Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» (1991), «Хўрлик ўти» (1993), «Бу кунларга етганлар бор» (Сайланма, 1994), «Тўмариснинг айтгани» (1996), «Сайланма» (2000), «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган. Т. Миннуллиннинг «Алла» пьесаси шоиранинг авторлаштирилган таржимасида Ўзбек миллий драма театри саҳнасида кўйилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990). Шоира 2018 йил 17 август куни Тошкент шаҳрида вафот этган.
ДАЪВАТ
Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,
Ёзганда кўксимга тиг уриб ёздим.
Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,
Қаламни қонимга ботириб ёздим.
Қон асли ёруглик. Ёруғлан, тиз чўк,
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса – Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар!
ОЛДИМДАН ОҚҚАН СУВ
Яшамоқ фароғат, яшамоқ азоб,
Бекорга эгилмас Сиздан бошқа кўк,
Кўнгилларни овлаб умрим бўпти соб,
Сизнинг кетишингиз хаёлда ҳам йўқ.
Олдимдан оққан сув, беқадр сувим,
Умрида бир яйраб, ёзилмаганим.
Бор туриши шафқат, бори сир сувим,
То қуриб қолгунча сезилмаганим.
Бошқалар ёнимдан кетмасин дебман,
Вақт топиб уларга борибман тонг-кеч,
Бошқаларга озор етмасин дебман,
Сизга ҳам етишин ўйламабман ҳеч.
Бошқаларга чопдим шаҳар, кентда ман,
Бир қайтариб ё бир кесатмадингиз,
Манам ғаниматман, манам кетаман,
Деб нечун бир бора эслатмадингиз?
Онам, онам-а?!
ДЕМАККИ, СЕН ШОИРСАН
Нафақат…
Ўтсанг ёзиб,
Куз янглиғ сўлиб, озиб,
Бозиллаган чўғ босиб,
Қўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.
Олтинми
Ё олмосда,
Тиғда юролсанг, рост-да,
Итқитса, оёқ остда,
Тўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.
Нафақат
Кўтарса халқ,
Кўксингдан итарса халқ,
Пешонанг намакоб, талх,
Шўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.
Нафақат
Зар, зўрларни,
Узсанг тўсин, тўрларни,
Чайқалтирсанг гўрларни,
Гўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.
МУҚАДДАС АЁЛ
Ошиқларинг пойингта гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди,
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Аввал: «Кел-эй, қучоғимга тўл, балқ», дедилар,
Унамадинг, аёл ўзи терс «халқ», дедилар,
Ичолмагач юз ўгириб, шўр, талх, дедилар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл, – деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим, – деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов отдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврага бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жавдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
ЙЎЛДАДИРМАН
Йигирма йил ўтди интизорликда.
Андрей Вознесенский
Сиз кутасиз. Менам бораман.
Учиб бородурман худди ўқ.
Фақат… олдин хат юбораман,
Ўша хатни ёзганимча йўқ.
Кўнгил ичга тўкиб борини,
Бир йил, ўн йил ўтди, бу кўпми?
Айрилиқнинг алафзорини,
Биргалашиб ўрамиз, хўпми?
Йигирма йил, ўттиз йил ўтди,
Кўзингизга малол инмасми?
Ўттиз йиллаб говлаган ўтни,
Ўрар чоғи чалғи синмасми?!
Қирқ йил ўтди. Мен тез бораман,
Ранжимангиз, гувоҳ еру кўк!
Фақат… олдин хат юбораман,
Хатни… ҳали ёзолганим йўқ.
Учиб бородурман худди ўқ,
Бу ҳолатни қандай шарҳлайман.
Борган сари ўрмонзор қуюқ,
Мен куйиниб чалғи чархлайман.
Сиз кутасиз. Менам бораман.
АЁЛ ЎТИБ БОРАР
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин
Курагимнинг синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйготмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.
Баланд бир ўт ёнган ичимни
Мен совутиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.
Аёл ўтиб борар… шўх юриб,
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл.
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин…
ХАТО КЕТДИМ
Оқлайман деб дунёни кирланиб битдим ўзим.
Абдулла Тўқай
Кулгаи мен эмасман.
Менмас йиғлаган,
Симсим сирқираган сато, кетдим мен.
Мозий қаърларидан инжу йиғмаган,
Бугунга сиғмаган садо, кетдим мен.
Гоҳ тикан кўкларкан гулзорларида,
Кўнглим ерга кирди озорларидан.
Кир-чир қўллар тегиб бозорларида
Оҳори тўқилган мато, кетдим мен.
Пайдо. Шайдо эдим. Нопойт айладилар,
Барги хазонимдан байт айладилар.
Жайрондай жонимни сайд айладилар,
Жоним сайёдларга ато, кетдим мен.
Дунёга нурли йўл солмоқчи эдим,
Банди бўлдим, гарчандки соқчи эдим.
Дунё доғини кетказмоқчи эдим,
Ўзимга доғ тегди. Хато кетдим мен.
Кулган мен эмасман. Менмас йиғлаган…
ДУНЁЛАРГА СИҒМАГАН ҒАВҒО…
Биз кетганда ўзимиз еру,
Кўнгил осмон, кўкка кетгаймиз.
Кекирганнинг ёнига эмас,
Чўғни босиб, чўққа кетгаймиз.
Сотқин, ўзғир ўтмаганида,
Хоин ором кугмаганида,
Номус биздан кетмаганида,
Кўкрак тутиб, ўққа кетгаймиз.
Боғ кўрмадик кирганда боққа,
Доғ қўшилди доғ узра докқа,
Кўнгил лим-лим тўлган.
Тўкмоққа Ёшли қорачуқка кетгаймиз.
Қиш ортидан ўтар кўклам, ёз
Тополмасмиз. Кўнгли мослар оз,
Ўзимиздай ғарибга пешвоз
Биз тушмасмиз чўкка, кетгаймиз.
Умрнинг тонг, шомларида ҳам
Бутлансак деб чекдик озор, ғам.
Боламизнинг томларидан ҳам
Ўтаверар чўкка, кетгаймиз.
Зарб ермиз, зарб тушириб ёвга,
Тирикликнинг ғами ҳам совға,
Дунёларга сиғмаган ғавғо,
Бир кун жим-жим, йўкқа кетгаймиз.
ОНА ЭЛИМ
Она элим дўстингга дўсту
Душманингга хавфу хатарман,
Жилғалардай чулдираб ўсдим,
Илдизингдан келган хабарман.
Ёнган они ё сўнган они
Кетган борми меҳрингга қониб,
Тонготарда сен деб уйғониб,
Кунботарда сен деб ботарман.
Болам дединг ҳар коримда ҳам,
Қувончиму озоримда ҳам.
Бир кун… бир кун мозоримда ҳам
Сени суйиб ўйлаб ётарман.
Сув сўрасам сен узатдинг бол,
Бир ғунчанг ҳам кетмасин увол.
Билмагин деб тоабад завол
Боғларингга бўйлаб ётарман.
Камон, ўқли бўлгин, бўлма кам,
Гўдакларинг кўрмасин деб ғам,
Ёнимдаги шерикларга ҳам
Пичир-пичир сўйлаб ётарман.
ОТАСИДАН ЎЗГАНИНИ БИЛДИРМАС
Дардин четга чиқаради қайси шер,
Она арслон озганини билдирмас.
Нодон “Тақдирни ўзим яратдим”, дер,
Қодир Худо ёзганини билдирмас.
Сиртдан боқсанг кўнгил овланаверар,
Шаҳд олдинга ташлар довланаверар,
Товус зийнатланар, товланаверар,
Патларининг тўзганини билдирмас.
Есир нонни қандай етказади-ю,
Гўдагига қандай тутқазади-ю,
Есир тунни қандай ўтказади-ю,
Етим қандай ўсганини билдирмас.
Шарқ боласи, майли ёвқур ё дайди,
“Ботир бўлсанг аввал мени енг, — дейди, —
Аввал ошиқ бўлган менман, мен!”, дейди,
Аввал қиз кўз сузганини билдирмас.
Шарқ боласи
Яссавийнинг боласи.
Дунёларни титратса ҳам ноласи,
Ундан фақат камсуқумлик оласиз,
Отасидан ўзганини билдирмас.
БИЛМАСЛАР
Кўрдим қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар билмаслар.
Жамалаксоч парипайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар билмаслар.
Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари.
Боғларининг ширин забон қушлари —
Олқорлари кетиб борар билмаслар.
Отлари-я, қорабайир отлари,
Гижинглади деб ўйласам, додлади.
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади —
Шунқорлари кетиб борар билмаслар.
Кузатиб бу дунёнинг ўр, қирини,
Билмай қолдим келмак, кетмак сирини.
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар билмаслар.
Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда,
Ҳалима ҳам ўтиб борар билмаслар.
КЕКСАЛАРГА
Маҳкам ушланг бир-бирингизни,
Айирмасин қишнинг қорлари.
Биродарлик асрайди сизни,
Асрар эски ишқнинг зорлари.
Ҳазир бўлинг, кетманг тойиниб,
Қаттиқ ерни қайириб босинг.
Кўнглингизнинг унут ойини
Тез-тез эсланг. Хаёли боссин.
Бу маслаҳат ё эмас бир дарс,
Бирга бўлинг, бўлмай ҳоли танг.
Жар лабида кексайган йўлбарс,
Бир-бир босиб юради аранг.
Маҳкам ушланг бир-бирингизни,
Бола-чақа… баридан ортиб.
Тишда тишланг бир-бирингизни,
Токи кўпроқ олмасин тортиб.
ИНЖУЛАР
Тикланишнинг асосин ғам-ҳасрат беради,
Ўзига осон. У берса қат-қат беради.
Гар юкинсанг Нажмиддини Куброга юкин,
Байроқ деб жон бермоқ дарсин ҳазрат беради.
* * *
Кетган кетаверар қатор олдида,
Бор созлар чекингай бир тор олдида.
Дунёнинг бор аттор, савдогарлари
Ҳеч ким… Фаридиддин Аттор олдида.
* * *
Кўкармоқ не, билмасдим бу зумгача,
Кўклаб кетди майса қиёғимгача.
Боштин-оёқ суйиб разм солди ёр,
Гуллаб кетди боштин-оёғимгача.
* * *
Гарчанд ер юзининг қора-оқимиз,
Гарчанд ганж, гувала томи, тоқимиз.
Гўзал дунёларга бошлар йўл асли
Сизнинг билан маним иттифоқимиз.
* * *
Кетган кетгай қолганларни яролаб,
О, буюк ишқ, бор инкорни қилур даф.
Қиз қабрида қизғалдоқ очилармиш,
Йигит ўтса қабрларни оралаб.
* * *
Ўйламанг, бозорда ҳумо ё сор йўқ,
Олибсотарларда ҳар не бор, ор йўқ.
Ўмариб кетарди агар бўлганда,
Яхшики, иймонни сотар бозор йўқ.
* * *
Ҳозирлан, бир шиддат, шаҳд келаётир,
Йўлда сенмас. Кўк дарахт келаётир.
Ватан деб аталмиш қадргоҳларда,
Байроқдай ҳилпирар вақт келаётир!