Каримабегим 1955 йилда туғилган. Фарғона давлат педагогика институтининг (ҳозирги ФарДУ) ўзбек тили ва адабиёти факультетини тугатган. Унинг “Сиз мени билмайсиз”, “Дилдорим, онам” шеърий ҳамда “Тунги шарпалар”, “Бағдод ва бағдодликлар” номли насрий китоблари нашр этилган.
ХАЛҚИМ
Сен – тупроқсан, авайлаган
Ҳатто босган изларим.
Сен – япроқсан, шивирлаган
Дилимдаги сўзларим.
Отам – ўзинг, онам – ўзинг,
Қаҳрамоним – Широқим.
Сен – дилимда ёниб турган
Меҳр номли чироғим.
Сен – бобомсан, ҳақиқатни
Кўзларимга кўрсатган.
Сен – момомсан, катталарда
Олам илмин ўргатган.
Сен – устозсан, буюк устоз,
Миннатни ҳеч билмаган.
Ҳатто, чучук сўзларимни
Эринмасдан тинглаган.
Боғларини жаннат қилган
Бели белбоғли халқсан.
Ой тинса ҳам тинчимаган
Қўш-қўш чорбоғли халқсан.
Боболари бу дунёга
Сабоқ берган ўзбексан.
Илм билан, мардлик билан
Қаддин керган ўзбексан.
Хуш чеҳрали қизларингда
Саодатинг акс этар.
Қадри баланд йигитларинг
Довруғи олам тутар.
Мард йўлбошчи насиб этиб,
Оллоҳ қўллаган халқим.
Пок нияти йўлин очиб,
Бахтга йўллаган халқим.
МЕН СИЗГА ЕТИБ БОРАМАН
Қалбим сизга қулдай боғланиб қолди,
Оташда ёғдайин доғланиб қолди,
Учишга қушдайин чоғланиб қолди,
Кутинг, бир кун сизга етиб бораман.
Туну кун ўйимда бор бўлган сизку,
Кўкда лочин эмас, сор бўлган сизку,
Сизни деб сочлари қор бўлган бизку,
Барча фироқларни ютиб бораман.
Сизга талпинаман, азиз ёмоним,
Куздан ўғирладим рангим – сомоним,
Етса қўлингизда омонат жоним,
Етмаса умримни сотиб бораман.
Райҳонлар ўсади ўша кун чўлда,
Фаришталар қутлар ўнгда ва сўлда,
Қип-қизил лолалар қолдириб йўлда,
Юракка ишқ сўзин битиб бораман.
Кутинг, бир кун сизга етиб бораман…
ЮРАКНИ КУЙДИРИБ
Юракни куйдириб ўтаверар кун,
Ҳар оқшом уфққа ботади қуёш.
Аччиқ қисматида кўрмасдан якун
Денгизини ташлаб кетади кўзёш.
Ўтар, ўтаверар сокин лаҳзалар,
Бу дунё аламин елкага ортиб.
Олам чарчамайди улкан камондан
Соату кун деган ёйларин тортиб.
Ҳайронман, баъзида, нега бунчалик
Умрни тортқилаб югуради шахт?
Дунё ғавғосидан қочаман, деб, ё
Манзилин йўқотган ҳайронами вақт?
ВАТАН
Ватан нима ўзи, Ватан не ўзи,
Бирдек завқ беради қишию ёзи,
Бағрида ўсганнинг қизилдир юзи,
Демак, ҳароратли қуёшдир Ватан!
Омонат дунёда жон омонатим,
Қулочимни ёзсам, синмас қанотим,
Бахт дея, талпинсам, оғзимда тотим,
Жонимга-жон каби туташдир Ватан!
Широққа куч берган сирли бир тилсим,
Муқанна тилида янграган исм,
Мангуберди учун тупроқ бир қисм
Бўлиб, жонни шунга ўрашдир Ватан!
У меҳригиёдир, у меҳризиё,
Усиз даркор эмас бойлигу дунё,
Ватангадо дерлар, ким тушса айро,
Бахтни билмасларга кўзёшдир Ватан!
Товонинг сийпаса, ҳатто, гиёҳи,
Митти япроқлар ҳам бўлса паноҳинг,
Сенга суянганни суяблар гоҳи
Ўзингга ишониб яшашдир Ватан!
Биз буюк йўлдамиз, истиқлол ҳамроҳ,
Келажак ишончли, истиқбол ҳамроҳ,
Бахт бизга елкадош ва иқбол ҳамроҳ,
Халқни суяб турган бардошдир Ватан!