1956 йилда туғилган. Самарқанд Давлат педагогика институтининг филология ҳамда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетларида ўқиган.
Унинг “Осмондаги фаришта”, “Бухорода гужумлар гуллади”, “Қуш киприги” сингари шеърий ҳамда бир қатор насрий-тарихий асарлари чоп этилган.
Айни пайтда, “Бухоро оқшоми” газетасида фаолият юритмоқда.
БОБОМ ШАҲАР КЕТДИ
Нимдош хуржун обдон ювилди.
Кўйлак-чалвор тикилди янги.
Ковуш, маҳси мойлангач, секин
Ҳассанинг ҳам ўзгарди ранги.
От ёлига тароқ берди зеб.
Қўлрўмолга сепилди гулоб.
Пуфлаб-пуфлаб узум узилди,
Том бошига келганда маҳтоб.
Ёғли кулча ҳиди анқиди,
Соз идишга сиғди сариқ ёғ.
Масжид устун ҳансираб чопди,
У уловга миниб кетар чоғ.
Итимизнинг феъли бузилди.
Сал-пал ҳордиқ чиқарди кетмон.
Қамишқалам сиёҳдон миниб,
Ўтиб кетди қўшни уй томон.
“Мен ҳам…” деди сарҳовуз толи.
Сал ранжиган бўлди уйгужум.
Қўриқчининг кетганин кўриб,
Қушлар боққа ёприлди шу зум.
* * *
Бу дунёнинг зорлари,
Юрагимдан ташқари,
Яшил кўнглим ичида,
Гулчангларнинг сафари.
Мой қоғоздан мой ичди,
Белбоғингиз гуллари.
Зарафшоннинг заридан
Гўшанга тикди пари.
Чорбоғи шом қизарди,
Деворлари нилуфар.
Ялпиз тугган уруғлар,
Фалакдан олди хабар.
Қарсак чалдим Жамшиднинг,
Жомлари шарбати дил,
Туғ пойида бош урдим
“Машраб тургил, тур, тирил!”
Қаламимнинг ковуши,
Пойгакни қилса меҳроб,
Бухоронинг базмлари
Гулхона бўлди, офтоб!
КЎНГЛИМГА КИРГАНИНГ МУБОРАК
Кўзгунинг ортидан югурдим,
Кипригим мулкига сиғди шом.
Бўйнимга маржондай осилди,
Хайёмни қўмсаган эски жом.
Бошимни осмонча кўтардим,
Елкамда қуш ёзди жойнамоз.
Тоҳирлар сандиғин ичидан
Қулф бузиб топганим кўк парвоз.
Кулгунгни тўтиё шимди-ю
Дуолар бўлганда дилқалқон.
Ёнимда турганинг нуридан,
Белимни боғлади Зарафшон,
Кўнглимга кирганинг муборак…
ЁЗ РАНГИ
Ниначи қиз турмушга чиқди,
Куёв қилди бир давра ари.
Теракларни титроққа қорди,
Қовунларнинг пишган хабари.
Сўқмоққамиш қайрилиб ўйнар,
Бошларида шамол елпиғич.
Шомдан ўзин мақташга тушар,
Чигирткалар тили бир қарич.
Кунда юзин минг бор ювади,
Чиғирларга ёпишган кўза.
Тутунтандир ҳидидан сармаст,
Дастурхонлар тортар хомуза.
Аравалар қишлоқ қайиғи,
Чумолидай уйғонар саҳар.
Қиш косаси оқармас эди,
Шу хўрозлар бўлмаса агар.
Бир-бирини қитиқлаб кулар,
Сувтўлқиннинг эрка қизлари.
Токзор томон чопиб боради,
Кирпиларнинг тунги излари.
КАТТА ҲОВЛИ
Онам — олма дарахти,
Отам — қишлоқий терак.
Бобом дер: “Уйлан болам,
Уйимга меҳмон керак!”
Онам хутба тинглади,
Отам гуллашга интиқ.
Бобомнинг чўнтагидан
Чопиб чиқди чимилдиқ.
Онам кунга суянди,
Отам санаб юрди ой.
Бобомнинг кенг ҳовлиси,
Қушчалардан бўлди бой.
Онам — она қалдирғоч,
Отам энди қайнарқум.
Бобомнинг тиззасида,
Улғайяпти ўн гужум.
ХАЗОНРЕЗ
Ёмғир яна донолик қилди,
Япроқларни ювиб қўйди шом.
Лойшувоққа ботмас томчини,
Тарнов томон йўллаб қўйди том.
Хурмозорлар камзули шоҳий,
Ярқирайди чиққанда офтоб,
Настаринлар тўпдан бўй чўзар,
Эрта-индин бўлай деб гулоб,
Боғ дарчалар худди Искандар…
Дарахт юкин ўлчар ўлчагич,
Тарозилар фалакка қайтгач,
Қатортоллар чайнайди сақич…
БОЛАЛИК
Сувялпизга тушимни айтдим,
Соҳилларга чалиб бердим най.
Томга чиқсам шабада чорлар:
“Кел, сочингни мен ўзим тарай!”.
Қўзигуллар кулишни билар,
Чумолилар киймайди кавуш.
Қишлоқдаги кишмиш ишкомлар
Саноқларин аниқ билар қуш.
Ниначилар кўзлари коса,
Кўзгуларга сиғмайди боши.
Сузма халта тешар ҳакканинг
Менга ёқмас ўғри қароши.
Варрагимни бузиб кетди дўл,
Ипларини излайди каптар.
Саҳро қизил қабо кийганин
Қизғалдоқлар берганда хабар.
Ялтир-юлтир тилла қўнғизлар
Кўз ўйнатиб учса тўрт томон.
Ҳайрон, улар ортидан кетдим…
Ҳамон уйга қайтишим гумон…
БЕШИКСОЗ
Кундузларни сийлаб ишлайди,
Оқ тунлардан кияди пўстин.
Ҳовлиларнинг тўри-тўридан
Тушида ҳам излайди дўстин.
Дарахтларнинг пўстлоғин ҳидлаб,
Ёғочларнинг қаричлаб белин,
Теракзорга совчидай бориб,
Дўконига туширар “келин”.
Гулкосалар тебранишлари
Намозидай бўлиб кетган ёд.
Қоратоллар иккинчи умрин
Бешик қилиб айлайди обод.
Кўзмунчоқдан танлаб қоровул,
Боларидан чорлаб харидор,
Боғисириқ тутатиб оқшом
Тол бешикка суртади оҳор.
Сачратқигул сакраб кетади,
Жуфтин чорлаб сайрар ҳумоюн.
Лайли довча еганин кўриб,
Борар бешикбозорга Мажнун.
“Гуллаётган ўрик” сурати
Туякашдай шамол жонсарак,
Боларилар “ноханда” меҳмон.
Юлдуз қулай дейди осмондан,
Ой лабини тишлар ҳаяжон.
Сўзсиз қўшиқ янграр. Новдалар
Гулоб ютган каби шайдойи.
Ҳовуч-ҳовуч куртакчаларнинг
Кенг бағрида юракнинг жойи.
Тебранишга тушар гулчанглар,
Қуёш доя каби кўп диққат.
Ўқ илдиз бир тебраниб кетгач,
Кўзин очар саноқсиз хилқат.
Дарахт бошдан илдизигача,
Чопиб борар яшил фароғат.
Мўъжаз боғин мушкборон қилар,
Бир оёқда турган гулсават…
МУҒАНННИЙ
Қумсоатдай тўкилиб турар,
Манқал мисол борлиғи оташ.
Ҳатто узоқ-узоқ йўл босиб,
Суҳбатига келар туякаш.
Карвонсарой лутфига маҳтал,
Шоҳдарборда жойи-дилбайроқ.
Ҳамма қамиш мисол терлагач,
У пойгакда чиқарар чарчоқ.
Қўлин чўзса сувялпиз ҳам уд,
Пуф-пуф деса, сурнай-сандувоч.
Соз пардасин атрофида тун
Ҳалқа бўлиб ухлар қайрағоч.
Лайливашлар гардипои у,
Оҳанг бўлар кўнгил яраси.
Баъзан танбур юзига оғзин
Қўйиб куйлар юрак пардаси.
“Савти аъжам” авжида қишлаб,
“Сарахбор”дан чиқиб келса шом.
Уд мизробин кафтини ҳидлаб,
Чангланишга улгурар бодом…
ОНАМ ХОТИРАСИ
Учар гилам энди учмайди,
Ёрилтош ҳам ёрилмас такрор.
Онам кўзин юмгандан бери
Менга эртак айтмайди баҳор.
Сувпарилар сув билан кетди,
Қайнархумча энди чиғаноқ.
Қўзиқорин қалпоғин кийиб
Токзорларда юрар шамчироқ.
Қалдирғоч ҳам илонга ошна,
Очилмасдан ётар дастурхон.
Бақатерак бақрайиб қолди.
(Хўрак излаб юрар палахмон.)
Боларилар ёввойи йўрға,
Гавҳар эмас шамшод япроғи.
Жала куни кўприк бўлмайди
Мисқол пари кумуш тароғи.
Кураш тушмас қуюн-ла ботир,
Бешик ясаб, семирмас лайлак.
Олтин тухум қўяр товуқ ҳам
Излаб юрар ҳовлида катак.
ИИЗЛАДИМ
Кўзингни кўзимдан изладим,
Дунёни қоплади хавотир.
Бошини “Ёсин”га ўқитди,
Гуланжир, гуланжир, гуланжир.
Изингни йўллардан изладим,
Сўқмоқлар жам бўлиб чалди уд.
Худонинг олдидан қайтмади,
Машрабни оғритган шом сукут.
Сўзингни оловдан изладим,
Вулқонни суғорар кўр роҳиб.
Майхунлар юраги ёрилар:
Ғаройиб, ғаройиб, ғаройиб.
Ўзингни ўзимдан изладим,
Ўнг кўксим ичида кошона.
Мен ичда яшасам, ташқари:
Вайрона, вайрона, вайрона.
Кўзингни кўзимдан изладим…