Мамарасул Бобоев (1911.3.4, Каттақўрғон — 1969.23.7, Тошкент) — ўзбек шоири. Тошкент педагогика институтини тугатган (1938). 2-жаҳон уруши иштирокчиси (1941—46). Республика газета, журнал, нашриётлари ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган (1947—68).
«Жанубий нуқтада» (1953), «Эрон дафтари» (1952), «Садоқат ҳақида» (1954) шеърлар туркуми ва бошқа китоблари нашр этилган. «Ёшлик чоғим — олтин чоғим» (1959), «Гўзаллик истаб» (1963) каби драмалари бор. У рус (М. Лермонтов, Н. Некрасов, Т. Шевченко, Н. Тихонов, К. Симонов), татар (М. Жалил), авар (Р. Ҳамзатов) шоирлари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
* * *
Баҳор айёми ўлкам сийнаси гулларга кон бўлгач:
Нечун кулмай, очилмай мен, севинчим арғумон бўлгач,
Тўлишган толеимнинг мислини кўрдим шу кўкламда —
Кезиб, боғлар ва бўстонларда гуллашдан нишон бўлгач.
Баҳор булбуллари шўх мадҳини бахтимга айтмишлар,
Азиз бошим саодат қушларига ошиён бўлгач.
Демайман: ишқ билан ўсдим — муҳаббат танда қонимдир,
Юрак ҳар депсинишда ушбу достони аён бўлгач.
Нетайки, мафтун ўлмай, дилбарим, ақлу жамолингга,
Кўзинг шамъий фаросат, ҳуснинг офтоби жаҳон бўлгач.
Сеиингдек меҳнатимнинг лаззатин кўнглимга ком этдим,
Унинг-чун катта имкон, сен каби оромижон бўлгач,
Вафо расмини касб этди фалак, жабрини маҳв айлаб,
Баайни янги барглар чиқди, эскиси хазон бўлгач.
Азиз юртим талаб этса, агар тутсам қуролимни,
Зафар бўлгай, ёнимда сен каби қоши камон бўлгач.
Тилим одат этиб мадҳингни шеърим ҳар ҳижосида,
Чалай меҳрим билан торимни илҳомим равон бўлгач!
ШОИР ВА УМР
Хона. Ашёларда тартиб ва низом,
Шам ёниб, қолганди қандилда андак.
Тонг юлдузи берар дарчадан салом,
Пастдан бахор тутар ранг-баранг чечак.
Шоир ҳорғин, маъюс кетмиш хаёлга.
Манглайида ажин — йилларнинг юки.
У тинмай ёзади…
Қошу соқолга —
Нуроний тус бермиш кексалик кўрки.
Ҳар ишни қайтадан бошламоқ мумкин,
Азиз умргина бунга бўйсунмас!
Лекин шоир унинг нафас, минутин
Қадрига етади, елга учирмас!
Умрин қиёс этар эди у шамдан,
(У хам шам-ку: онган халқнинг ўйида)
Шу халқ деб эзилди ғамдан-аламдан,
Содиқдир у ҳамон, умр сўнггида.
Шу зайлда тунлар, юлдуздай бедор —
Кўзлари тонггача тўкади нурин,
Тархи тоза бўлсин, деб қилмас такрор,
Асл ипга тизар шеърият дурин.
Шеър деб, кечди у кайфу сафодан,
Элтмади ҳаётнинг ҳою ҳаваси:
Не олиб кетади киши дунёдан,
Ҳайкал яратмаса ҳар бир нафаси?..
Умр шошар гўё дарё ёки ел,
Шоир жондан севар диёру ёрни.
Талай хизмат кутар ҳали — қондош эл.
Кўрмак истар яна неча наҳорни.
Ҳаётни севади, севади дилдан,
Халқ хам умр тилар билониҳоя,
Аммо излашарди разиллар зимдан —
Шу умрни кесмоқ учун бир чора.
Шоир ҳорғин, маъюс кетмиш хаёлга,
Манглайида тахлоғ йилларнинг юки.
У тинмай ёзади…
Қошу соқолга —
Нуроний тус бермиш кексалик кўрки.
Хона. Ашёларда тартиб ва низом.
Килкиллаб ёнар шам, қолганди андак,
Тонг юлдузи берар дарчадан салом,
Пастдан баҳор тутар ранг-баранс чечак.
Нариги ҳужрада бир шум, доғули…
Илондай тўлғаниб шу кун у ғаддор:’.
Шоир таомига қўшиб оғуни,
Қулай фурсат кутиб ётарди бедор…
Шоир дам ёзади, дам сурар хаёл,
Чуқур «уҳ!..» тортади у гоҳи гоҳи,
Хонтахтада қоғоз…
Ташқарида тонг.
Юракдан қуйилар янги рубоий:
«Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз;
Ҳар неники севмак ондин ортиқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз».
ОНА МЕҲРИ
Телефонда она сўзлар, шошгандан
Пастки қовоқлари учади пир-пир:
Улуғ Ватаннинг бир шимол шаҳрида
Онанинг севикли фарзанди ўқир…
Ўғил ўқиб келар,
Бахти онанинг!..
Ўзи ҳам бу билан қилар ифтихор.
…Шаҳараро телефон станциясининг
Ойналарин қоплаб бўраларди қор.
Она лабларида ярим табассум,
Аммо кўзларида тўла ҳаяжон.
Шундай соғинганки, ўғлини шу зум
Бағрига босарди, бўлганда имкон…
Симдан биров сўзлар хотиржам, бурро.
Тишда-чи, қор-бўрон, қаҳратон совуқ —
Залнинг қобирғасин титратар, гўё
Кабина эшигин чертиб урар дўқ.
Она сўрар артиб терин, ғуборин,
Симдан юборгудай юрак тафтини:
— Айланай, бошингда телпагинг борми?
Оёқларинг совуқ емаяптими?..