Дилбар Ҳайдарова (1952)

Дилбар Ҳайдарова 1952 йили Наманган вилояти Учқўрғон туманида таваллуд топган. 1977 йил НамДУни, 1982 йил Москвадаги Максим Горький номли жаҳон адабиёти институтини битирган. 1983 йилдан 1995 йилгача Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган. 1996 йилдан Намангандаги “Мураббий” номли ўқитувчилар газетасида муҳаррир. Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

“Норин мавжлари” (1980), “Кўклам қизи” (1983), “Ишқ сўқмоғи” (1990), “Гуллар нафаси” (1995), “Наманганская яблока” (1995), “Ватан сўзи” (1996), “Кўнгил боғи” (1997), “Дилистоним”, “Настарин” (2003), “Гул фаслим”, “Сайланма”, “Онажон” (2011), “Чимилдиқ” (2012), “Зарафшон фожиаси” (2010), “Тоғ йўли” (2015) сингари китоблари чоп этилган. Шеър ва ҳикоялари турли тилларга таржима қилинган.

ОНАМГА ЙЎЛ

Бунча узоқ юрар,авто дегани,
Юрагимни чақиб борар алам, ғам.
Тушкун хаёлларга берганча маъни,
Бу кунга тушмасин дейман ғаним ҳам.

Эллик километр ёзар кўрсатгич,
Эллик чақиримча ё эллик фарсах.
Йўлга юзин тутган тераклар ҳам зич,
Шамолда барглари чалади қарсак.

Бу равон йўллардан ўтяпман йиғлаб,
Осилгим келади қалдирғочларга.
Йўлдаги гуллар ҳам бағрини тиғлаб,
Қизариб осилар тик оғочларга.

Йўл деган ҳам шунча бўларми узоқ,
Минг хил гумонларга кўмиб ташладим.
Соатни кўрсатиб бермангиз изоҳ,
Бир соатмас ахир минг йил яшадим.

Онамга қайтарди қайга борсам йўл,
Йўлларда қонади баъзан товоним.
Қайтара олмаган қарзларим мўл,
Ҳамон дуо қилар у нотавоним.

Мен келар йўлларга кўзини бериб,
Кўзим хира дея зорланмаганим.
Мен тортган аламу-ғамларга шерик,
Баъзан шод кунларим ёдланмаганим.

Эсимни киргазиб қўяр шу йўллар,
Она,кўпроқ яшанг дея қиламан дуо.
Дуога ёзилган ёзувчи қўллар,
Сен томон узалган, художон, худо.

* * *

Музлар тенг келолмас ҳароратимга,
Айтар сўзларимни айтиш бўлган урф.
Нимадир етмайди маҳоратимга,
Ҳамон жимман очмас оғзимдаги қулф.

Шакарни талх дейди неча-нечалар,
Ичи чириб кетган эски бангидай.
Чирманда ушлади янги чечалар,
Кимга ёр-ёр айтди яна янгидан.

Болаликда қолган содда гўллигим,
Юрагимда қайта-қайта гуллайди.
Кимларга қўл келар соқов- гунглигим,
Мени арзон гаров нархда пуллайди.

Аламлар тўкилар ичим-ичимга,
Кимдир лоф уради,итлар ҳуради.
Босганча тураман тишни тишимга,
Юрагимда исёнлар оҳ уради.

Канизга айланса баъзан Барчиним,
Алпомиш қайда деб тикка тураман.
Тўхта,пастга кетма,оҳуйим,чиним,
Қалбингга ғурурдан бино қураман.

Тўмарис мактабин ўқиганим бор,
Увайсий-ла тушда назм тузаман.
Нодира виқори қонимдаги ор,
Уларга ҳар оқшом қарзим узаман.

Осмонга учдим деб ҳаволанса қуш,
Ерга қулашини мудом унутар.
Денгизнинг устида чарх урган оққуш,
Ҳайқириғи менинг тилимга ўтар.

Тилим занжирини оллоҳим ечар,
Сўзларим тўкилар ерга дувиллаб.
Эшитган қулоқлар калима ичар,
Ватан,ёнаяпман ишқда гуриллаб.

ДАРЁЖОН

Ғамнинг бозорида юриб чарчадим,
Ўзимни ўтларга уриб чарчадим,
Яхши-ёмонларни кўриб чарчадим,
Юзингга юзимни қўяй дарёжон,
Соғиндим меҳрингга тўяй дарёжон.

Гул давримга етдим қишлардан ўтиб,
Ҳажр водийсида аламлар ютиб.
Қошингга эгилдим борим унутиб,
Юзимни юзингга қўяй дарёжон,
Соғиндим меҳрингга тўяй дарёжон.

Ичимда йиғлайман ташимда сирман,
Шошма дарё,мен ҳам сенга асирман,
Мингта булбулингга ўзим татирман,
Юзимни юзингга қўяй, дарёжон,
Соғиндим,меҳрингга тўяй, дарёжон.

Куйдим,ёндим,оташ бўлдим ўт бўлдим,
Соҳилингда сабза урдим ўт бўлдим,
Охир бориб тўрт томонга ўт бўлдим,
Юзимни юзингга босай дарёжон,
Кўз ёшим бағрингга тўкай дарёжон.

Осмонда ой гувоҳ,ерда сен гувоҳ,
Худо битта бўлса сен ҳам бирсан оҳ,
Асли девонаман,кўнгил эса шоҳ,
Юзингни юзимга қўйгил, дарёжон,
Оқизиб,оқизиб суйгил дарёжон…

АЁЛ

Беҳишт гули дея ҳидладилар гоҳ,
Гоҳ ўзни осдилар соғинч дорига.
Кўнглингда не борин билмадилар гоҳ,
Сен шукрлар қилдинг унинг борига.

Минг йил,милён йилки сени ёздилар,
Турфа тилнинг турфа китобларига.
Кимлар ишқинг билан йўлдан оздилар,
Сен шукрлар қилдинг,унинг борига.

Минг йил,милён йилки сени ёздилар,
Турфа тилнинг турфа китобларига.
Кимлар ишқинг билан йўлдан оздилар,
Сен зор ўтдинг бирин хитобларига.

Аслида дунёнинг сийму-зарлари,
Ярим бўлолмайди сенинг илкингга.
Дарёдай шарқироқ шарқ бозорлари,
Ошиқдир сотилмас кўнгил мулкингга.

Сен ёнганда ёниб,ёниб келди ёз,
Кўз ёшингдан кузга айланди шаҳар.
Қорни ялангоёқ кечганингда боз,
Гул бўлиб тўкилди пойингга баҳор.

Минг йил,милён йилки ёзиб шеър,ғазал,
Ўтаётган шоир Ҳабибми,Машраб?
Ҳамон гўзалдирсан,азобинг гўзал,
Дунёни девона,қилганча ё раб?

СОҒИНЧ

Изимга тўкилур оҳу кўз ёши,
Ичимга тўкилур оҳ,кўзим ёши,
Чидашга сарфладим ҳамма бардошим,
Орамизда оққан дарёми,
соғинч,
Сайраган булбули гўёми,соғинч?

Бўзлаб ўз-ўзимга ваъдалар айтдим,
Қайтиб кўрмасликдан иборат байтим,
Қандоқ ўтар сизсиз байрам ҳайитим,
Девоналар қилиб қўйди-ку,соғинч,
Бегоналар қилиб қўйдику,соғинч?

Кўнглим қонаб борар бу риёлардан,
Кўнглим қолиб борар дий-диёлардан,
Кўнгилсиз яшаган авлиёлардан,
Қачон келар висол айёми,соғинч,
Қачон тугар сенинг баёнинг,соғинч?

* * *

Дединг: Қиш қаро кеча,
Дедим: Тонгги гўзалдир.
Дединг:Совуқ телбача,
Дедим: Баҳори галдир.
Дединг: Кўклашин кўрсат,
Дедим: Ғунчаларга боқ.
Дединг: Қолмади фурсат,
Дедим: Зумда пушти,оқ.
Дединг: Қайда ёмоним,
Дедим: Уйқуда жоним.
Дединг: Бунча ёмоним,
Дедим: Жонимда жоним.

* * *

Гулим қайта очилдингизми?
Ифор бўлиб сочилдингизми?

Соғинчлардан адо бўлди дил,
Қучоғимга тўкилинг дадил.

Ишқ-муҳаббат япроғингизда,
Озод этинг фироғингиздан.

Қувонч шодлик соғинч бу наҳор,
Қах-қах отиб келар гулбаҳор.

Гулим қайта очилдингизми,
Ифор бўлиб сочилдингизми?

* * *

Қиличнинг дамида ўтмоқда умрим,
Товонларим ёриқ,товонларим қон.
Яна тиғлар узра чақнар кўзларим,
Яна юрагимга қийноқлар ҳоқон.

Вужудимда яна чапараста ўт,
Қанча оловларга ўзим татирман.
Дўст,сен ҳам бу йўлдан аста-аста ўт,
Бу йўлда ёзилган ўтли сатрман.

Бу йўлга кирганнинг бошида қилич,
Ҳидоят йўлида умрин ўткарар.
Кўнгилнинг тўрида бир ёруғ илинж,
Бу қиличнинг дами ҳаққа еткарар.

НАСИМИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Кўзингда хилвати посбонни кўрдим,
Ўзингда хислати осмонни кўрдим,
Сўзингда исмати исмонни кўрдим,
Юзингда сурати раҳмонни кўрдим,
Қошингда қоф вал-қуръонни кўрдим.

Унутдим бор дунё саодатини,
Жоним ичра жойлаб ҳидоятини,
Айтиб икки дунё ҳикоятини,
Ўқидим дарси ҳуснинг оятини,
Ёди мусхабдаги фурқонни кўрдим.

Кўзимнинг қувватидин сан яралдинг,
Тилимнинг новвотидин сан яралдинг,
Имоннинг сувратидин сен яралдинг,
Муҳаммад умматидин сен яралдинг,
Сани гўзалларнинг султони кўрдим.

Ёдим синиқлари кўнгил ичинда,
Ичима тўкилмиш ашким ичимда,
Фурқатингиз ёди ашким ичинда,
Ҳалилуллоҳ ила ишқинг ўтинда,
Чу ёндим, гул каби райҳонни кўрдим.

Оғриғинг манимдир, сан маним ким,
Жоними жаҳони, сан маним ким,
Еру-уммоним бир сан маним ким,
Саломим Нуҳа етар сан маним ким,
Унингла ғарқ бўлиб, тўфонни кўрдим.

Раводир минг бир ўтда ёнсам мангаким,
Раводир минг бир ўйга толсам мангаким,
Раводир минг бир кўйга солсам мангаким,
Раводир Хизр ила қолсам мангаким,
Лабингда чашмаи ҳайвонни кўрдим.

Сувдан инжу, дур излар асли ғоввос,
Катта бойлик, шон излар асли ғоввос,
Денгизларда оққаннинг исми ғоввос,
Кириб дарёи ишққа мисли ғоввос,
Ки лаълу гавҳару уммонни кўрдим.

Сизни излаб борган шу ёрингиздур,
Ишқни ҳаққа йўйган дилдорингиздур,
Тоғ-тош кезиб топган диёрингиздур,
Бизим мақсудимиз дийдорингиздур,
Ўқидим, дафтару-девонни кўрдим.

Чўлу-биёбонда гардга гирифтор,
Чин сўзнинг гадоси мардга гирифтор,
Ҳидоят излаган шартга гирифтор,
Зулайходек бир кун дардга гирифтор,
Ҳазарон Юсуфи Канъонни кўрдим.

Гулларнинг ишқида булбул берур жон,
Булбулнинг ишқида ҳар гул берур жон,
Дилбар ҳасратидан солади сурон,
Насимийдек бу кун ҳар ким берар жон,
Яқиндир гар деса жононни кўрдим.

НАСИМИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ҳажринг девона этди-ку эй озорим, қайдасан?!
Булоқдек қайнаб чиққан ул сўз бозорим қайдасан?!
Дил-дилимни яйратувчи эй шарорим, қайдасан?!
Жонимни ёндирди ҳижрон, эй нигорим қайдасан?!

Дунёлар зимистон ёққин чил чироғинг, кел етиш,
Менга бегонадур ул яқину-йироғинг, кел етиш,
Кўнглимдек дув тўкилди савти туроғинг, кел етиш,
Бағримни қон айлади, аччиқ фироғинг кел етиш,
Эй лаби ҳасрат, шароби хуш қуёрим қайдасан?!

Қайга борсам дарду-алам, кулиб борорим қолмади,
Гул юзингдан ранг олурга, ихтиёрим қолмади,
Осмон йироқ, ер қаттиқ, ки гул диёрим қолмади,
Сабримни яғмолади, жўшқин қарорим қолмади,
Эй маним оромим, эй сабри-қарорим қайдасан?!

Субҳи саболар айтмади, имкон саломат пирима,
Кўзларимнинг хобида тикон аломат пирима,
Кимга дардим ошкора ғилтон самовот пирима,
Айлади ишқинг мани қалқон, маломат пирима,
Эй қоши-кўзи ёлғончи шаҳриёрим қайдасан?!

Гоҳ хаёлда бошинг узра, учмишам парвонадек,
Ҳижрон ўтинг оташини қучмишам парвонадек,
Гоҳи шамшод қаддим эгиб, кетмишам парвонадек,
Эй узун шамингдан йироқ, тушмишам парвонадек,
Ёнаман лайли-наҳор эй нури-норим қайдасан?!

Сочингдек узун дарё бўйини манга ҳар субҳдан,
Лабларинг шакар, болин бўйини манга ҳар субҳдан,
Кўзларинг чашми гирён суйини манга ҳар субҳдан,
Илондек юбор сочинг бўйини менга ҳар субҳдан,
Шанки, ёнди кетди ҳаддан интизорим қайдасан?!

Сандан ўзга дард ғамим йўқдир, сафоли ёри -дўст,
Дилда ўзга ҳамдамим йўқдир, жафоли ёри дўст,
Дилдан айтар гапларим кўпдир, қафоли ёри-дўст,
Сендан ўзга кўнглима йўқдир вафоли ёри-дўст,
Эй сафосиз, ҳусни комил, ёдигорим қайдасан?!

Ёр учун борар бўлдим дўст бўлур кишан манга,
Дунёнинг пайконлари нақд турар нишон манга,
Куйиб, куйиб сарғардим кел, махлиқо ишон манга,
Ёр учун ҳар кўчада минг бир бўлур душман манга,
Эй саводи-аъзами маҳрами ҳожарим қайдасан?!

Сан дилимнинг офтоби, сан муҳаббат парвари,
Изларингга тўкилган дунёнинг мушки-анбари,
Сан деб ўтур жаҳон аро дилбарларнинг Дилбари,
Чун Насимийдир бу кун айёми-ишқинг сарвари,
Эй шакар лаб, ёри ширин рўзғорим қайдасан?!