Малика Мирзо 1940 йилда туғилган. Фарғона давлат педагогика институтининг (ҳозирги ФарДУ) тарих-филология факультетини битирган. Шоиранинг ўндан ортиқ китоблари нашр қилинган.
БИР ДОНА
Бир дона гулни тутдинг, хаёлимни шошириб,
Гул баргига дилингни қўйганмидинг яшириб?
Қасди жон саволларни гул баргига битибсан,
Гул қатида рози дил анбарини тошириб.
Мен нечун қувонмайин, иқрори хатинг олсам,
Элчи гулинг турганда, жавобимга бош уриб.
Лолагулдан қўрқаман, ҳовлиқиб, ёниб ял-ял
Севгимизни бировга қўймасмикан ошириб?
Гул тилида қолмаса, бул Малика туйғуси,
Кўнгли, кўксин розига ўтгаймикан тош уриб?
ЭҲТИЁТ
Сўз селидан тилни асра, жонни қилғил эҳтиёт,
Бўлмасин ҳаром-ҳаришлик, онни қилғил эҳтиёт.
Жонку тил жабрини тортгай, онни асра, дўсти жон,
Лаҳзаларда акс этар иймонни қилғил эҳтиёт.
Лаҳза – умринг парчасидир, лаҳза – умринг барчаси,
Лаҳзаларда акс этар имонни қилғил эҳтиёт.
Ваҳ, ғанимат бўлди бул кун сўзи гавҳар шодаси,
Ки, булар этмиш музайян шонни қилғил эҳтиёт.
Бизни боғлаб қўймаган Тангри, ўтармиз бирма-бир,
Қошима кел, суҳбати жононни қилғил эҳтиёт.
Бесамар этсанг умрни, ном-нишон номсиз кетар,
Бу жаҳонга қолдириб хирмонни қилғил эҳтиёт.
Бизни айру айламак бўлғони бўлсин номурод,
Бизни чорлаб тутмиши туз-нонни қилғил эҳтиёт.
Умр ўтар, сен бирла менга берсин Ҳотам йўлини,
Элга бергил, ҳиммату эҳсонни қилғил эҳтиёт.
Кўп фаромуш деб, Малика эл аро қилманг овоз,
Дўст ғанимат, кўзни оч, инсонни қилғил эҳтиёт.
МЕН АЗОБМИ, СЕН АЗОБ?
Севги васфи авжларида мен рубобми, сен рубоб,
Ишқ ўтида ёнса ошиқ, мен кабобми, сен кабоб?
Сенча куйганлик топилмас, менча нолон бор эмас,
Нолаю куймоқ савобми, мен савобми, сен савоб?
Саждагоҳга бош қўярмен, сен менинг Каъбам учун,
Рўзи маҳшарда берармиз мен жавобми, сен жавоб?
Ёрсиз кунларим бўлғай қоп-қоронғи, сим-сиёҳ,
Сим-сиёҳ кунлар ёришса, мен саробми, сен сароб?
Тавбалар қилдим иймон оятларин ёд айлабон,
Мен тавоф қилғон хитобим, мен хитобми, сен хитоб?
Лолагун ўлди ёноғим, ёр, васфинг шарҳида,
Лолагун акси гулобми, мен гулобми, сен гулоб?
Кўзларимдан тўкилур ёш, ёш булоғи селча бор,
Офати сел шиддатидан мен харобми, сен хароб?
Эй, Малика, қилма парво, назминг ичра чекма оҳ,
Чиқмаса кесакдан учқун, мен азобми, сен азоб?
ГУЛНОРИГА ДУЧ КЕЛДИ ДИЛ
Гул дедим, гулнор дедим, гулнорига дуч келди дил,
Гул қолиб тақдир шамоли – хорига дуч келди дил.
Майли, гул хори бу жонга санчилиб, оқсин жигар,
Гул талошида кечиб жон, морига дуч келди дил.
Гулни излаб куйди жисмим, бўлди рангим заъфарон,
Гулни пинҳон тутган ағёр дорига дуч келди дил.
Куйла гулни, тингла гулни, бир сабо янглиғ бўлиб,
Булбулигўё мисоли зорига дуч келди дил.
Гулни ардоқланг, авайланг, гул азиз, дилдор азиз,
Гул юзин очди бу кун, дилдорига дуч келди дил.
Гулшан ичра танладим гул ҳусни зебо, ҳусни шоҳ,
Гул асири, дил асири, норига дуч келди дил.
Гулсифат бўлди Малика, етди булбул васфига,
Етди ё севги вафоси – орига дуч келди дил.
НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Термулай ҳуснингга ой, ёнингда чўлпонинг бўлай,
Ҳолима солгил назар, кел, чашми гирёнинг бўлай,
Сипқорар онинг майиноб, ишқи иймонинг бўлай,
Эврулай бошингғау беҳушу ҳайронинг бўлай,
Бир замон садқанг бўлай, бир лаҳза қурбонинг бўлай!
Жон суйи дорулшифойи дарду ҳижрон заҳмиға,
Жон тасаддуқлар бўлай, ошуфта кўнгил фаҳмиға,
Зарра озор етмасинким, ҳатти ҳолинг шарҳиға,
Хони васлингдин агар қовса рақибинг, рағмиға
Кўнглум истардек тахайюл бирла меҳмонинг бўлай!
Воҳ, хазон гул очди ҳатто гул узоринг олидек,
Қатра-қатра томди шабнам, ул шакарлаб болидек,
Бермагай шавқ гулу райҳон сочларингнинг толидек,
Нетти жон топсам висолингдин лабингнинг холидек,
Кўзу зулфингдин неча масту паришонинг бўлай!
Кезди ҳижрон даштида Қайс, қайда бизга васли боғ,
Бул кўнгилда ғам-ғубори, қайда булбул, қайда зоғ,
Илтифот қилгайму бизга сен каби олампаноҳ,
Хуштурур васлинг майидин ҳар тараф хирқамда доғ,
Неча, жоно, мубталои доғи ҳижронинг бўлай!
Майли, кечма, зулфу зорим алмисоқи урфдин,
Жисму жоним этиб, банд руҳима сол қулфдин,
Чун азобинг шуъла сочсин еру осмон қутбдин,
Гарчи бандангмен, мени озод қилма лутфдин –
Ким, қуюндек садқаи сарви хиромонинг бўлай!
Нозларинг ҳадди ошибдур, келдиму омад барор,
Шоҳ эрурсан, қатл этурсан, эмди йўқдир ихтиёр,
Тобакай ёйни ёқлаб биз кабилар шармисор,
Танни жилванг вақти туфроғ айлай, эй чобуксувор,
То бошингга эврулурға гарди майдонинг бўлай!
Охири инсофга келгайсан десам, тонг йўқ, сени,
Этти ҳолимни хароб ҳажру ситам, тонг йўқ, сени,
Тун бўйи ёнди Малика, сўнди шамъ, тонг йўқ, сени,
Эй, Навоий, гунгу лол истар эсам, тонг йўқ, сени,
Тобакай озурдаи фарёду афғонинг бўлай!