Дадахон Муҳаммадиев (1989)

Дадахон Муҳаммадиев 1989 йилда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган. Навоий Давлат Педагогика институти талабаси.

“ЮРАК” НОМЛИ ХОНА

Манов уй эшиги, манави калит,
(Калит шарт ҳам эмас, эшик соб бўлган)
Киринг, кираверинг, бу ўша хона,
Сизга айтгандим-ку – ҳувиллаб қолган.

Туфлингизни ечманг, пальтонгизни ҳам,
Армон тўзғиган. Куз, хазон бошланган.
Девордан сал нари бўлсангиз яхши,
Ҳижроннинг ранглари чаплаб ташланган.

Мана бу шкафда орзулар – хароб,
Пушаймонлик учун келган ҳаётга.
Бу пардалар эса ишқдан тикилган,
Эскирган, киролмай адабиётга.

Сарғайган суратлар: бари хушчақчақ –
Душман шод, дўстларнинг кўзи ўйилган.
Ҳасратларим эса дастурхон қилиб,
Хонтахта устига ташлаб қўйилган.

Чойнакда совиган чой бўлса керак,
Олинг, (агар музлаб қолмаган бўлса)
Бир пас ўтирсангиз, ҳаммасидан ҳам
Дераза чиройли кўринар кўзга.

Деразадан нари – хотира, армон,
Деразадан нари – жавобсиз изҳор…
Фақат деразадан қараманг пастга,
Деразадан пастда улкан жарлик бор.

* * *

Кетдим.
Кетганимни билмади ҳеч ким,
Тилим айланмади видо айтмоққа.
Бақирдим, йиғладим, кулдим ва охир
Синиқ қалам билан тўкилдим оққа.

Кутдим.
Ўзим билмай – нимани, кимни,
Бирдан бахт бошимга қўнадигандай.
Кетдим.
Буни ҳеч ким билмади, рости,
Худди яна қайтиб келадигандай.