Жамол Камол 1938 йил 26 апрелда Бухоро вилояти, Шофиркон туманидаги Чикарон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). Бухоро педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган (1959). Дастлабки шеърий тўплами — «Олам кирар юрагимга» (1968). «Чўққиларга ёғилди ёғду» (1971), «Тош туғён» (1973), «Ҳасан ва ой» (1974), «Қуёш чашмаси» (1975), «Достонлар» (1978), «Тафаккур» (1979), «Қадаҳ» (1980), «Сувайдо» (1983), «Умидли дунё» (1988) каби шеърий асарлар муаллифи. Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»си, Ибн Сино, В. Шекспир, Буало, А. С. Пушкин каби жахрн адабиёти сиймоларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2022 йил 27 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
ШЕЪРИЯТ
Кўл ётарди тоғларга туташ,
Мавжларига шамоллар шайдо.
Бир болакай нигоҳи оташ,
Бўлди бир кун соҳилда пайдо.
Уфқларга талпинган зилол
Кўзларига бўларкан пайваст,
Бир зум қолди ҳайрат ичра лол,
Ҳаяжонда лол қолди бирпас.
Дам бир ҳадик, дам ҳавас билан
Мовий кўлга бокди болажон.
Бир хўрсиниш учди лабидан,
Юрагига тушди бир армон.
Эгилди-ю, садаф қайроқни
Мовий кўлга ташлади аста.
Сув бетида яшнаб бир оний,
Пайдо бўлди зилол гулдаста.
Яна отди, яна.. пайдар-пай,
Юлдуз бўлиб сочилди тўзон.
Кўл чайқалди, тошди болакай,
Унут бўлди жумлаи жаҳон.
Шовуллаган тўлқинли дунё
Хаёлини қамради қучиб.
Бир пайт боқса, турар шалаббо,
Кўл ичида белдан сув кечиб.
Энтикди-ю, ўзни сергулув
Тўлқинларга отди болажон.
Сузар бўлса, иқболга ёр у,
Чўкар бўлса, фидойи бир жон…
ҚОЛДИ УМРИМ КЎКЛАМИ…
Қолди умрим кўклами
Кечмиш йўлим сўқмоғида,
Қатра нуру қатра кўз ёшим
Ёнар япроғида…
Қатра-қатра шабнамида
Шодлигимдир ёширин,
Ёшириндир ҳасратим ҳам
Қатра-қатра доғида.
Қатра-қатра нур тўкиб,
Бошимда ёнди юлдузи,
Ўпдим илҳом қатрасини
Ғунчайи титроғида.
Маст этиб кўнглимни бир дам,
Яшнади армонларим,
Акс этиб жонон фаслнинг
Чақнаган чақмоғида.
Ҳисларим селларга қўшдим,
Окди анҳори азим.
О, ўзим саргашта қолдим
Термулиб қирғоғида.
Эй Жамол, ёзинг етишди,
Битди умринг кўклами,
Бир парининг бир нафаслик
Бўсайи қайноғида…
УМИД
Олам ичра кимга еру
Кимга осмондир умид,
Кимга оламдек муқаррар,
Кимга армондир умид.
Кимки саҳрони чаман истар,
Умид дарёси бор,
Ким ёниб кўзлар фалакни,
Юлдузистондир умид.
Мен умид ўғлониман,
Ошдим хатарлар тоғини,
Отамен, энди довон
Ошгувчи ўғлондир умид.
Бу ҳаёт уммони кенгдир,
Кенг умидлар баҳри ҳам,
Кимга имкон, кимга даврон,
Кимга туғёндир умид.
Ўйла, жон берди Улуғбек,
Қон тутар душманни лек,
Занглаган эгри қиличга
Сачраган қондир умид.
Шамси анвардир тилим, деб
Элга келтирди имон –
Ул Навоийким, башарга
Нури иймондир умид.
Тонг-ла кел, деб ул паривашга
Саломлар йўлладим,
Тунда боргум, деб жавоб айтди,
Шабистондир умид.
Сен умидга банда бўлма,
Сен умидлар шоҳи бўл,
Кексалар дер: гоҳи раҳмон,
Гоҳи шайтондир умид.
Кимга қатра, кимга денгиз,
Кимга бир дунё қадар,
Ким учун оғриқли тандин
Чиқмаган жондан умид.
Ўз эли-ла ифтихор этса,
Жамолга айб эмас,
Ўтса гар минг йил жаҳондин,
Ўзбекистондир умид…
МЕНИНГ УВОҚ ШЕЪРИМ – МЕНИНГ ДИЛПОРАМ
(Туркумдан)
Қаршимда турибди умрим бир куни,
Менинг увоқ шеърим – менинг дилпорам
Тонг сийлаган, оқшом опичган уни,
Бир сатрида севинч, бир сатрида ғам.
Агар ғамгин бўлсанг, севинчим – нажот,
Шод бўлсанг, ол мана, ғамимни бердим.
Қанотинг бўлайин, сен ҳам бўл қанот,
Ҳамдардинг бўлайин, бўлган ҳамдардим.
* * *
Кўкка боқиб сукут сақлайди замин,
Ерга боқиб осмон сақлайди сукут.
Кўкнинг сукутида қанчалар мазмун,
Ернинг сукутида қанчалар ўгит…
Кўкдай бўлса ҳамки юксак, баркамол,
Ердай сукут сақлаб туради оқил.
Бирпас сукут сакдаб, ҳолингга кўз сол,
Бирпас сукут сақлаб, оламга боқгил…
* * *
Кўзда ёши билан кулади бола,
Илҳом асир этган шоирга монанд.
Шоир ҳам боқармиш ёруғ оламга
Боланинг мусаффо кўзлари билан.
Ажаб сеҳрлидир бу икки дунё:
Бирпасда севинчу бирпасда қайғу
Бири эрмак излаб, топади маъно,
Бири эртак сўйлаб, айтади орзу…
– Такдир, мени нега инсон яратдинг,
Кўксимда шодлигу ғамдан юз нишон.
– Мен сенга қалб ила шуур бахш этдим,
Билгин деб ҳирс нима, нимадир ҳайвон.
– Тақдир, нега мени меҳмон яратдинг,
Ярқ этган чақиндек кетгум бегумон.
– Мен сенга ўлчовли умр бахш этдим,
Билгин деб ишқ нима, нимадир инсон…