Мақсуда Эргашева (1951-2014)

Мақсуда Эргашева (Эргашева Мақсуда Муҳаммадсиддиқ қизи) 1951 йилнинг 17 февралида Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Оқбўйра қишлоғида туғилган. 1983 йилда Фарғона Давлат Педагогика институтининг филология факултетини тугатган. 1970 йилдан Олтиариқ туманидаги 19-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлаган. 1983 йилдан бошлаб она тили ва адабиёт фанидан дарс бера бошлаган. Бир қатор китоблар муаллифи ( «Баҳорни ахтариб», «Эзгу сўз», «Диёримга кўзинг тегмасин», «Кўнгил кишилари» ва бошқ.). Шоира 2014 йили вафот этди. Сўнгги “Тақдир ҳикоятлари” хотира-роман китоби вафотидан сўнг (2015) чоп этилди.


УЙҒОН, БОЛАМ

Алла айтай ором тилаб,
Бутун жаҳон ухласин.
Моторларга бошин қўйиб
Учқур замон ухласин.
Ором олиб шаббодалар,
Жамики жон ухласин.
Фақатгина сен ухлама,
Сен ухлама, жон болам.
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!

Сен ухласанг, боғларингдан
Қушлар учиб кетадир.
Хотирангдан авлодларинг
Ёди ўчиб кетадир.
Дарёларинг қуриб, сендан
Сувлар қочиб кетадир.
Сен ухлама, жоним болам,
Сен ухлама, жон болам,
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!

Сен ухласанг, атрофингда
Ёғий мудом уйғоқдир.
Сени алдаб насибангга
Шерикликка муштоқдир.
Унда сенинг авлодларинг
Кўрган куни қийноқдир.
Сен ухлама, жоним болам,
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!

Фарзандлари ғофил элнинг
Имони ҳам ухлайди.
Ёмғир-қорлар ёғмай ўтар,
Осмони ҳам ухлайди.
Боғлар битмай, ўтлар унмай,
Имкони ҳам ухлайди.
Сен ухлама, жоним болам,
Сен ухлама, жон болам.
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!

Сен ухласанг қизчаларнинг
Тугмалари узилгай.
Оталарнинг қони, она
Кўкрак сути бузилгай.
Жувонлари ўзин ёқиб,
Шоир дили эзилгай.
Сен ухлама, жоним болам,
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!

Ўйламагил, ёғий бизга
Ўзга элдан келадир.
Ҳар элнинг ҳам ўзи туққан
Хоинлари бўладир.
Ўздан агар чиқса бало
Қайдан даво бўладир?
Сен ухлама, жоним болам,
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!!!


ҚУТЛОВ

Тошларнинг қатида ўсган митти гул,
Нозик япроқларинг муборак бўлсин.
Тириклик томига кўтариб чиққан
Яшил япроқларинг муборак бўлсин.

Чечакжон, миттижон, юр, мени бошла,
Борайлик Оролнинг тузликларига.
Бостириб кирайлик халқини сотган
Хоин юракларнинг музликларига.

Ҳар йили туғилар Ўзбекистонда
Ўттиз уч минг дона митти тепалик.
Чечакжон, кўтариб байроқларингни
Уларнинг бошига йиғлаб борайлик.

Чечакжон, миттижон, қани, йўл бошла,
Бетон қасрларнинг ораларига.
Буюк оғасидан тил сўраб турган
Ўзбекнинг ўзбеги болаларига.

Чечакжон, миттижон, қутлуғ келибсан,
Кўзимга суртайин оёқларингни.
Бошимга кўтарай сени, чечакжон,
Шу яшил, шу митти байроқларингни.

КУРСИЛАР ПОЙИДА

Юмшоқ ўриндиқлар, баланд курсилар,
Билмадим, қандайин бордир сеҳрингиз.
Ерда, якандозда ўлтириб келган
Халқнинг фарзандларин тортди меҳрингиз.

Курсилар пойида меҳнат қилар эл,
Курсилар пойида чексиз далалар.
Баъзан лоқайдликдан ўксинади дил
Унинг жафосини тортса болалар.

Занжирбанд этилган сув омборларга,
Курсилар пойида Аму билан Сир,
Қиличдек ярқираб, мавжланиб эмас,
Ип каби эшилиб оқмоққа мажбур.

Оҳ тортар, оҳидан туз ёғар элга,
Ҳаёт томирлари қирқилган Орол.
Курсилар пойида ўзин ёқмоқда,
Бизлар фаришта деб топинган аёл.

Кўзингни очсанг-чи, саҳоватли халқ,
Ахир бу курсилар бекор берилмас.
Сен ҳали бу ёғоч курсилар учун
Юрак қонинг билан тўлайсан эваз.

Бировлар курси деб тилини сотди,
Бировлар курси деб сотди ватанни.
Парчалаб бурдалаб, узиб сотдилар,
Туркистон аталган буюк бир танни.

Бировлар курси деб бузиб ташлади
Боболар кўмилган мозорларини.
Айтгил, бу курсини қайга қўюрсан,
Оёғинг остида замин йўқ ахир.

Кўзингни очсанг-чи, саҳоватли халқ,
Курсидан туш энди, Мовароуннаҳр…