Қирқ болага қирқ савол», 2000; «Сайланма», 2005). «Имон» номли киноқиссаси ҳам бор (6 кисм, 2005). Н. Ҳикмат, Нажиб Ҳожи, Махмат Осиф, Али Оқбош, Ўрхон Канол каби турк адибларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Мурод Ўрознинг «Турк асотирлари» китобининг таржимаси учун халқаро Маҳмуд Кошғарий мукофотига сазовор бўлган.
ЯШАГИМ КЕЛАДИ
Мен биринчи ёмғир бўлиб ёғгим келади
Ўзбекистон ерларига.
Мен кекса чинорларнинг салобати бўлиб,
қайрағочнинг метинлиги бўлиб
яшагим келади Ўзбекистонда.
Мен тоғларимиз тепасида сойларимизнинг гувуллашин
юрак ҳовучлаб эшитганман.
Сойларимизнинг овози бўлиб қолгим келади
Ўзбекистон дараларида.
Мен азим ёнғоқлардан ёнғоқ бўлиб сочилгим келади,
тутлардан тут бўлиб,
ноклардан нок бўлиб,
олмалардан олма бўлиб,
тарс ёрилиб,
шарбат бўлиб
тўкилгим келади Ўзбекистон ерларига.
Болаларнинг кўзларида қувонч бўлиб
чопиб юргим келади яна
Ўзбекистон ерларида.
Ўзбекистон пахтасининг оқлигида, юмшоқлигида,
Салоҳиятида, саховатида
яшагим келади.
* * *
Аллаким «Ушшоқ»ни куйлайди нафис,
Ким «Чўли ироқ»ни чалади найда.
Аллаким чилдирма чертади текис,
Сўнг биров куйлайди: «…қайдасан, қайда…»
Олиб кетмоқдалар кўзи оҳуни,
Менинг севгилимни узатмоқдалар.
Юрагим исёнда ва лекин уни
Мен севган қўшиқлар кузатмоқдалар.
* * *
Ёшлик бир асрдай туюлар ёшликда:
ёшлик осмонининг туби йўкдай,
ёшлик уфқи уфқсиздай,
гўзаллик абадийдай
ва оламнинг тақдири
қўлдан ҳеч қачон кетмайдигандай…
Одам қадрига етмайди вақтнинг ёшликда…
Сўнг шошилиш, сўнг афсус
ва қулаш ҳолбуки…
БОР
Ҳали рўй бермаган жасоратлар бор.
В. Затуливитер
Ҳали юз очмаган минг хил чечак бор,
ҳали бор олдинда гул фасли – баҳор.
Олдинда серқуёш кун бор улуғвор,
ҳали юз очмаган минг хил чечак бор.
Ҳали туғилмаган тойлар бор қатор,
ҳали кўз очмаган шерлар бор ёлдор.
Ҳали уйғонмаган қалдирғочлар бор,
ҳали туғилмаган тойлар бор қатор.
Ҳали болалар бор, ҳали қизлар бор,
Барчиной бўлажак ширмон юзлар бор.
Белин боғламаган шер йигитлар бор,
ҳали болалар бор, ҳали қизлар бор.
Навбат кутар кунлар қаттиқ сўроқли,
ҳали саволлар бор оғир, салмоқли,
жавобин тополмас кимдир яроқли,
навбат кутар кунлар қаттиқ сўроқли.
Ҳақсизлик муқаррар топгуси завол,
Чинакам ҳамдўстлик бўлур барқарор,
Озодлик ер узра топажак камол,
ҳали рўй бермаган жасоратлар бор.
ЭГИЛГАН БЎЙИНЛАР
«Эгилган бўйинни кесмайди қилич…»
Эгилган бўйинни кесмаса қилич,
қиличлик номини ўчирмоқ керак,
Эгилган бўйинни кесмаса қилич.
Эгилган бўйинлар эгилиб яшар,
эгилган бўйинлар қилар ҳар ишни.
Яшаса бўлгани эгик бўйинлар,
юз йиллар орқага суриб турмушни…
Эгилган бўйинни қилич кесмас,
деб яшамоқ керакми бўйинни эгиб?
Дўстларим, дўстларим, қўшилмангиз ҳеч,
бўйинлар тик бўлсин, кесса ҳам қилич…
* * *
Мен қоя эканман, сен эса дарё,
Менга бир урилдинг, кетдинг илгари.
Сени деб балки мен қилганман хато,
Балки илк севганлар адашса бари.
Ҳар ҳолда, муҳаббат мўйқалам экан:
Қалбимга сиймонгни нақашбанд этди.
Ширин бир орзумни мағлуб этса ҳам,
Ҳақиқий ҳаётдан дарс бериб кетди.
* * *
Тунларим узун-узун, Тунларим мунча узун?
Узунлиги дастидан Толиқиб кетди кўзим.
Тунларим узун-узун, Тунларим мунча узун?
Шунда ҳам қанча дўстим Таниб олмади ўзин.
Тунларим узун-узун, Тунларим мунча узун?
Муроса қилолмадим Юрагим билан ўзим.