Давлатжон Карим (1991)

Давлатжон Карим 1991 йили туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
Шеърлари матбуотда эълон қилинган.

ОЛИСДАГИ ЯҚИН ГЎЗАЛИМ

Мен сени йўқотиб мен сени топдим,
Мен сени учратдим сендан айрилиб.
Сендан йироқ кетиб сен томон чопдим,
Сенга юзланяпман ҳар ён қайрилиб.
Чўғ каби совқотдим қаро кунларда,
Оқ-ойдин тунларда гурладим муздай.
Ҳайқирдим, дод солдим сўзсиз – гунглардай,
Не ажаб, барг ёздим бемаврид, кузда.
Ўйласам, ҳаётим туш каби, рўё,
Тушларим ҳаётдир энди мен учун.
Юксалганим сари чўкяпман гўё,
Тобора сенсизман, ҳувиллар очун.
Бу қандай азобдир, бу қандай бахтдир.
Севги аввалимдир, севги азалим.
Сен – аччиқ қисматим, сен – ёруғ тақдир,
Менинг олисдаги яқин гўзалим.
Мен сени йўқотиб мен сени топдим,
Мен сени учратдим сендан айрилиб.
Сендан йироқ кетиб сен томон чопдим,
Сенга юзланяпман ҳар ён қайрилиб…

НАВОИЙНИНГ НАВОСИ

Занглаган идрокингни
Нақш этади Навоий,
Ўзингга ўзлигингни
Бахш этади Навоий.
Шеърият осмонида
Юлдуз эмас, ой эмас,
Мангу осмон сингари
Акс этади Навоий.
Ўргатади ҳаётни,
Қалбингни кўрсатади,
Бойимассан балки, лек
Шахс этади Навоий.

АФҒОН ТОҒЛАРИ

Афғончи Холийигит бувамга

Ҳамон тушларимга киради Афғон,
Юрагимни тирнар изтироб тиғи.
Эсласам, тўлади кўзларимга қон,
Қалбимни ўртайди кўҳна доғларим,
Кечалар қайдандир келади йиғи –
Ҳамон тушларимда Афғон тоғлари…

Йиғлаб қолди ғамхўр, жонкуяр онам,
Йиғлаб қолди суюк қалам қошлигим.
Олис ўлкаларга бўлдим равона,
Қонлар кечиб ўтди маъсум чоғларим,
Афғон тоғларида қолди ёшлигим,
Ҳамон тушларимда Афғон тоғлари…

Ҳар куни фалакка боқиб кўзларим,
Матонат сўрардим, дуода қўлим.
Гўдакдай йиғларди мажруҳ дўстларим,
Жангга кирар эди қолган соғлари,
Ҳар куни жаҳолат, ҳар куни ўлим,
Ҳамон тушларимда Афғон тоғлари…

Ким учун курашдим ўзи, аслида
Урушни бошлаган бефаҳм гумроҳ.
Мен кузакка етдим баҳор фаслида,
Хазонга кўмилди ҳаёт боғлари,
Қирққа кирмасимдан қаридим, эй воҳ,
Ҳамон тушларимда Афғон тоғлари…

Урушда мағлуб йўқ, йўқ унда ғолиб,
Урушлар ҳамиша ҳиссиз, мазмунсиз.
Тунлар уйғонаман чўчиб, тўлғониб,
Йиғласам, бўғзимда қотар оҳларим,
Кечалар йиғлайман товушсиз, унсиз,
Ҳамон тушларимда Афғон тоғлари…

Телбани кўргандай боқади олам,
Юрагимда битмас ҳасрат, озорлар…
Ҳолимни билмайди ҳаттоки болам.
Ҳар бири қадрдон дўст-ўртоқларим –
Жасур ботирлардан қолган мозорлар,
Ҳамон тушларимда Афғон тоғлари…

АРАФА

Албатта, эртага кулади қуёш,
Албатта, эртага эрийди музлар.
Қувончдан чечаклар тўкади кўзёш,
Оҳиста нозланар гуллар, ялпизлар.
Эртага дарахтлар очади бағир,
Насимлар барчани эркалар бирдай.
Ким ҳам соғинмайди баҳорни, ахир,
Ахир, ким ҳам сайр қилмас ёмғирда.
Қор остидан ўтлар кўтаради бош,
Бошимизни силар беозор еллар.
Бўронлар тинади тортишиб ювош,
Бошланар кўкламги байрам, сайиллар.
Қушлар қўшиқ айтар эрта саҳардан,
Нолалар бўлмайди дилни ўртаган.
Қайтиб келган каби олис сафардан
Юракдан кўришар ҳамма эртага…

ХУЛОСА

Бу дунёниннг ишлари чалкаш…
Анвар Обиджон

Бу дунёнинг ишлари чалкаш –
У дунёнинг борлиги тўғри.
Имонсизмас ҳар битта алкаш,
Сотқин эмас ҳар қандай ўғри.
Қафас ичра ҳайқирса шерлар,
Юрагимни сиқади бир дард –
Нокасга гоҳ омад берилар,
Суянади сабрига гоҳ мард.
Инсон ўтар баланддан, пастдан,
Лек бир ҳолат дилни ғашлайди –
Кимдир яшаб ўлади аста,
Кимдир ўлиб яшай бошлайди…
Номард эрур номардга эш ким,
Ҳақ йўлида бўл собитқадам –
Эркак бўлиб туғилмас ҳеч ким,
Эркак бўлиб улғаяр одам.