Бобомурод Раҳматуллаев (1979)

Бобомурод Раҳматуллаев 1979 йил 2 ноябрда Қирғизистон Республикаси Ўш (ҳозирги Баткен) вилоятининг Лайлак туманидаги Чўянчи қишлоғида туғилган. БатМУнинг филология факультетига ўқишга киради.
Шеърлари “Ата Журт”, “Дийдор”, “Баткен тонгги”, “Демос таймс”, “Мезон”, “Сулей инфо” ва Тожикистон Республикасидаги газета ва журналларида босилиб чиққан. 2012 йилда “ Мовий ҳислар” номли илк шеърий тўплами нашрдан чиқди.
“Дўстлик баёзи”, “Адабиёт гулшани” номли альманах китобларга туркум шеърлари киритилган.
2015 йилда Тожикистон Республикасининг ёш ижодкорлари орасида ўтказилган Шукурулло Авлиёзода номидаги адабий мукофот танлови ғолиби бўлиб, лауреатлик дипломи билан тақдирланган.

ТАЛАБАЛИК ДАФТАРИДАН

Соғинчнинг кўлига чўккан бедаво,
Висол сахросида қулман адашган.
Ҳижронга ҳамхона, сабрга ғаним,
Шерикман куффорга зино талашган.

Сўқирман- фақирлик тўнини кийган,
Тавбада қўлларим, топганим хазон.
Қулоғим остида ҳамон таниш куй,
Кетсам ҳам руҳимни аллалар Азон.

***

Сизни узоқ ўйлайвераман,
Ўйлайсизми сиз хам мен хақда.
Сизни десам, дарёда оксам,
Кутасизми мени қирғоқда?

Ҳар сония сиз деб яшасам
Бир қайрилиб қарамайсизми?
Ортингиздан юрсам, йиқилсам,
Сиз коримга ярамайсизми?

Ёнингизга югуриб борсам
Озор бериб ҳайдамайсизми?
Мен шўрликни майна қилишни,
Қўймайсизми, чарчамайсизми?

Гулдай нозик гузал малаксиз,
Кийнадимми тутиб сўровга.
Факат гулим сиздан илтимос,
Бериб қўйманг мени бировга.

***

Кўнглинг шоддир,
Кўзларинг-чи берк.
Билмам, нима кутдинг эртадан.
Сени ҳануз танимайди Эрк,
Йиллар эса ўтар биттадан.
Донг таратмоқ истадинг бетин,
Тополмадинг қарғишдан бўлак.
Куйлаб ёрдинг булбуллар ўтин,
Умр сен-чун оддий бир йўлак.
Кўнглинг шоддир,
Йўлларинг-чи берк.
Сени ҳануз танимайди Эрк.

* * *

Кун буркалар, димиқар нафас,
Сукунатга чўкар нигоҳим.
Ташқарига қилмайман ҳавас,
Ташқарида ўсар гуноҳим.

Ғирчиллайди менсимай эшик
Ва сабримни синар дераза.
Сен келмайсан айтаман қўшиқ,
Ё тутаман гулларга аза.

Сен келмайсан, тилимланар дил,
Рашкмикан бу ё ғалат ғавғо.
Ҳафсалам пир, эшикни очиб…
Ташқарида бир дунё иғво

***

Менку фақир,
Менман аламнок.
Сўнгги ришта узилдими ёр.
Адоғи йўқ бу қора тунлар,
Кўз ёшингдай бузилдими ёр.
Нега бунча холис бўласан?
Селларингда оқмадимми ёр.
Майсалардай мунгли шивирлаб
тушларингдай ёқмадимми ёр.

***

Гулхан ўчар, аста чирсиллаб,
Нигоҳларинг ойга қадалган.
Тун сирингни қўяди гуллаб,
Пешонангга бошқа аталган.

Умидларим саробдай сўнар,
Кўзларингга қараб бўлмайди.
Кўнгил кўнар, азобга кўнар,
Бироқ уни алдаб бўлмайди.

Охирги тун, кетасан изсиз,
Мен қоламан тун билан якка.
Кўникаман яшашга сенсиз,
Далда бериб куйган юракка

СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ

Жийда гули силар юзимни
боғда булбул ноласида дод.
Қўлларимда сара гулдаста,
мени кутар бегона ҳаёт.

Бебошлигу шўхлик, қайсарлик,
билмас эдим қайтмас эканин,
қўлимдаги гулисафсарнинг
юрагимга ботди тикани.

Лаҳзаларга сингиди борлиқ,
мен боғдаман ҳалиям гирён.
Безанаман нурсиз кунларга,
Қўлларимда сочилар хазон.

ИҒВОГАР

Мени ёзганларим сени ёдингда,
Қўшиққа айланар ҳар куни қайта.
Китобга мук тушиб излайсан иғво,
Сенга ачинаман бундай пайтда.

Устимдан ҳар куни иғво чангини
Сочавер, аяма раҳминг келмасин.
Оқларга буркансам, суйса билганлар,
Сиғинсанг майлига, рашкинг келмасин.

Жонимни бўлаклаб ташлагин ерга,
Ҳаққинга дуолар қилай йиқилиб.
Мевали дарахтман- тошлар отилган,
Кун сайин соямда қолма сиқилиб.

Иккимиз тариқат остонасидан
Инжулар терамиз пойма-пой юриб,
Мен худо эмасман, хўрсинма рафиқ,
Қалбингда яшайман авлиё бўлиб.

***

Қайғулар гуллайди кунларимизда,
Ҳаловат, ором йўқ тунларимизда,
Тўсиқлар, тиканлар йўлларимизда,
Буёғига қандай яшаймиз, гулим.

Ҳатто майсаларда умид ниши бор,
Баҳорнинг ортидан кузу қиши бор,
Севишганлар билан кимни иши бор,
Буёғига қандай яшаймиз, гулим.

Бизни тинглаб келмас ойнинг уйқуси,
Шумикан ҳақиқий севги туйғуси,
Дардга таскин берар болам кулгуси,
Буёғига қандай яшаймиз, гулим.

Ғанимлар қўлида қопқон ва тузоқ,
Юр жоним мен билан, кетайлик узоқ,
Яқинлар бизни деб чексаларда оҳ,
Буёғига шундай яшаймиз, гулим

***

Баридан кўз юмиб икир-чикирнинг,
Қўл силкиб рўзғорнинг ташвишларига.
Руҳга мадад берган илоҳий ишқнинг,
Айлангим келади оқ қушларига.

Униқиб боради эскирган умид,
Юракда музлайди-топганим армон.
Худди кечагидай хўрланади дил,
Кетаман, бир йўл бор, элтар у томон.

Биламан, ҳеч кимнинг кўнглида қолмас,
Мен топган, мен тутган умидсиз маёқ.
Ҳайтовур бир даста озод шеърларим,
Тунма-тун изғийди мағрур ва саёқ.