Гулрух Худоёрова 1992 йили туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг филология факультетини тамомлаган. Республика ёш ижодкорларининг “Истеъдод мактаби” VIII семинари иштирокчиси. “Сен ҳақингда сўз айтсам” шеърий тўплами чоп этилган.
* * *
Томирим – муҳаббат илдизи,
О, менинг юрагим – кўзимда.
Гар сенга етолсам бир куни,
Ўшанда қайтаман ўзимга.
Унгача шаклман бор-йўғи,
Унгача жони йўқ сояман.
Қалбимнинг тош эрур бир ёғи,
Бир ёғи лой эрур – тояман.
Унгача тафти йўқ қуёшман,
Унгача қайғуга қардошман.
Сенга ҳам етарман, унгача
Мен аниқ бардошман, бардошман…
Унгача қийналгай, эзилгай,
Йиғлагай кўзимнинг юраги.
Мен, ахир, қайғунинг бутуни,
Мен, ахир, бахтнинг бир бўлаги.
* * *
Балки яхши сўзим унутдинг,
Унутгансан ёмонларин ҳам.
Менинг йўлим фақат сен томон,
Кўпдир балки томонларинг ҳам.
Балки унутгансан ишқ розинг,
Балки севдим демассан қайтиб.
Балки менга ҳиммат қилгансан,
Чарчагансан ёлғонлар айтиб.
Балки барин қисматдан билиб,
Унутмоққа топдинг бардошни.
Аммо билмам, қандай унутдинг
Сен деб биров тўккан кўзёшни.
* * *
Хариталар ҳаммаси бекор,
Йўлғон қоғоз, бўёғи билан.
Юрагингнинг ҳеч ким кўрмаган,
Гард юқмаган бир ёғи Ватан.
Чегаралар ҳаммаси бекор,
Чегаралар ҳаммаси кишан.
Отанг ҳар кун намоз ўқиган,
Белбоғининг тўрт ёғи Ватан.
Қучоғингга сиғмаган тоғлар
Юрагингга кўчса дафъатан.
Кўзинг юмсанг, кўзингга сиғиб
Кетган не бор – ҳаммаси Ватан.
Кўрганларинг, кўрмаганларинг,
Туйганларинг – ҳаммаси Ватан.
Суйганларинг, суймаганларинг –
Ҳаммалари, ҳаммаси Ватан.