Комил Жўра (1937)

Комил Жўра 1937 йил 18 сентябрда Данғара туманидаги Ганжировон қишлоғида таваллуд топган. Қўқон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олган.
Унинг “Сарвинозим”(1995), “Муҳаббат гулшани”, “Оқ ўрик қўшиғи” (2002) каби асарлари чоп этилган.
Комил Жўра- Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

ВАФО ҚЎШИҒИ

Тун шарор урган муҳаббат эрка кўнглим пораси,
Оташин сочмиш, нигорим, кўзларингнинг қораси.

Борлиғим сеҳр айлаганми, билмадимки, ёнаман,
Эй қамар, айтгил гўзалга, бормикин ишқ чораси?

Уйларимда ёр хаёли, куйларим ҳам орзу,
Бўлганимдан бахтиёрман сарвиноз овораси.

Рашки-туғён, қаҳри-ҳижрон васли-бўстон севги бу,
Бир қуёшман ишқибози — кўйида сайёраси.

Мен топингайман ҳаётда чин муҳаббат қасрига,
Гар вафо меҳроби бўлса икки қошин ораси.

Кокилин занжири — аҳду толаси — бахт риштаси,
Комил аҳволин паришон этмасин дилдораси.


МУҲАББАТ ГУЛШАНИ

Дуру гавҳарга монандмас, муҳаббатнинг қиёси йўқ,
У виждон сингари покдир, шу важдан интиҳоси йўқ,

Керакдир эҳтиёт айлаш ҳамиша ёт назарлардан,
Заминдай барқарор мангу бу туйғунинг адоси йўқ.

Шу кўйга мубтало бўлган керак умрини тикмоғи,
Эмас осон қутилмоғи, агарчи, подшоси йўқ.

Фидоси бўлса арзийди, бу шундай қутлуғ остона,
У дардмандга шифо бўлгай, тўзимсизга давоси йўқ.

Муҳаббат танламас мавсум, у олам умридай боқий,
Қўнолмас беқарор бўлбул, у бир гулмас бақоси йўқ.

Адашгай кирса ким нопок ҳавас водийси деб ўйлаб,
Билиб кўйсин, унинг бундай қаро қалбга зиёси йўқ.

Тиланди деб уни маддоҳ-қаландарга тутиб бўлмас,
У олтинмас, у соф имон, у бир ўқдир хатоси йўқ.

Муҳаббат гулшанин кўрмай ҳасадгўйлар адо бўлсин,
Муҳаббатсиз кишин, Комил, улуғ бир муддаоси йўқ.


ГУЛДАСТА БЎЛМИШ

Ишқ ичра кўнглим ораста бўлмиш,
Бир ойжамолга пайваста бўлмиш.

Булбуллар олқиш айтармиш унга,
Товус хироми ҳам аста бўлмиш.

Қаддига бўлмиш шамшод харидор,
Камтарлик айлаб у пастда бўлмиш.

Сунбул сочидан, ғунча лабидан
Тортиб хижолат лол, хаста бўлмиш.

Гулшанда топдим, аммо йўқотдим,
Қалбим нидоси сарбаста бўлмиш.

Ул шўх санамга боғлаб муҳаббат,
Шеъринг, Комилжон, гулдаста бўлмиш.

ДОНОЛИГИНГНИ АЙТАЙ

Гулга, гулим дилоро, шайдолигингни айтай,
Дил кўки узра Зуҳро — пайдолигингни айтай.

Сенсан севикли моҳим, кўнглимда йўқдир оҳим,
Ғамхўр замон гувоҳим — барнолигингни айтай.

Ҳуснингга маҳлиёлар — боғда сарву раънолар,
Лол қолсинлар гўёлар донолигингни айтай.

Ишқ ичра лабзи болим, васлинг — ширин хаёлим
Соғ бўл, соҳибжамолим, танҳолингингни айтай.

Айлармисан сарафроз? Севгим қилай пояндоз,
Шаънингга сайратиб соз, зеболигингни айтай.

Бахтимга борлигингни, Комилга ёрлигингни,
Кўзи хуморлигингни, шаҳлолигингни айтай.

ТОПИЛМАС

Мендек сенга чин ошиқи девона топилмас,
Сендек менга бир дилбари жонона топилмас.

Аксимни кўриб, ёр, қароғингда, қувондим,
Ўзга мен учун кўзлари мастона топилмас.

Жисмимни ёқиб ўртаю тарк этма, муҳаббат,
Руҳим ёнар, э воҳки, сувхона топилмас.

Сиғдиргали жой излама кўп мулки жаҳондин,
Кўнглим каби соз кулбайи остона топилмас.

Бу дардни менга бергилу, бахтим бўла қолгил,
Ишқ оламида сен каби фарзона топилмас.

Мен талпинаман, топинаман ёлғиз ўзингга,
Комил каби ҳеч севгиси пинҳона топилмас.