Дилдора Мардиева (1973)

1973 йилда туғилган. ТошДУнинг журналис­тика факультетини тамомлаган.
“Ишқ ёмғирлари” шеърий китоби чоп этилган.
Ҳозирда “Yoshlar” телерадиоканалида фаолият кўрсатади.

* * *

Мен – нурлардан яралган кўнгил,
Бошимдан то тирноққа қадар.
Кўнгил бериб, кўнглимни севгил,
Севолсанг агар…
Мен – нурлардан яралган кўнгил,
Тонгдай ёруғ, чашмадай тиниқ.
Тупроқларга хокисор сингил,
Шишадай мўрт, ойнадай синиқ.
Мен – нурлардан яралган кўнгил,
Қордай оппоқ, ёмғирдай рангпар.
Сен тополмас қирларга кетган,
Ишқ боғида йўқолган гавҳар.
Мен – нурлардан яралган кўнгил,
Ўз-ўзига сиғмаган қайғу.
То ҳижрондан ишқингга қадар
Юрагимга бегона уйқу…
Мен – нурлардан яралган кўнгил…

* * *

У менсиз асрлар яшаши мумкин,
Соғинмай, зерикмай, кутмай ҳеч қачон.
Исмимни бир умр такрорламасдан,
Мен Жанубда бўлсам, у Шимол томон.
У мени ҳеч қачон эсламайди ҳам,
Бир лаҳза севмайди, бир кун кутмайди.
Дунёни гул безаб, баҳор берса ҳам,
Ҳеч қачон атиргул тутмайди.
У мени авайлаб, асрамайди ҳеч,
Ёлғизи бўлмайман, танҳоси эмас.
Осмондан юлдузлар ишқдай тўкилса,
У менга ҳеч қачон бир шода термас.
Мени деб, ҳеч қачон чекмаган озор,
Мен учун қайғуга чўммаган бедор,
Менга аталмаган ундаги иқрор…
Мендан бегонадир, у билган Дилдор.
У менинг шундай ўйлашимни истайди,
Мен, асло, ундай ўйламайман…

* * *

Бетоб дарахтларнинг ранги заъфарон,
Ҳорғин кўчаларда гардлар титроғи.
Ҳолсиз ариқларда оқади ҳижрон,
Толиққан осмонда нурнинг фироғи.
Зериккан боғларда қизғин суҳбат йўқ,
Ўйчан шамолларни гурунгга қўшса.
Чарчаган деворлар нурашдан қўрқмас,
Эзилган кўнгилга хавотир тушса.
Рангпар осмонлардан ёмғир ёғмайди,
Дилхун дунёларда қувончнинг ками.
Сен келмасанг ҳатто қуёш кулмайди,
Ерни босиб қолар соғинчинг ғами.

* * *

Сен мендан неларни тилайсан, ғаним,
Менинг ҳеч вақом йўқ тилакдан бўлак?!
Сенга дунё берган бўлардим, афсус,
Энг азиз жоним ҳам ўзимникимас!
Сен мендан неларни сўрайсан, ғаним,
Билганларим ҳеч не, билмасим чексиз?!
Сенга яшамоқни ўргатар эдим,
Умрнинг нелигин билмайман, афсус!
Сен мендан неларни кутасан, ғаним,
Ёмонлик келмайди қўлимдан билсанг?!
Сенга яхшиликни кўрсатар эдим,
Афсус!.. Мени кўра олмайсан!..

* * *

Мен гулларга дилимни очдим,
Гуллар мени тингламадилар.
(Сўлиб қолишдан чўчиди гуллар.)

Мен йўлларга дилимни сочдим,
Йўллар йиғиб берди ўзимга.
(Етмай қолишдан қўрқди йўллар.)

Мен дилимни сувларга отдим,
Сувлар орқасига оқдилар.
(Шўрланиб кетишдан эҳтиётланди.)

Мен дилимни осмонга тутдим,
Осмон йироқлашди заминдан.
(Тўкилиб кетишдан асради ўзни.)

Мен дилимни тупроққа бердим,
Тупроқ ҳали фурсат бор, деди.
(Гуноҳимдан қочди чамамда.)

Мен дилимни Ўзига айтдим,
Ўзи боқиб кулди дилимда.
(Ўзимга сиғмаган ўзим, ўзимман.)