Гулноза Бобоева 1986 йилда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. Термиз Давлат университетини тамомлаган. “Ойдин кечалар”, “Тонглар қўшиғи”, “Ҳаяжон фасли” каби шеърий китоблари чоп этилган.
ЭСЛА
Агар сени ғамлар олса қамоққа,
Ҳижронлар, аламлар тутса сўроққа,
Бошинг олиб кетсанг йироқ-йироққа,
Ўшанда бокира севгимиз эсла.
Баҳор чечаклари боқмаса ҳамки,
Кўксингга гулларин тақмаса ҳамки,
Ҳамма севган дунё ёқмаса ҳамки,
Ўшанда бокира севгимиз эсла.
Кексайиб, киртайиб қолса кўзларинг,
Бетакаллуф бўлиб қолса сўзларинг,
Ажинлар қопласа ойдек юзларинг,
Ўшанда бокира севгимиз эсла.
ТЕЛБА РУҲ
Мен заминман, кўкрагим кенгдир,
Мен дарёман, тўлиб-тошаман.
Мен чақмоқман, ёндиражакман,
Мен бургутман, тоғлар ошаман.
Искандарман – фотиҳ жаҳонга,
Ватанпарвар кекса Широқман.
Зулмат ичра қолганда халқим,
Сўнгги илинж ёққан чироқман.
Мен Машрабман, ўша бенаво,
Маҳкумман мен фиғону зорга.
Мен ўлмайман равон йўлларда,
Осиламан Балхдаги дорга.
ЁЛҒИЗЛИК
Нигоҳимдан ўтар адоқсиз саҳро,
Ўртасида бир туп саксовул ҳайрон.
Заминнинг бу ўгай, сароб бағрида,
Ёлғизлик дардидан юраги вайрон.
Менинг ҳам сенингдек дилим вайрона,
Мени ҳам сен каби қийнаган ҳаёт.
Кел, дўстим, иккимиз бирга яшаймиз,
Бизни бирлаштирсин чўнг туйғу – сабот.
* * *
Қўшиқлар қўшиққа бойланиб кетди,
Дунёлар баҳорга жойланиб кетди,
Кўнгил ғулуларга айланиб кетди,
Яна баҳор келди ҳур ўлкамизга.
Нағмасин бошлайди субҳидам еллар,
Ариқлар лабида ялпизлар кулар,
Ғубор кетиб дилдан яшагинг келар,
Яна баҳор келди ҳур ўлкамизга.
Бугун кенгликлардан таралади куй,
Эгикбош чучмома тортади хушбўй,
Ахир Наврўз бугун, юртимизда тўй,
Яна баҳор келди ҳур ўлкамизга.