Фарида Анис 1968 йилда туғилган. Қўқон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тугатган. Унинг “Ойдин йўлим”, “Отамнинг орзулари” каби шеърий китоблари нашр этилган.
* * *
Ҳар қаёнга юзни бурсам кўз кўрурми яхшилар,
Ман каби бир муштипар ҳолин сўрурми яхшилар?
Ахтариб борсам хуморим кулмагайми ҳолима,
Жилмайиб қошимда гирён чарх урурми яхшилар?
Кимга қилсам гар вафолиқ, кўрганим бўлди жафо,
Ул ёмонлар кўчасидин ҳам юрурми яхшилар?
Кўнглу-чун ўлмоқ керак деб, бўл пояндоз ёр учун,
Боқмасанг гар давру давронлар сурурми яхшилар?
Оҳ, Анис, эзгу амалнинг бормикин, йўқ охири,
Кўрганида гул юзингдин, юз бурурми яхшилар?
* * *
Айлайин жонимни тортиқ, мудрабо, ёдимдасан,
Кўнглума бир чўғни солган, ақрабо, ёдимдасан.
Қалб уйингда сақла пинҳон ман ғариб бўлмай увол,
Сан ўзинг ақлимни олган, дилрабо, ёдимдасан.
Ўтди қирқ йил оташингдин чўғланиб ёнди кўнгул,
Тунла кунни ажратолмам, бенаво, ёдимдасан.
Айрилиқ – ҳижрон азоби бошга тушди, кўрди кўз,
Лолагун бўлди қароғим, хунрабо, ёдимдасан.
Кетди умрим бесамар кутмоқ ила, эҳ, воажаб,
Тушларимда бахтиёр, оҳанрабо, ёдимдасан.
Бул Аниснинг фазлига куйгайми тунда моҳитоб,
Чертма ҳаргиз дил дуторин, мудрабо, ёдимдасан.
* * *
Бормикин аҳли жаҳонда ман киби дилпоралар,
Йўқмикин дардимга малҳам суртгани оворалар?
Бир боқиб ул мудрабо ҳолим паришон айлади,
Ишқими баён этолсам топилурми чоралар?
Тобакай, бул ҳажр ўтида қовриларкин танда жон,
Карбалолар даштида ман кимга қилгум зоралар?
Лек, билурман абрининг ортида турган моҳитоб,
Кун келиб дил дафтаримга аста пинҳон мўралар.
Шоҳсанамман, йўқ Ғарибдин ушбу кунда ном-нишон,
Дил баёзим дилга жойлаб кетмасин маккоралар.
Воҳ, Аниснинг ишқи дайдиб сочилурми ҳар қаён,
Бир мусаввир арзи ҳолин оқ кўнгулга қоралар.
* * *
Ёр жамолинг кўрсат эмди термилиб толсин кўзим,
Таърифингни мадҳ этолмай, гунг бўлиб қолсин сўзим.
Рашк қулурман тунла кундан, ойга бермам ҳеч қачон,
Қил пояндоз йўлларингга пойинг ўпгумдир ўзим.
Кафтларингда ял ёниб, воҳ, сойланиб оққим келур,
Ўйласам, болдек дудоғинг, лолагун бўлди юзим.
Кокилинг анбарми, билмам, мушку анбар таралур,
Қоматинг қилсам тасаввур, тўлғанур қўлда созим.
Нимтабассум айла бир бор кўрсатиб инжуларинг,
Ҳуснингга тоқат қилолмам, топганим, бергин тўзим.
Бул Аниснинг қалбига чўғ ташлаган, албат, ўзинг,
То каромат учрашувга интизор боқсин кўзим.
* * *
Оҳ, Дилором, сен каби афсона бўлган, ман нетай,
Ғам ғизосин суртгали ғамхона бўлган, ман нетай?
Жисми афгорин кўрурга келмади Баҳром мудом,
Дил – канизнинг бўйнига маржона бўлган, ман нетай?
Қисматимнинг ҳукмидан, оҳ, чарчади сўнгакларим,
Айрилиқнинг кўйида, мастона бўлган, ман нетай?
Уфқдин ёғилса анжум қалбим обод этгали,
Ҳажр ўтида нотавон арзона бўлган, ман нетай?
Фурқатингдин заъфарон ўлди жамолим жандаси,
Илми жудолик уйида дарсхона бўлган, ман нетай?
Обидийдам бўлди селоб оқибатсиз севгидан,
Хокипойидан топталган райҳона бўлган, ман нетай?
Эй, Анисо, силта қўлни, излама ганж, чекма ранж,
Ишқ водийсинда ғамли, паймона бўлган, ман нетай?