Эркин Воҳидов (1936-2016)

Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1987), Ўзбекистон Қаҳрамони (1999). ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1960). Илк шеърий тўплами — «Тонг нафаси» (1961). «Қўшиқларим сизга» (1962), «Юрак ва ақл» (1963), «Менинг юлдузим» (1964), «Муҳаббат» (1976), «Тирик сайёралар» (1978), «Руҳлар исёни» (1979), «Шарқий қирғоқ» (1982), «Келажакка мактуб» (1983), «Бедорлик» (1985), 2 жилдли сайланма («Муҳаббатнома» ва «Садоқатнома», 1986), «Куй авжида узилмасин тор» (1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» (1992) каби асарлар муаллифи. «Ёшлик девони» (1968)да мумтоз ўзбек адабиётининг энг яхши анъаналарини давом эттирган. Драмалари ҳам бор («Олтин девор», 1969; «Истанбул фожиаси», 1985). И. Гётенинг «Фауст» асарини, С. Есенин («Замин дарғаси») ва бошқа шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. «Буюк хизматлари учун» ордени сохиби (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983). 2016 йил 30 май куни Тошкент шаҳрида вафот этган.


ТОНГ ЛАВҲАСИ

Уфқларга қўйиб гулдаста,
Тоғ ортидан кўтарди-да бош,
Пастга бокди чўққидан аста
Олтин қалам тутган бир наққош.

Ҳар нуқтага сайқал бериб у,
Водий узра чизди зар лавҳа.
Сўнг Қуёш деб имзо чекди-ю,
Тонготар деб қўйди сарлавҳа.

ЎЗБЕГИМ
Қасида

Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон, ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Ўрхун хати,
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон, ўзбегим.

Ал Беруний, Ал Хоразмий,
Ал Фороб авлодидан,
Асли насли балки Ўзлуқ,
Балки Тархон, ўзбегим.

Ўтдилар шўрлик бошингдан
Ўйнатиб шамширларин
Неча қоон, неча султон,
Неча минг хон, ўзбегим.

Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлди-ю,
Икки дарё – икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим.

Қайсари Рум найзасидан
Бағрида доғ узра доғ,
Чингизу Боту тиғига
Кўкси қалқон, ўзбегим.

Ёғди тўрт ёндин асрлар
Бошингта тийри камон,
Умри қурбон, мулки торож,
Юрти вайрон, ўзбегим.

Давр зулмига ва лекин
Бир умр бош эгмадинг,
Сен – Муқанна, сарбадор – сен,
Эрксевар қон, ўзбегим.

Сен на зардушт, сен на буддий,
Сенга на оташ, санам,
Одамийлик дини бирла
Тоза имон, ўзбегим.

Маърифатнинг шуъласига
Талпиниб зулмат аро,
Кўзларингда окди тунлар
Кавкабистон, ўзбегим.

Тузди-ю Мирзо Улуғбек
Кўрагоний жадвалин,
Сирли осмон токига илк –
Қўйди нарвон, ўзбегим.

Мир Алишер наърасига
Акс-садо берди жаҳон,
Шеърият мулкида бўлди
Шоҳу султон, ўзбегим.

Илму шеърда шоҳу султон,
Лек тақдирига қул,
Ўз элида чекди ғурбат,
Зору нолон, ўзбегим.

Мирзо Бобур – сен, фиғонинг
Солди олам узра ўт,
Шоҳ Машраб қони сенда
Урди туғён, ўзбегим.

Шеъриятнинг гулшанида
Сўлди маҳзун Нодира,
Сийм танни ювди кўз ёш,
Кўмди армон, ўзбегим.

Йиғлади фурқатда Фурқат
Ҳам муқимлиқда Муқийм,
Нолишингдан Ҳинду Афғон
Қилди афғон, ўзбегим.

Тарихинг битмакка, халқим,
Мингта Фирдавсий керак,
Чунки бир бор чеккан оҳинг
Мингта достон, ўзбегим.

Ортда қолди кўҳна тарих,
Ортда қолди дард, ситам,
Кетди ваҳминг, битди заҳминг,
Топди дармон, ўзбегим.

Бўлди осмонинг чароғон
Толе хуршиди билан,
Бўлди асрий тийра шоминг
Шуъла афшон, ўзбегим.

Мен Ватанни боғ деб айтсам,
Сенсан унда битта гул,
Мен Ватанни кўз деб айтсам,
Битта мужгон, ўзбегим.

Фахр этарман, она халқим,
Кўкрагимни тоғ қилиб,
Кўкрагида тоғ кўтарган
Танти деҳқон, ўзбегим.

Ўзбегим деб кенг жаҳонга
Не учун мадҳ этмайин!
Ўзлигим билмоққа даврим
Берди имкон, ўзбегим.

Мен буюк юрт ўғлидурман,
Мен башар фарзандиман,
Лек аввал сенга бўлсам
Содиқ ўғлон, ўзбегим.

Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўкси осмон, ўзбегим.

Қайга бормай бошда дўппим,
Ғоз юрарман, гердайиб,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.

Бу қасидам сенга, халқим,
Оқ суту туз ҳурмати,
Эркин ўғлингман, қабул эт,
Ўзбегим, жон ўзбегим.

КАМТАРЛИК ҲАҚИДА

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.

САДОҚАТ

Кекса қарағайнинг
Илдизин очиб,
Тортдилар қўш арқон солиб белидан.
Лекин у тупроққа панжасин санчиб,
Сира қўзғалмасди
Унган еридан…

Ниҳоят, гурс этиб ерга қулади,
Бутаб, сўнг кўтариб кетдилар,
бироқ -У ўз панжасида олиб жўнади
Яшаган еридан Бир сиқим тупроқ.

* * *

Қаро қошинг, қалам қошинг,
Қийиқ қайрилма қошинг, қиз.
Қилур қатлимга қасд қайраб –
Қилич қотил қарошинг, қиз.

Қафасда қалб қушин қийнаб,
Қанот қоқмоққа қўймайсан.
Қараб қўйгил қиё,
Қалбимни қиздирсин қуёшинг, қиз.

КИМНИ ЭТМАС БУ КЎНГИЛ ШАЙДО

Дунё экан…
Ишқ деган савдо
Борми фақат менинг бошимда?!
Кимни этмас бу кўнгил шайдо,
Ким шеър ёзмас менинг ёшимда?!

Севги илк бор тушди-ю қалбга
Ҳаётимнинг бўлди мазмуни.
У қўлимга тутқазиб қалам,
Кўзларимдан олди уйқуни.

Олди бутун фикру хаёлим,
Кетди дилдан ором, ҳаловат.
Севги бутун боримни олиб,
Шеър завқини қолдирди фақат.

Борлиқ олам кўзимга минг-минг
Гўзалликка тўлиб кўринди.
Гуллар менга ошиқ булбулнинг
Шеър дафтари бўлиб кўринди…

Айб этмангиз,
Дўстлар бу савдо
Борми фақат менинг бошимда?
Кимни этмас бу кўнгил шайдо,
Ким шеър ёзмас менинг ёшимда?!