Ибраим Юсупов 1929 йил 5 майда Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани Азот овулида туғилган. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири (1975). Ўэбекистон Қаҳрамони (2004). Қорақалпок, педагогика институтини тамомлаган (1949). «Актрисанинг икболи» (1967), «Умрбек лаққи» (1971), «Мангу булоқ» драмалари, «Ажиниёз» либреттоси муаллифи. «Булоқлар қайнайди» (1960), «Олтин қирғоқ» (1962), «Дала армонлари» (1967), «Чўл тўрғайи» (1972), «Қора тол» (1988) ва бошқа асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Жаҳон адабиёти классикларининг асарларини қоракалпоқ тилига таржима қилган («Мангу булоқ», 1986). Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти лауреати (1974).
* * *
Оқ ўтов ортида ёвшанлар аро
Тутиб қолганимда йиғладинг титраб.
Мен энди шу ёвшан бўйига гадо,
Яшайман муаттар роҳатин излаб.
Туш пайт ухлай десам қўймайди шамол,
Рўмолингни олиб ёпдинг юзимга.
Сочларинг элитиб, ҳушим этди лол,
Топмадим бундайин атир ўзимга.
Бешикда гўдакли уйингга кирдим,
Она сути ҳиди этди маҳлиё.
Сут ҳидли атирни бекор кидирдим,
Ярата олмайди уни бу дунё.
* * *
Дўстларим бор, йўқмас душманим;
Ҳар кимнинг ҳам бордир бир ёви.
Яхши кўрса биттаси мани,
Ёқтирмайди бошқа бирови.
Одам бўлмоқ эмасдир осон,
Бу йўлда бор, балки кам-кўстим.
Феъл-атворим ёқмай ногаҳон –
Ташлаб кетар баъзи бир дўстим.
Тош тарафга оғса тарози,
“Жон дўстлар” ҳам сени дер “ёмон!”
Демай: “Бу гап ёлғонми, ростми”,
Нафратларин сочар беомон.
Майли, гапим, феъл-атворим гоҳ
Кимларгадир ёқсин-ёқмасин, Халқим!
Нафрат-қаҳрингдан, бироқ,
Йўқ, Худонинг ўзи сақласин!
* * *
Насибанг оқ бўлсин қишки даладай,
Қизил тулки ағнар азонги қорда.
Аёзнинг шиддати акс этар нурда,
Кўнглинг той чоптириб чиққан боладай…
Кўнглинг иссиқ бўлсин ёзги даладай,
Орзу денгизидай сароб милтиллар.
Жонинг сув истайди, сояни тилар.
Тун – роҳат. Юлдузлар ажиб порлагай.
Ҳаётинг яйрасин баҳорги даладай,
Қора сел ва тоғдан сой қулар – ҳалак.
Булутлар ортида рангин камалак,
Инсон орзулари гуллар лоладай.
Ақлинг комил бўлсин кузги даладай,
Янтоқ донлар, ҳаво мумдай тиниқар,
Кўнглинг аллакимни истаб зориқар
Тепангда чириллаб сайрайди тўрғай…
ИЗЛАНИШ
Умр – изланишдан иборат экан,
Изланарман, кундуз – қўлимда чироқ.
Нақл бор: “Изласанг – топасан” деган,
Ростми-ёлғон, синаб кўрмадим бироқ.
Излайман, тинмасдан варақлаб китоб,
Элнинг сўзларига қулоқ соламан.
Чўлда шамолларга қиламан хитоб,
Юлдузларга қараб ўйга толаман.
Излайман кун бўйи нақ қудуқ қазиб,
Терим – ёмғир каби ҳўл этганича.
Излайман тун бўйи қўшиқлар ёзиб,
Тонг уйқуси келиб йиқитганича.
Овчи чўлга чиқар шикор ўйида,
Турна ёлғиз қолса турнасин излар.
Тонг саҳарда қизлар булоқ бўйидан
Оқшом тушиб қолган сирғасин излар.
Асло сабрим етмас, асло тўзмайман,
Йўғин йўқотгандай қиламан сўроқ.
Бир нарсани умрим бўйи излайман,
У ахир нимадир – билмайман бироқ…
ВАТАН
Сен, эй амри вожиб, олий ҳукмдор,
Не қудратсан, қалбга ҳокимлик этган?
Биз тугул, не улуғ, доно шоирлар
Сенинг таърифингни айтолмай кетган…
Бағрингда қанча халқ – мардоналар бор,
Улар ғурурини кўтаролмас тоғ.
Бироқ сенсиз улар – қанотсиз шунқор,
Қайноқ меҳри сенга бахшида ҳар чоқ.
Меҳнат ва ақлдан обрўси баланд,
Улуғлар яшайди бағрингда омон.
Бирор номард сенга берар бўлса панд,
Чақирсанг, “лаббай” деб келар шу замон.
Бири отдан тушиб, бири – тахтидан,
Гуноҳкор болангдай корингга ярар.
“Ватан” деса олов тўсмас шахдидан,
Ўққа киприк қоқмай типпа-тик қарар!
ҚАТРАЛАР
* * *
Кўнгил – йўл бўйида ўсган бир эман,
Туйғу – булоқ айтар шан ривоятлар.
Турфа хил қуролу турфа қўл билан
Танасига ёзуқ эрур дастхатлар.
* * *
– Тоғнинг қора тоши, йиғлайсан нега?
Сен кимдан хафасан – дил-бағринг гарён?
– Э воҳ, ҳозиргина тошдиллар бунда
Ҳақиқатни қилди роса тошбўрон…
* * *
Тўғри келмас сенинг ақл тошингга,
Ҳар кимнинг ўзича ўлчов тоши бор.
Енгил келсанг, у-ку кулар устингдан,
Оғир келсанг – ёғар қабоғидан қор…