Фароғат Камолова (1959-2022)

Фароғат Камолова 1959 йил, 27 мартда Жиззах туманидаги Мўлканлик қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1981).
Дастлабки шеърий тўплами — «Осмон парчаси» (1982). Шундан кейин шоиранинг «Узоқ сафарлар», «Баргизуб» (1990), «Ҳолатлар китоби» (2000) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
Серб шоираси Десанка Максимович, румин адабиёти вакиллари Октавиан Гога, Никита Стэнеску, Николай Лабиш, Жорже Баковия, Михай Эминеску, Захария Станку, Никита Стэнеску, Анна Бландиана шеърларини маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилган.
2022 йил 1 август куни вафот этган.

* * *

Чоғим йўқ ўзимни тарк этган чоғим,
Жисми урёнимда ўсган пучмоғим,
Руҳим дарахтидан тўкиб япроғим,
Сени сўраб борсам, остонанг қани?

Гулхан ўчган бўлса, кўнглим кулмасми,
Йўлинг кесган бўлсам, севгим йўлмасми,
Илкингда сўлдирган мендай гулмасми,
Гавҳар экай десам, гулхонанг қани?

Изимни изласа, топгай изтироб,
Кулбамга бир бора боқмайди офтоб…
Ранжим кўп, умидим ундан беҳисоб,
Севмоқни ўргансам, дарсхонанг қани?

Жонимда бир жондай кечди малолим,
Кўнгил вайронида дардим – жалолим,
Нечун номинг айтсам, йиғлар хаёлим,
Яшаб ўтай десам, кошонанг қани?

* * *

Соҳир кўзларингда ғайр хаёли,
Рашк ила тўлғаниб қон бўлди гуллар.
Телбаланиб ўтди гулшан шамоли,
Бағри сўзон бўлди, боши нигунлар,
Пайқамадингиз.

Кўкнинг равоқидан тўкилди саслар,
Сизни ойдин нурлар жим ёрлақади.
Туннинг қароғидек қаро наргислар,
Бошингизга тўккан нурни алқади,
Алқамадингиз.

Дарди бегоналар бегона бўлди,
Кўзнинг кўзгусида розлар балқиди.
Умид дилимизга афсона бўлди,
Ёр, дедик саҳрою замин қалқиди,
Қалқимадингиз…

Соҳир кўзингизда ғайр хаёли,
Ҳажрингиз мотами жонларга етди.
Сизни севганларнинг бевақт заволи
То саҳар бу даҳр гулшанин тутди.
Ёр, демадингиз…

ХОТИРА

Мен биламан, хотирамга ишониб бўлмас,
Менми унга ёки холос ўхшаган Бека?
Баъзан ўзим тушунмайман унинг феълига –
Гўё пинҳон ўзгартирар кечмишим кам-кам.

Билинтирмай алдар ўтган йилларимни ҳам,
Кеча олар нохуш кечган воқеалардан.
Мен сезаман, мени жуда аяр негадир,
Қутқаради дилни оғир хотиралардан.

У ҳақ! Балки шундай битар номуносиб дўст,
Дилга берган жароҳати, оғир дарслари.
Балки шундай сингиб кетар олис-олисда, –
Юрагимни эзиб ўтган қадам саслари…

* * *

Табиат, сен менинг дугонам каби,
Айниқса, оқшомлар тушунарлисан.
Сукунат бағрида жуда ўзгача
Гўзалсан, сокинсан, ишонарлисан.

Бунда ҳамма нарса ойга интилар,
Севгига интилар аёл сингари.
Ердаги тўқилган оппоқ инжулар,
Севгига бўй берган ойнинг сингани.

Дарахтлар дарахтга ўхшамас ҳозир,
Сени тингламоқда бир тўп аёллар.
Уларни бахтиёр қиласан охир
Бахш этиб осуда, сирли хаёллар.

Висолга отланган қиз бола монанд,
Минг хил турланасан, минг ҳунарлисан.
Сен менинг дугонам каби, Табиат,
Айниқса, оқшомлар тушунарлисан…

Тун чўкар бўйсуниб ул ақидага,
Чор атроф қораяр овозсиз зикри.
Менинг ожиз фикрим Тун ҳақидаги
Кундузга кўниккан одамнинг фикри.

Ой нуридан эшар ўргамчиклар ҳам
Дорларин, илинар шамол фарёди.
Бу туннинг бағрида менинг хотирам
Йўқотар нарсаси йўқ одам ёди.

Нимани кутаман?
Билолмадим, йўқ.
Бироқ ишонаман ёлгиз фикрга.
Мен учун бу кеча омонат қайиқ,
Мангулик кўлида чайқалиб турган.

БОЛАЛИК

Сен ҳам майсамидинг баҳор қўйнида,
Яйраб ўсган эдинг дарё бўйида.
Билмадим, қай орзу, армон ўйида
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб.

Бошимга турналар тўкканда хаёл,
Берк эшик кибридек дунёда малол.
Кўкларга бокдиму бепарво, беҳол,
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб.

Энди умрим уммон сари елдими,
Баҳор ўтиб яна баҳор келдими?
Бафида дур окди, дунё билдими?
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб…

* * *

Ошиқману, лекин ошкор эмасман,
Узимдан ўзгага ағёр эмасман.
Сенинг дардинг дилу жоним ўртади,
Бемор эмасману бедор эмасман.

Ул туйғу қадаҳдан тўкилган майдек
Жонимни куйдирар, ҳушёр эмасман.
Билмайман, ўзимни излайин қайдан,
Менам ишқ, савдода такрор эмасман.

Кетдинг мендан, кўзи нигорим менинг,
Бари беҳуда-ку, иқрор эмасман.
Сен менинг ишқ фаслим экансан билсам,
Хазон эмасману баҳор эмасман.
Хазон эмасману баҳор эмасман…

* * *

Яна шундай бўлар, ҳар сафар шундай,
Мен кутган рангларда келаверар Куз.
Боғлар қисматига қанча куюнмай,
Баргрезон фаслини севаман ҳануз.

Мангулик олдида юраги очиқ,
Сокин кенгликлардай озод ва беғам,
Ҳеч кимга боғланмай яшайди бир Ишқ,
Тўкилиб яшайди хазонлар билан

Ва мафтун этади менинг кўнглимни,
Дунёни унутиб руҳим сархуш, жим…
Тинглайман ҳар сафар кетмоқ куйини,
Сўнгги япроқ каби титраб юрагим.

* * *

Кушлар учиб кетди, қисқарди кунлар,
Дединг: юрагимга сиғмас ҳеч нима.
Кўзларингни олдинг ғамгин кунлардан.
Кўнглинг даричасин беркитдинг шундай,
На қувонч, на ҳасрат бўлмади меҳмон.

Сезмадинг, ўзгарар тегрангда дунё.
Мен сенинг номингни айтиб чақирдим.
Менга жавоб қилди кенг бир сукунат,
Менга жавоб қилди сенсиз кунларим.
Сен айланган эдинг Вақтнинг ўзига…