Фазлий

* * *

Бош эгдим муҳаббатга, мен ғариб бечораман,
Топгайдир мени албат йўлида овораман.

Билмаган дер ул Мажнун, ишқида девонаман,
Излаб ҳуснига достон мағрибга равонаман.

Ҳануз ёрдин йўқ хабар, ўзимдан бегонаман,
Илк муҳаббат қасрида, тун шамга ҳамхонаман.

Бергали туҳфа ёрга хун дилим оҳ, ёнаман,
Ул гўзал бўлса йироқ, севгига афсонаман.

Эй санам, хор айлама, воз кечсанг гар тонаман,
Кўзларингдан оқса ёш маржон каби томаман.

Қошларинг мисли камон пайконни қайдан топай,
Топилмас бўлса пайкон кипригимдан оламан.

* * *

Пинҳона ёр ишқида тинмас бўлди ҳижроним,
Оташи сўнмас бало азобдан куйди жоним.

Фош айлаб сирни ҳижрон зулм қилди жонимга,
Мажнун каби дарбадар саҳро бўлди маконим.

Ҳаддидан ошиб кўнгил девона сифат қилди,
Хонавайрон бўлиб дил асқотмас хонумоним.

Эй нозанин париваш, ишқинг ўтида ёндим,
Ғам-ғусса бўлди дардим, кўзимдан оқди қоним.

Тингла, арзим айтайин, мен ошиқ бечораман,
Эй нигор, лутф айлагин куймай боғу бўстоним.

Дод солиб нола қилсам минг пора қилгай ҳижрон,
Муҳаббат шаробидан маст айлади жононим.

Афсона бўлди Фазлий, ул гўзал васлини деб,
Хаёллар оғушида ўтди энг ширин оним.

ЭЙ КЎНГУЛ

Бунчалар нозик экан танда ҳаёт, эй кўнгул,
Гоҳида ўтгай хато минг жароҳат, эй кўнгул.

Бир қўнимда турмагай гоҳи шод, гоҳо маъюс,
Чақса тил қайғурмагин, айла тоқат, эй кўнгул.

Ранжимай йўқдир илож, бесабаб бўлса бўҳтон,
Дил ёришмас ёқса шам беҳаловат, эй кўнгул.

Кезса гулзор ёр ила дунёни тарк айлагай,
Ширин суҳбат даврадан топгай роҳат, эй кўнгул.

Доимо бирдек эмас ҳасратида бор алам,
Дардини этгай баён, гар хиёнат, эй кўнгул.

Тобланар турли-туман, шодлигу ғам ёнма-ён,
Софлигин қилгай аён, бор диёнат, эй кўнгул.

Ишқ-муҳаббат куйида ўртагай шому саҳар,
Дилда ҳижрон уйғотиб оҳ, малоҳат, эй кўнгул.

Ваъдаси ошкорадир ёрнинг кўнглин овласа,
Бол томар тилдан шу он, чин садоқат, эй кўнгул.

Нодонларнинг дастидан, Фазлий, зинҳор ранжима,
Хокисор бўл эл аро, ҳур латофат, эй кўнгул.