Ҳалим Карим – филология фанлари номзоди. 1960 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) битирган. Ижодкорнинг “Мана, мен борман”, “Юрак билан сўзлашув”, “Кўнгил ҳаловат истайди” шеърий, “Туйғулар талқини”, “Андижондан эсган саболар”, “Тарихий шахс ва бадиий образ” адабий мақолалар тўпламлари нашр этилган.
* * *
Шукр, яна тонгни кўрди кўзларим,
Субҳ насими силаб ўтди юзларим,
Азон айтиб бошланади сўзларим,
Яна бир кун берганингга минг шукр!
Саҳар сархуш тебранади тераклар,
Қушлар сайраб ҳаёт отин дараклар,
Тирикликдан ҳапқиради юраклар,
Яна бир кун берганингга минг шукр!
Бизларсиз ҳам тонг, албатта, отарди,
Ташвиш тўла оддий бир кун ўтарди,
Уйғонмасдан кетиб қолсам нетарди,
Яна бир кун берганингга минг шукр!
Оёқ қўйдим яна азиз тупроққа,
Қўлим тегди атиргулу бутоққа,
Ҳали ҳозир эмасдирман сўроққа,
Яна бир кун берганингга минг шукр!
Танбал қалам бугун юрар мардона,
Ўғил-қизим атрофимда парвона,
Тонгги шеър-ла сенга айтай шукрона,
Яна бир кун берганингга минг шукр!
Саҳарлаб олисдан нур берар Миррих,
Ҳур элнинг ҳар кунин битган муаррих,
Юртимда бошланар янги зўр тарих,
Яна бир кун берганингга минг шукр!
ИЗҲОРИМ
Меҳрим изҳорини айтайин қандай,
Мадҳингга муносиб ҳеч сўз бормикан?
Азиз, мукаррамсан тандаги қондай,
Онажоним – жон Ватан, жоним Ватан!
Вужудим оғритар мисоли тиғдай,
Ерингга санчилса кичкина тикан.
Кўнглимда ҳилпираб тургайсан туғдай,
Онажоним – жон Ватан, жоним Ватан!
Онам ўтганида пешонам силаб,
Отам кетганида бўлдинг жону тан.
Қарзим кўп, яшайман камолинг тилаб,
Онажоним – жон Ватан, жоним Ватан!
Гар қутлуғ бағрингдан беролсанг бир жой,
Кетар чоғ шарт эмас ҳаттоки тафтдан.
Фақат кўз ўнгимда тўкиб тур чирой,
Онажоним – жон Ватан, жоним Ватан!
* * *
Авжга чиқар мусиқа,
Базм қизиб боради.
Чолғувчи ҳам антиқа,
Куйларидан чалади.
Оёқларнинг гупури,
Юракка кўчар аста.
Тантананинг сурури
Ғамни тўкар бир пасда.
Барча хуррам, барча шод,
Барча кулар қийқириб.
Фақат мен бир четда, дод,
Ўлтирибман қимтиниб!
Қўрқаман тан олишдан,
Дилда ҳасад ё ҳавас?
Наҳот, қалбим йиғлашдан
Бошқага ҳеч ярамас?!
Эй муғанний торингни
Кўнглим каби созлагин.
Навога сол зорингни
Менинг каби бўзлагин…
…Чолғувчи ҳорди чалиб,
Ёзилмади ҳеч ғашлик.
Сезмай қолибман, мени
Ташлаб кетибди ёшлик.
АНДИЖОН
Бир янги сўз айтармиканман,
Етармикан мендаги имкон?
Таърифингни эплармиканман,
Боланг бўлиб, она Андижон!
Боланг бўлиб не ҳам қилибман,
Яролдимми бирон корингга?
Шунча яшаб энди билибман,
Асқотмабман йўғ-у борингга.
Гарчи шаҳар – ота маконим,
Дала-қиринг кезганларим рост.
Парвозларга етмай имконим,
Сенга маҳкам ёпишганим рост.
Бола эдим етим ва ўксик,
Икков эдик эт билан тирноқ.
Меҳринг билан ўстирдинг ўзинг,
Киндик қоним тўкилган тупроқ.
* * *
Кўзларингни яширгин мендан,
Алам билан бургил юзингни.
Мен ҳам буткул қочайин сендан,
Тополмагин сира изимни.
Кўзларингни яширгин мендан,
Забт этмагин қалбимнинг тўрин.
Ташвишлардан толган юракда
Муҳаббатга топилмас ўрин.
Кўзларингни яширгин мендан,
Ҳар кўрганда титрамоқ нечун?
Наҳот, севги ақл ва бурчдан,
Фарзандлардан бўлолса устун?
Кўзларингни яширгин мендан,
Мен ҳам ахир олай ҳаловат.
Зўр келолмай тошган ҳислардан,
Кўзларингдан сўрайман шафқат.