Марҳабо Каримова

ТАҚДИР

Танлаб-танлаб, ўлчаб бўй,
Орзилаб қилинар тўй,
Қўшилар бўрига қўй,
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Оловни сувга қўшар,
Соддани қувга қўшар,
Атай қилганга ўхшар,
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Бир бадфеълга бир зебо,
Бир кўлмакка бир дарё,
Бир нодонга бир доно,
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Гул билан гул бўлса жам,
Бўлмас эди кўзлар нам,
“Мен бахтлиман”, деган кам,
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Саҳро билан боғ яшар,
Жарлик билан тоғ яшар,
Жинни билан соғ яшар,
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Чаққонга бир илмилиқ,
Жиддийга бир серқилиқ,
Яшаш керак сип-силлиқ,
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Эр яйрайди куй тинглаб,
Хотин ўтирар эснаб,
Қовушмайди гапга-гап,
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Бўлмагурга бўлгулик,
Тавба! Тавба дегулик,
Оллоҳ, бу не кўргулик?!
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Бир яхшига бир ёмон,
Оҳ, бу қандай имтиҳон?
Юрак бағринг бўлар қон,
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Тиканга шунча меҳр,
Ғунчага шунча қаҳр,
Инсофданми шу ахир?
Шу ҳам тақдир бўлдими?

“Вақти бўб қолди”, деймиз,
“Тақдир кеб қолди”, деймиз,
Бахтсиз ўғил, бахтсиз қиз,
Шу ҳам тақдир бўлдими?

Қилиб қўйиб ўзимиз,
Жовдирайди кўзимиз,
Кейин айтар сўзимиз:
Шу ҳам тақдир бўлдими?

МАСЛАҲАТ

Мен ўзимни севаман,
Менга ўзим ёқади,
Энди менга барибир,
Ким қанақа боқади.

Нуқсонлими, қорами
Юзим — менинг юзимдир.
Дунёда энг чиройли
Битта одам — ўзимдир!

Қўлим калта ва лекин
Йўқдан кўра, шукур, бор.
Бу дунёда ҳеч одам
Эмас мендек бахтиёр.

Гап эшитсам жилмайиб,
Калтак есам куламан.
Чап юзимга уришса,
Ўнгин тутиб бераман.

Юрак деган қабрга
Армонимни кўмганман.
Ва устида боламга
Ўйин тушиб берганман.

Ҳар тонг қараб ойнага
Дейман: менинг ғамим йўқ.
Мен соғломман! Мен зўрман!
Ташвишим йўқ, камим йўқ.

Нохушликлар — ёв, лекин
Мен улардан қарз эмас.
Ҳеч қайсиси жонимни
Тикишимга арзимас.

Хомуш бўлар баъзилар
Сочин оқин санашиб.
Менга эса турибди,
Ажинлар ҳам ярашиб.

Тикан — тикан, гул — гулдир,
Ҳар нарса ўз ҳолича.
Азизларим, дунёни
Қабул қилинг борича.

Осон яшай десангиз,
Маслаҳатим олволинг.
Ўзингизни озгина
Жинниликка солволинг.

Не кун кўрсам барига
Оллоҳ рози — мен рози.
Яратганнинг қўлида
Энг тўғри тош-тарози.

Яшашга эмас, бизни
Имтиҳонга ташлабдур.
Пирим — ўша ковушсиз
Девонайи Машрабдур.

Кўйлагимни сўрашса,
Тўнимни ҳам берайин.
Тиканларнинг ичидан
Лолаларни терайин.

Қизим қайтиб кептими?
Ажаб бўпти, хўп бўпти!
Бугун яна бойибман,
Битта ташвиш кўп бўпти.
Нархи қанча, опкелинг,
Ғамингизни оламан.
Бор пулимга ташвишу
Камингизни оламан.

“Ғам” сўзидан ўзимга,
“Шодлик” сўзин ясайман.
Ман шунақа, ўзимни
Хурсанд қилиб яшайман.

Телба экан-ку, дея,
Кулмангиз Марҳабога.
Барча ҳисоб-китобни
Қўйиб қўйдим Оллога.


ҚУДА БЎЛДИК…

Яшар эдик бўлиб ўртоқ,
Бир-бировга очиб қучоқ,
Ўтсиз қолди энди ўчоқ
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Ёқалашдик ёшларни деб,
Шу икки бебошларни деб,
Биров еган ошларни деб,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Ака-ука, опа-сингил,
Гаплашардик гангир-гунгир,
Аразлашдик қолди кўнгил,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Қариндошлар тараф-тараф,
Жовдирашар бизга қараб,
Гурунглашолмаймиз яйраб,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Қўшним эди жонажоним,
Битта эди дастурхоним,
Қўшилганда энди қоним,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Яхшийди-я ниятимиз,
Чиқиб қолди иллатимиз,
Эсизгина меҳнатимиз,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Қарамасдик ўнгу чапга,
Қулоқ солдик майда гапга,
Ҳасрат қилдик чор тарафга,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Фарзандлар-ку яшар бирга,
Ёмон бўлди фақат бизга,
Кўрпа куйди, тирик бурга,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Эслаб ёмон сўзимни ман,
Уришаман ўзимни ман,
Энди очдим кўзимни ман,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Миннатли ош-тузим қурсин,
Андишасиз нозим қурсин,
Шу чақимчи қизим қурсин,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Огоҳ этай энди сизни,
Бегонага беринг қизни.
Нима жинлар урди бизни,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.

Марҳабохон, бу дунё кенг,
Кимки тўйга шимарса енг,
Тавакалту алаллоҳ денг,
Қуда бўлдик — жудо бўлдик.