Манзар Абдулхайр – 1964 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тугатган. Шоирнинг “Соҳил оҳанглари”, “Мовий уфқ”, “Сўз руҳи”, “Тааммул” шеърий китоблари нашр этилган.
* * *
Кўнглим мудом ишққа орзуманд,
Орзум ишқсиз сароб бегумон.
Муҳаббатим, васлга зўрманд,
Ишқ дафтарим поёни аён.
Юрагимда тенгсиз ҳаяжон,
Наҳот, ҳали узра бир қўр?
Наҳот, ишқнинг йўли бепоён,
Балки менга шундай кўринур?
Кавокиблар тинглар ҳасратим,
Кўзларимда мунаввар ёшлар.
Ярим кеча, кўнглим ҳам ярим,
Тун сочини руҳим сийпалар.
* * *
Ёлғизлик даштида чекиб ситамлар,
Сенинг ҳузурингга истагим қайтиш.
Истадим бедоғ ишқ дамларин сарсар,
Салсабил сувларин зиёрат қилиш.
Кўҳи Қоф тоғларин қилиб зиёрат,
Турналар қайтмишлар севги уйига.
Ўйларим тубига етолмай сармаст,
Турналар севгисин туяман нега?
Наҳот, табиатнинг буюк инъоми –
Турналар бахти деб турибди бунда?
Одамзот қидирар иқболин кўкдан,
Турналардай асрий тоғлардан шунда.
* * *
Мен яшадим тонгга интилиб,
Саҳаргоҳни шовури ила.
Ёруғликка мудом талпиниб,
Руҳ ичра томчилаш онила.
Тонг отмоқда, тонг ёшим менинг,
Зулмат пардалари чекинди, оё.
Шарпалар чувринди ёлғизоёқдек,
Тонг қошида, лол қолар гўё.
Сукутдан отилди номаълум шарпа,
Номаълум томонга етаклар нени?
Қай ерга қолдийкин кўҳна ойнача,
Ичида балқиган кўз нурим мени?
Тонгимсан. Хотирам пучмоғи,
Сен менинг азалий туғёним.
Кўнгил сукунатим гулдоғи,
Лаҳза этагида нақш оқзардим.
* * *
Айри дил, ҳей, исёнкор кўнгил,
Ҳар кўнгилни қилмагил ғамнок.
Олам сари поёнсиз боққил,
Қанча йиллар оғуши намнок.
Кўнгил, ҳайҳот ғамдир калиди,
Борар роҳи ишқ чоғи ҳамон.
Наҳот, ўша кўҳна боғ-роғи,
Туташтирмас боримиз замон?
Зайлимизга боқмас бедиллар,
Кўнгилни ҳеч қилмайлик увол.
Омон-омон келур он-онлар,
Кўнгил қуши топмагай завол.
* * *
Ҳорғин-ҳорғин қарайсан ногоҳ,
Олислардан олис уфққа.
Кечмишингда қолган баногоҳ,
Ғамгин доғлар менгзаш фироққа.
Йироқ тоғлар бағрида кутар –
Ҳамдард бўлган қизғин лолалар.
Сен сиқтама, остонанг ўпар,
Ишқбоз бўлиб, келар иқболлар.
Лекин, кўнглинг топмайди таскин,
Қарошингда қотган доғлар бор.
Истасангда, муҳаббатим сен,
Ўртамизда ҳижрон тоғлар бор.
Кечир мени, бесўз паришон,
Руҳим асир тоғлар бағрида.
Сенла ўтган сукутим нишон,
Асрий тоғлар ғам бардошида.
* * *
Ошиқади дилимда наҳор,
Аччиқ дуддан ёришар кўнглим.
Ёмғир ҳиди димоққа урар,
Мен баҳорни дилдан соғиндим.
Димоғимни қитиқлар бир дуд,
Ғам чечаги мудрар дилимда.
Тарқар дудлар бир кун беҳудуд,
Шунда ғамлар яйрар унимда.
Бунда, сойнинг шарқироқ уни,
Тун қўйнида аллалар мени.
Соғиндингми руҳим сен уни
Юрагимга санчилар туни?
Бугун ўзни таниди кўнглим,
Эрта сени йўқотдим гулим.
Кун отарда дардларим – шаъним,
Кун ботарда ғамларим – оним.
Анҳорларда сув жилоланар,
Баҳоримсан сен мени наҳрим.
Уйғон, қалбим, уйғон, чечагим,
Юрагимда барқ урар абрим!
* * *
Осмон бағри борар қорайиб,
Қайғуларчи, дарёдай тошар.
Ғам-ғуссадир келар оқариб –
Юрак сари ўрлашар кишвар.
Шодлик эмас, наҳотки, ғамдош,
Туғилдикми ғам-алам туни?
Шундан бери таҳаммул йўлдош,
Тун кўксига битик азали.
Наҳот, йиллар ўчмас асари –
Кўнгил ичра ботин синоат.
Бир кун кувдек бўзарар таши,
Кечмиш хотир қурган иморат.