Гелди Бердиев (1942)

Гелди Бердиев 1942 йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. Қарши Давлат педагогика
институтини тугатиб, ўқитувчилик қилди, Самарқанд вилояти радиосида ишлади.
«Биринчи қор», “Турналар” номли тўпламлари чоп этилган.

ТАРОЗИ

Уни яратдилар одамлар ўзи,
Ўзаро низога қўямиз деб чек.
Бузиб ҳам қўйдилар келганда кези,
Тағин жар солдилар ўзи деб бузуқ.
Тарозига гоҳо тушса ишимиз,
Учрамасин деймиз унинг носози…
Одамлар, мен сиздан қўрқаман баъзан,
Бугун қўлингизда дунё — тарози.

ИЛТИЖО

Кўзларимни юмаман узоқ,
Чўкиб сўнгсиз ўйлар қаърига.
Йўлларингга боқаман муштоқ,
Ташнадирман оташ бағрингга.

Карвонидан ажралган турна —
Мисол хониш қилгум оқшомлар.
Дилбаргинам, ҳолимга қара,
Оҳим билан қораяр шомлар.

Ахир айтгин, нима қиламан,
Қандай чидай бу оғир ўйга?
На йиғлайман, на-да куламан,
Нега солдинг мени бу кўйга?!