Ҳусниддин Шарипов 1933 йил 10 февралда Поп шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1983). Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг ўрмон-мелиорация факультетини тугатган (1949— 54). Дастлабки шеърий тўплами — «Ниҳол» (1956). «Кўнгил буюргани» (1961), «Қуёшта ошиқман» (1963), «Тупроққа қасида» (1965), «Лирика» (1970), «Ҳаяжонли дақиқалар» (1980), «Оҳ, гўзал» (1981), «Ёр истаб» (1992), «Асирингман» (2003) сингари шеърий тўпламлари ҳамда «Дўстим Тожиддин» (2001) номли воқеий қисса муаллифи. «Бир савол» (1972) шеърий романи ҳам бор. Пьесалари республикамиздаги мусиқали драма театрларида саҳналаштирилган («Сени севаман», 1958 ва бошқа). Кўплаб шеърлари қўшиқ бўлган. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (2001).
АҲИЛЛИК
Авлодлар сафида шиддат янгидир,
Давр хотирини этгайдир обод.
Ўшандан бошлангай: «Ниятлар эзгу!»
Деган шиорини ҳар янги авлод.
Кимдир арбоб бўлар, ким эса — ишчи,
Вақт — бу учқур тулпор, беролмагай дош.
Бахтни аҳилликдан излаган киши,
Бахш эта олади юртга ҳам ривож.
Ҳаёт достонига ҳуда-беҳуда,
Ёзилмас ҳеч қачон кимнингдир исми.
Гўзал туш кўрмоқчи бўлсак уйқуда,
Гул экиб безаймиз кундузимизни.
Чамамда, ҳавомиз қозони қизиб,
Уч карра болланди мевалар бу йил.
Эй қалбим гулоби, томирдан сизиб,
Жўш ургин, муҳаббат наҳрига қуйил!
ҚАЛБИМИЗ ҚОНУНИ
Фарзандинг хоҳ ўғил, хоҳ барно қиздир,
Қалбига муҳаббат сувратин чиздир.
Ҳар озод юракдан таралсин наво:
Элимга саодат — қонунимиздир!
Кўкда кезиб борар ер шари бедор,
Хавотир олмагай бу яшил диёр:
Сарҳадлар мустаҳкам, посбонлар ҳушёр,
Ватанга садоқат — қонунимиздир!
Умр гарчи эмас — сайру саёҳат,
Ҳеч ким тақдиридан қилмас шикоят.
Қўлга қўл берайлик: ёшлик — шижоат,
Кексага фароғат — қонунимиздир!
Заминни ардоқлаб юртим деҳқони,
Боғлари сўлимдир, бутундир нони.
Жаннатни кўргандай яйрар меҳмони,
Меҳр ва саховат — қонунимиздир!
Нур эмган ғунчалар гулга айланар,
Бу гул бир фаслда болга айланар.
Соат ҳам биз билан олға айланар,
Шу йўлда адолат — қонунимиздир!
ЯШАЙДИРМАН
Ҳаётимни қилиб хониш яшай дерман, яшайдирман,
Нетайки, йўқдир осон иш, яшай дерман, яшайдирман.
Баҳор, ёз, куз бошимдан сочдию гул, мева, япроқлар,
Қитиқлаб қочди саксон қиш — яшай дерман, яшайдирман.
Қарибсан-ку деманг, илҳом парисин ёр этибманки,
Берар умримга оройиш: яшай дерман — яшайдирман.
Оқар сатр ичра ҳар оним, уззу-кун тўлғанар жоним,
Насибам бўлса ҳам ёниш, яшай дерман, яшайдирман.
Қалам ер ўз ичин, эвоҳ, олар ўч сўнгра қоғоздан,
Қоғоз шод, ёғдирар олқиш: «Яшай дерман, яшайдирман!»
Ширин тушлар безаб, эртакка айлангач туним гоҳо,
Ҳукмроним бўлар дониш — яшай дерман, яшайдирман.
Биларман бир бинокордек, ғазал қасрин деворига
Қўйилмас хом ва арзон ғишт — яшай дерман, яшайдирман.
Сўзимнинг мағзи шулки, назм отлиғ бу бўстонда
Музаффар, мисли Алпомиш яшай дерман, яшайдирман.
Тугаб назмимда кам-кўстлар, табассум айлагач дўстлар,
Юрак ҳам берса фармойиш, яшай дерман, яшайдирман.
Бир ҳикмат кашф этолсам бас, қизитиб дил бозорини,
Бўлиб бошимга бахт болиш яшай дерман, яшайдирман.
ОТ ИЗИДАН
От изидан тойи келар,
Бир ўйноқи куйи келар.
Ёрим ўтган боғкўчадан,
Гуллоланинг бўйи келар.
Ёшлик деган йўл тозадир,
Пок севгидан андозадир.
Муҳаббатим зиёсида,
Дил ғунчаси гул ёзадир.
Куйлар булбул гулзорига,
Талпинар дил ўз ёрига.
Таъзим айланг, вафодорлар,
Чин муҳаббат диёрига.
От изидан тойи келар,
Най навоси, куйи келар.
Ёрим ўтган боғкўчадан,
Гуллоланинг бўйи келар.
ПОКИЗА НОМ
Ватан кўп асрлар, курашлар ҳамда
Номаълум деҳқонлар ижоди эрур.
Уни юксалтирмиш ёруғ оламда
Ҳазрат Навоийлар бахш этган ғурур.
Аланга тилидай беқарор ҳислар
Шеърга айлангандек ногоҳ илҳомдан,
Ватан бошланади сиз билан бизлар
Авайлаб асраган покиза номдан.
ДАҲОЛАР КЕЛГАЙ
Ҳаёт ишқи ёнар жонимда,
Босиб ҳоврим, саболар келгай.
Умр мағзин чақар онимда
Улуғлардан нидолар келгай:
«Иймонингни авайлаб, Инсон,
Этар бўлсанг муҳаббат эҳсон,
Насибангдир ҳалол, тотли нон
Ва ҳаққингга дуолар келгай!»
Бу сўз олтин баробар, дўстлар,
Кўнгил қушдай ҳаволар, дўстлар,
Алам-дардим даволар дўстлар,
Нигоҳимга зиёлар келгай.
Шукрларким, баланддир бошим,
Олисдан ҳам ярақлар тожим,
Бутун олам бўлиб қардошим,
Қаторимга даҳолар келгай.
Кулаб тоглар, ғанимлар ғойиб,
Бу йўлдан ҳам ўтармиз ғолиб,
Агар юрсанг ҳаётдан нолиб,
Самоватдан садолар келгай:
«Иймонингни авайлаб, Инсон,
Этар бўлсанг муҳаббат эҳсон,
Насибангдир ҳалол, тотли нон
Ва ҳаққингга дуолар келгай!»
БАРДОШ
Уят ё айб эмас эгилса киши,
Ота фарзанд учун қуллуқ қилар гоҳ.
Пешонанг тупроққа теккани яхши
Онани заминга қўяётган чоғ.
Сабаб бағоят кўп бош эгмоқ учун,
Ҳеч гапмас ўтмоғи умринг букилиб.
Таажжуб қилишмас,
Бир кунмас-бир кун
Умуртқа поғонанг тушса тўкилиб.
Ўзинг-чи?
Бўлсанг гар сифат нозири,
Умрингга босардинг не деган тамға?
Эсла ўтмишингни,
Ўйла ҳозирни:
Нимага бош эгдинг?
Қандай одамга?
Битта қуллуғингга арзирмиди у?
Битта армонингта бўлдими шерик?
Инсон ёлғиз экан, ичади оғу,
Инсон ҳамдардларнинг тафти-ла тирик.
Сен, ахир, ичингга ютсанг-да ёшинг,
Барибир,
дардингдан этгали огоҳ,
Қоп-қора соч ила эгилган бошинг –
Қайта тиклангунча бўлади оппоқ.
БЕҒУБОРЛИК ҲАҚИДА
Кўксингдан жой берсанг зарра риёга,
Киришинг мушкулдир янги дунёга.
Шунинг-чун, эҳтимол,
Заминни офтоб
Айлантириб кўрар,
тутиб зиёга.
КАМТАРОНА…
Ҳаёт деҳқонга ер этибди ато,
Темирчига – босқон, чумолига – хас.
Мен юрмоғим учун яйраб эл аро
Қалам кўтаргудек қувват берса бас.