Фароғат Худойқулова (1975)

1975 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Куй дилим, суйгулим”, “Айтолмаган сўзларим”, “Ойдинлик” номли китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

МИРЗО УЛУҒБЕК

Тун қўйнида тутдим қуёшни,
Осмон оқиб киргач кўзимга.
Юлдузларни гул каби териб,
Ҳадя этдим халқим ўзингга.

Самарқанднинг юлдузларига
Мангу тегиб турар қўлларим.
Халқим сен бор, сен билан бирга,
Келажакка элтар йўлларим.

“БУҒДОЙ ТЎЛДИ” ТЎЙИНГИЗГА

Эрта тонгдан нон исига
Уйимни тўлдирди шамол.
Қуёш кўзин гул яшнатиб
Далангиз ҳам очди жамол.

Дунё ризқ-рўз улашмоқнинг,
Ҳалол йўлин уққан сиздан.
Қишин-ёзин тер тўкмоқлик,
Чумолига юққан сиздан.

Мен ҳам ташна жўякларга,
Тилло сувин тўкдирганман.
“Буғдой тўлди” тўйингизга
Атлас кўйлак тикдирганман.

Эл сизга, сиз элга таянч,
Қалам тутсам, дил ёнадир.
Юлдуз ўпган хирмонингиз,
Юрт тўйига тўёнадир.

ЛОЛА САЙЛИГА

Шамол чиқди лола сайлига,
Қизарди янги ой юзлари.
Чашмаларнинг илиқ сувида
Соч юварди қишлоқ қизлари.

Қонатаркан қирлар бағрини,
Қуёш нурларининг синиғи.
Кечиб ўтар тоғ томон оқшом,
Лойқаланар сувнинг тиниғи.

Булутларни паналаб боқар
Ой аксидан қамашган кўзлар.
Лолаларга қўшилиб оқар,
Ўн саккизга кирмаган қизлар…

ҚЎШИҚ ТАҲЛИЛИ

Чақмоқнинг ҳур қизиман,
Қанот берди довуллар.
Бир силкинсам, уйғонар,
Тоғлардаги овуллар.

Ёрнинг қўли етмаган,
Тақим сочларим — товус.
Кипригимда нур ўйнар,
Олтин балиқ, гул ҳовуз.

Том бошида ўлтириб,
Осмонга отгандим сўз.
Шамолларнинг лабида,
Пора бўлди чанқовуз.

Боботоғ қирларида
Пайҳон бўлди лолалар.
Ёрни ёрга кузатиб,
Қилгандирман нолалар.

Сувда ёнган шуълалар
Кўрпамга қуроқ бўлди.
Ёр келди, деб уйғонсам,
Тутганим фироқ бўлди.

Булутларнинг сочида
Арғимчоқ учдим, ёрим.
Бинафшанинг баргидан,
Чимилдиқ бичдим, ёрим.

Сутдай тиниқ оқарди,
Ёшлигимнинг дарёси.
Қай томон адаштирди,
Шамолларнинг дунёси?

Ай, дунё, ҳур-ҳур дунё,
Фароғатим олдинг сен.
Ажаб қилдим мен севиб,
Ортда ёлғиз қолдинг сен…

МЕҲР

Оқ қоғоз — дастурхон,
Қаламда сеҳр,
Оқ косада сутда ивитилган нон.
Дастурхон кўркидир — ғарқ пишган меҳр,
Меҳр бор — яшашга демак, бор имкон.

Қай тунда ўзимни қилгандим таъқиб,
Юлдузлар баралла бердилар овоз.
Навбаҳор сочини ёмғирга тутиб,
Йўлимга найсонни айлади пардоз.

Не ажаб, кўнглимни сўзлар ёритар,
Оҳанглар бошимни силайди, телбам.
Сиз эмас, қаламим — ғамим аритар,
Ҳилолнинг сайридан ёришар кулбам.

Биламан, йўлимдан хаёлим узун,
Биламан, меҳримни аядим сиздан.
Ошиқ кўнглингизга тилайман тўзим,
Фақат гина қилманг, шеърпараст қиздан.

КЕТДИНГ

Бефарқ ўтиб кетдинг неча бор,
Сендай бефарқ ўтиб кетди ой.
Сен ва ой боқмаган кўзларга,
Ҳатто баҳор беролмас чирой.

Капалакдай яшил кўйлакда,
Осмонингда учардим сассиз.
Ўн саккизда чиққандим йўлга,
Ўттизда ҳам турибман ёлғиз.

Майли, боқма кўзларимга тик,
Мен томонга топсанг агар йўл.
Келганингни айтмоқчи бўлсанг,
Остонамга сочиб кетгин гул.

СИЗДАН ОЛИСДА

Йўлингизга чиқмадим пешвоз,
Билолмадим нима қилишни.
Ахир сиздан олисда минг йил,
Орзу қилдим бахтли бўлишни.

Бахтсизликдан қўрқиб яшадим,
Сизни кўрмай эрта сўлишдан.
Не учундир бугун азизим,
Қўрқаяпман бахтли бўлишдан.

ВАҚТ

Сочларимга оқ тушиб бир кун,
Хайрлашмай кетар ёшлигим.
Илк бор тунда шеър айтмай хаста,
Ёмғир куйин тинглагайман жим.

Юзларимга тушар – гул, ажин,
Арз қилолмам шунда ҳеч кимга.
Не қилса ҳам қилар-ку вақт, лек
Раҳна сололмайди севгимга.

САВОЛ

Минг шукур, тил бериб сўзлатиб қўйдинг,
Ўзимни ўзимдан излатиб қўйдинг.
Мен гумроҳ ўзимни топдим деганда,
Кўнглимни кимларга юзлатиб қўйдинг?

КЕТСАНГИЗ…

Кўнглима оловлар ёқиб келдингиз,
Пойима дарёдай оқиб келдингиз,
Бошимда булутдай боқиб келдингиз,
Баҳорда гулламас боғ бўлиб қолдим.

Булутни бошимдан кўчириб кетинг,
Дарёни шамолга ичириб кетинг,
Кетсангиз оловни ўчириб кетинг,
Кулнинг тагидаги чўғ бўлиб қолмай.

ИШОНЧ

Бир куни биласиз,
Ёғаётган ёмғир эмаслигини,
Тўхтамаганини кўзимдаги ёш.

Бир куни биласиз,
Ботаётган қуёш эмаслигини,
Қаттиқ эмаслигин кўксимдаги тош.

ФАРИШТА АЁЛ

Мағрур турган қишги боғларнинг,
Кўксин ёрди пишқирган шамол.
Бир аёлнинг маҳзун севгиси,
Тун бағрига келганда малол.

Сочларида ёмғир томчиси,
Гуноҳларин ювиб куйлади.
Ўзиники эмас ғами ҳам,
Шамолники эди кўйлаги.

Булут бўлиб кўкда кезди у,
Қўлида сув, кўксида олов.
Унинг ёнишлари олдида,
Қақнуслар ҳам беролмади дов.

Тоғлар боши эгилиб қолди,
Дарё тўлди аёл сабрига.
У гул экиб қайтиб кетди жим,
Муҳаббатнинг очиқ қабрига.

ҚАЛБ КЎЗИМ

Ҳали сендан умидларим кўп,
Бахт ёғилар бошингдан тўп-тўп,
Яшайдирман мен ҳам кўнглим тўқ,
Яссавийлар туғиб бер, синглим.

Тилин тишлаб қолсин ғайрлар,
Одам сотиб, отиб – бойирлар,
Бошини тик тутсин шоирлар,
Мир Алишер туғиб бер, синглим.

Ўзак томир – нурли тупроғда,
Чингизхонни қолдирди доғда,
Чўктирса-да онаизорин,
Жалолиддин туғиб бер, синглим.

Бойчиборим, сен ҳам ўксима,
Қолиб кетдик кимлар нуқсига?
Шамол тегсин Барчин кўксига,
Алпомишлар туғиб бер, синглим.

Имонимга берар зеб, оро,
Сувларидан жаннатдир саҳро,
Ҳар бир ғишти тилло Бухоро,
Ибн Сино туғиб бер, синглим.

Равшан тортсин мудом қалб кўзим,
Ёруғ бўлсин, эй Худо, юзим,
Доя бўлай сенга мен ўзим,
Тўмарисни туғиб бер, синглим.

Ҳали сендан умидларим кўп…

* * *

Зўр шоир бўлмасман, балки азизим,
Ёлғонлар, бўҳтонлар, ёвлардан безиб.
Лек сенинг олдингда қиламан таъзим,
Тайёрман чиқишга дунёни кезиб.

Зўр шоир бўлмасман, балки азизим,
Ҳар ерда шаҳди зўр бўлганга қийин.
Лек ишқинг осмони қуёши бўлиб,
Бедор юракларга ботмоғим тайин.

Зўр шоир бўлмасман, балки азизим,
Дардимни тишимда тишлай оламан.
Лек билсанг сўнгги дам, кетар чоғда ҳам,
Қўлингдан қаттиқроқ ушлай оламан.