Меҳриноз Аббосова (1995)

1995 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан “Мен ёшликман”, “Юлдузранг қўшиқлар” номли китоблари чоп этилган. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.

***

Майсанинг жонига бермайди ором
Тезроқ ерни ёриб чиқмоқ истаги.
Гарчи кенг осмонга поён йўқ, поён,
Манзилга шошилар қушлар кўкдаги.

Қарангки, илдиздан юлдузга қадар
Ҳар жон тирикликдан ахтарар маъни.
Менинг ҳайратимни оширар баттар
Бемақсад одамнинг яшаётгани.

ОНАЖОН

Вақт тезлиги ошди, онажон,
Ҳануз сизга етолмадим мен.
Шаҳар кўзим очди, онажон,
Лек кўз юмиб кетолмадим мен.

Ҳижрон йўли бунчаям узун,
Ўтиб борар йил ортидан йил.
Кетайлик деб йиғлайди ҳар кун
Сизни мендан кўп соғинган дил.

Дунёсидан ким фойда кўрган,
Устун қўйиб ҳою ҳавасни.
Сиздан олис юрганим-юрган,
Кечиринг мен орзупарастни.

Шукур, кўнглим кўнглингиздек оқ,
Фақат сизга ўхшайман энди.
Юрагимга беркинган қишлоқ,
Юрагимда яшайман энди.

МЕН – СЕН

Мен ҳалиям орзупарастман,
Мен ҳалиям хаёлга банди.
Бир кун келиб худди ўзингни
Кўраман деб ўйламагандим.

Менга бундан ортиғи ортиқ,
Ҳузурингда карахтман, карахт.
Сен – мен учун даҳшатли шодлик,
Сен – мен учун қўрқинчли бахт.

…га

Ватанини қўмсаган юракдай
Соғинаман сизни,
Онасига ичиккан гўдакдай
Соғинаман сизни,
Фақат соғиниш керакдай
Соғинаман сизни,
Сиз-чи?

Мен кетиб бораман,
Сиз жим қоласиз.
Ғурур отлиғ юртда ҳоким қоласиз,
Балки бундан бахтли яшай оласиз,
Биз-чи?

Шаҳарда ҳамма ёқ сайт, электрон,
Соғинч ҳақидаги қайд – электрон.
Қайғу – электрон, дард – электрон,
Ҳис-чи?

Қишлоқда туйғу бор, яна… сиз борсиз,
Сиз менга бақувват дарахт мисолсиз.
Дарахтин соғиниб йиғлар мажолсиз
Қушча…

ТИЛАК

Ўзингизни эҳтиёт қилманг,
Азобланинг, севинг, соғининг.
Ҳамма гули қирмизи, қонранг,
Ярми тикон бу ишқ боғининг.

Руҳингизга бедорлик даркор,
Юрагингиз безовта урсин.
Қаранг, ҳатто ойнинг доғи бор,
О, дардсизлик, доғсизлик қурсин.

Изтиробни муқаддас билинг,
Баъзан тўлиб, тўкилиб йиғланг.
Муҳаббатни эҳтиёт қилинг,
Ўзингизни эҳтиёт қилманг!

***

Фақат сўздир таскину далдам,
Фақат сўздир тиллою зарим.
Асраб қолгай қоронғулардан
Ёп-ёруғ шеърларим.

Авваллари тирик сўзларнинг
Томоғидан хиппа бўғилган.
Йўргаклайди тонг – доя она
Шеърларимни – янги туғилган.

Энди эркин нафас ол, юрак,
Энди сенга тугал бахт берар.
Озодликда дунёга келиб,
Озодликда туғилган шеърлар.

КЎЗИНГИЗНИ ЮМИБ ТУРИНГ

Йўлларингиз барно-барно гулга тўлган,
Менинг эса кўксим тўлган ишққа, рашкка.
Сизга тўйиб термулмоқчи бўламан-у,
Юрак қурғур бетламайди тик қарашга.

Бир лаҳзага тўхтаб қолсин нафасимиз,
Изҳорларни дилингизга кўмиб туринг.
Мен минг йиллар орзу қилган юзингизга
Қараб олай, кўзингизни юмиб туринг.

***

Мен сенга нокерак бўлсам мабодо,
Ёнингда қолишга рози эмасман.
Ёруғлик бор жойда, қуёш бор жойда
Шам бўлиб ёнишга рози эмасман.

***

Билмайман, кетяпман ўзи қаерга?
Нега келганимни билсайдим, кошки.
Гарчи отланганман узо-оқ сафарга,
Ҳеч нарса олмадим виждондан бошқа.