1968 йилда туғилган. Наманган Давлат университетининг рус филологияси факультетида таҳсил олган.
“Руҳиятнинг ранги”, “Парвоз” шеърий китоблари чоп этилган.
Ҳозирда умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилади.
* * *
Деразадан борлиқнинг
Томошаси кўринди,
Дўлли ёмғир инидан
Қуёш чиққач суринди.
Шовиллаган дарахтлар
Қўшиғини тингладим.
Ўзимни ҳам боғдаги
Ўрикларга тенгладим.
Ой кўринди, изтироб
Бўрони сокинлашди,
Ойнинг ҳам қоронғида
Қадами секинлашди.
Деразамнинг иккинчи
Қанотини ҳам очдим,
Ойдин оёғи ости –
Пойига гуллар сочдим.
Ўнгу чапга чайқалиб
Тебранади тераклар,
Қўшиғин тингланг сиз ҳам,
Ором олар юраклар.
* * *
Туман қоплади. Дарёдаман мен,
Бир-биримизни тополмай қолдик.
Бир-биримизни ахтариб икков,
Бир-биримизга етолмай қолдик.
Ҳайқирдик бизлар, уввос солдик биз,
Туман фиғонга парво қилмади.
Аросатдамиз, йўллар йўқолган,
Йўқолган йўллар вафо қилмади.
Дарбадар хаёл, вужуд кўринмас,
Кўнгилда бир ҳис ва туйғу қолди.
Инграйди эшик, суяк ғажир ит,
Ушалмас орзу ва қайғу қолди.
* * *
Юзини шамол ялаб
Чўтир бўлиб қолган сой,
Эшитяпсанми мени,
Ватан мен учун шу жой.
Шу суяниб ўтирган
Харсанг менинг оғайним,
Ўнғор, бўйингга боқсам
Яйрайди жону таним.
Тириклигимга шукур,
Қишлоқ сендай жаннат йўқ.
Тоғу тошларим менинг
Сенда нечун миннат йўқ?!
* * *
Кўнглим ғамга тўлди жоним,
Тасалли бергин, алдагин.
Ёлғондан бўлса ҳам, сизни
Севардим-ку, деб, алдагин.
Шояд кўнглимдан ғам учиб,
Дилим равшан айлагунча,
Алдайвер, мени тинмайин,
Сиз яхшисиз, деб, алдагин.
Зеро, ўзинг айтган ёлғон.
Ўзингга чин туюлгунча,
Сизни – жондан азиз жоним
Севадирман, деб, алдагин.
Бир мажруҳ кўнгилни обод
Айлаш қанча савоб бўлса,
Ажабки, чин ёлғондан сўнг,
Чиндан… деган жавоб бўлса.
* * *
Ҳалокатга учраган
Кема каби бўм-бўш уй,
Бу улкан бўм-бўш уйда
Чалинмаса бирор куй…
Умидсизлик чоҳининг
Энг тубига тушган ким,
Ёлғиз, кимсасиз уйда
Ўтирсанг, уй ютар жим!
Номаълум денгизларда
Адашган ғаввос каби,
Сув остида қолса ким
Қоронғи бўлар таъби.
Ҳаёт мушкул, биродар,
Елдай учиб ўтар у,
Бошқа қайтмагай, асло,
Ортга боқмай кетар у.
Тоғидан айрилган куй,
Боғидан айрилган куй,
Бебулбул чаман бўлмас,
Саҳрои Кабир бу уй.
Алданган атиргуллар
Сўлаётган боғдир бу,
Орзусидан айрилган
Чўкаётган тоғдир бу.
Ота дилин оғритган
Тилингдаги доғдир бу,
Тун билан тонг алмашмай
Туриб қолган чоғдир бу.