Жўра Алимардон 1942 йилда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тугаллаб, ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Унинг «Чўл таронаси», «Манзилдаги ўйлар», «Замондош ўйлари» тўпламлари чоп этилган.
ЧАМБИЛ
Қайтмоқдаман, қадрдон Чамбил,
Эй, хаёлим улғайган маскан!
Қайтмоқдаман, талпинади дил,
Ошиқади сабр қилмасдан.
Қайтмоқдаман, бетизгин хаёл —
Бошлаб кетар ёшлигим сари.
Боғларингда билмай не малол,
Югуради ўйлар сарсари.—
Шунда тинглаб эртак, қўшиқлар,
Очилганди идроким кўзи.
Гоҳо дейман бундан не ҳузур
Оқламасанг эл берган тузин.
Не ҳам қилдим бағрингдан кетиб,
Нелар кўрди бу ташна кўзим,
Не яхшилик уруғин экиб,
Нелар олдинг, дейман ўз-ўзим…
Тер тўкишар «оқ олтин» учун
Эй, Чамбилим, сенда қари-ёш.
Шунга берар йигитлик кучин,
Шу учундир ирода, бардош.
Фарзанд каби асраб, парвариш —
Қилинмоқда ҳар битта шона.
Шундан эрур рўзғор тебратиш,
Шудир роҳат, элга тўёна.
Қайтмоқдаман, ўйчан кўзларим
Дўстлар, сиздан олиб йироққа.
Майли, барча соғинч сўзларим
Мен бағишлай бу кун қишлоққа.
Қайтмоқдаман, қадрдон Чамбил,
Эй, хаёлим улғайган маскан!
Қучоғингга талпинади дил
Етгунимча сабр қилмасдан.
БИЗ ҲАМ КЕЛАЖАК ЭДИК
Бизлар ҳам мозийда келажак эдик,
Кимларнинг орзуси, суянган тоғи.
Умид денгизида нақ маёқ эдик,
Оталар интилган мақсад чароғи.
Бизга қолдирдилар китоблар аро
Яшашда орттирган маъно дунёсин.
Бизга қолдирдилар, тополмай чора
Ҳақликка талпинган диллар даъвосин.
Бизларга қолдириб сўнгги ишончин.
Мангу кўз юмдилар, қолди бу олам,
Бу кун биз ворисмиз улар қувончи,
Ташвишли ҳаёти, хаёлига ҳам.
Бироқ биз не қилдик меросхўрга хос?
Уларнинг ишончин оқлай олдикми?
Боболар ишини билиб муқаддас,
Улар орзусига содиқ қолдикми?
Ё макру қаллоблик йўлига ўтиб,
Мол-дунё тўплашга қўйдикми ихлос?
Оламда инсонлик бурчин унутиб,
Тубанлик тўрига тушдикми бесас?
Боболар айтган у олий туйғуга
Етмоқлик биз учун кўрингач душвор,
Ишни фарзандларга юклаб, уйқуга —
Кетмоқлик биз учун бўлдими шиор?
Омонсиз вақтнинг исканжасида
Келажак ўтмишга айланар илдам.
Барҳаёт тарихнинг дастпанжасига —
Илинган бахтиёр шунинг учун кам.
Айланиб келаркан замон саҳнаси,
Кимлар куч-қудратин совурар елга.
Буюклик нишони — тарих саҳифаси,
Улардан сўз очиб кирмагай тилга.
Бизлар-ку ўтмишда эдик келажак,
Заминнинг саҳнаси бу кун бизга ёр.
Пайт келгач, нишонсиз кетди деяжак,
Келажак ишқида бўлмасак бедор.
ЛАҲЗАЛАР
Лаҳзалар кўзгудир…
Босилган ҳар қадам,
Чекилган дард, алам,
Ё қайгу, ё қувонч
Барчаси, барчаси
Ўшанда мужассам.
Лаҳзада ярақлаб,
Бахтинг ҳам топилгай.
Лаҳза гоҳ бахтингга
Қиличдай чопилгай.
Лаҳзалар, лаҳзалар —
Дилдаги ларзалар.
Лаҳзалар измида
Армону орзулар…
ЎРМОНДА
Исён кўтарилди — ҳақиқат талаб,
Шерлару қоплонлар бўлишди тараф.
Айиқлар ўкириб, бўрилар улиб,
Жангга аралашди ғазабга тўлиб.
Қулади қайинлар, титрар қарагай,
Ғажишди бир-бирин не деб сўрамай.
Қонлардан ер бўлгач қирмиз поёндоз,
Ҳақ қарор топгандай туюлди бир оз.
Жанг тинди, майдонда минг-минглаб қурбон,
Инграниб жон берди энг сўнгги қоплон.
Тулки-чи, тулки-да, ўз ишин билди,
Бир четда биқиниб, томоша қилди.
Ўчди жанг сурони, майдон тин олди,
Ўрмон тулкилару қуёнга қолди.
БОЛАРИЛАР ҚИССАСИ
Улар иноқ эди, битта оила,
Топганин ўртада кўришар баҳам.
Баҳор, ёз бол йиғар меҳнати билан,
Ҳамжиҳат ўйлашар қиш ғамини ҳам.
Тинч-тотув яшарди, мингга бир она,
Барчаси ўшангга бўлар гиргиттон.
Барчасин маскани биргина хона,
Минг жонга бир она азиз, меҳрибон.
Йил ўтди, урчиди авлодлар тағин,
Етишди орада яна бир она.
Низолар туғилиб, жанг бўлди қизғин,
Бу мушкул аҳволга топилмай чора.
Гўёки қўш ҳоким бўлгандай пайдо,
Узоқ давом этди жанжал шу хилда.
Иккига бўлинди, бошланди низо,
Ҳокимлик даъвоси — ҳар икки дилда.
Болчи бу низодан бўлдию огоҳ,
Устомонлик билан қўллади тадбир.
Бир гуруҳ арини кўтариб ногоҳ,
Янги бир масканга жойлади масрур.
Тағин бир оила бўлдию бунёд,
Уй-рўзғор ғамига киришиб кетди.
Ғўнғиллаб куйлашар шу дея ҳаёт,
Болчининг иши ҳам юришиб кетди.
Тағин тинч-тотувдир ҳар бир оила,
Тағин бол йиғмоққа қилишар амал.
Иккисин ажратган кайвони эса,
Иккисин болини олар бемалол.
ЖАВОБ
Эркин куйлай олмас митти булбул ҳам,
Токи у қўнмаса энг юксак шохга.
Разм сол тўрғайга, куйлаш-чун ул ҳам
Титраб талпинади осмон-фалакка.
Ҳаттоки тоғдаги у ҳуркак каклик
Куй ишқида қўнар баланд қояга.
Бургут ҳам ҳис қилар ўзини бахтли
«Ғурқуллаб» айланса чексиз самода.
Юксаклик қушларга бергандай илҳом,
Садога тўлдирар само жимлигин.
Инсон ҳам шу тақлид юксакликка ром,
Юксаклик кўрсатар кимнинг кимлигин.