Бобомурод Эрали (1965)

ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида аспирантурада ўқиган, бир қанча вақт илмий ходим бўлиб ишлаган.
Филология фанлари доктори, профессор Абдурашид Абдуғафуров раҳбарлигида «Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достонида мажоз ва ҳақиқат талқини» мавзуида илмий изланиш олиб борган. Вақтли матбуотда Алишер Навоий асарлари талқинига бағишланган илмий мақолалари чоп этилган.

АРАВОН

Шавкат Раҳмонга

1. ОЙДИН ХАЁЛ

Юраверсанг, хаёл суриб, ҳеч ким кўрмаса,
Кўкда ғужғон жимирласа юлдузлар тошиб.
Етиб келса шамол эски улфат, танишдек,
Сокингина далалару қирлардан шошиб.

Сукунатнинг қабосини кийган дарахтлар,
Ҳаё билан ерга қараб уялиб турса.
Қоровулми, ё бир отлиқ шундай гўзал пайт,
Сенга ўхшаб ёлғиз ўзи айланиб юрса.

Чирилдоқлар тўй қилишар бутазорларда,
Тўйхат бериб айтганида сен ҳам борардинг.
Даврасида юрагингни бўшатиб ёзган
Меҳмонларга шеърларингдан ўқиб берардинг.

Ариқларда оқаётир сув симобсимон,
Ойдинликда ялтирайди, товланар ял-ял.
Оқаётир тилла янглиғ, ё кумушсимон,
Ўт-ўланлар сукутдаю жонзот бўлиб лол.

Ойни ичсанг, тонгга қадар тип-тиниқ сутдек,
Ичаверсанг, токи ундан ёришса ичинг.
Дарахтлар ҳам ича олмас сен ичганингдек,
Ичаверсанг, ой нурига тутиб ҳовучинг.

Юраверсанг, бўшаб ётган сайҳонлар оша,
Сени бунга ташлаб кетса билдирмай шамол.
Қадрдонинг ниначилар шошилганича,
Жўнаб қолса чолғусини кўтариб дарҳол.

Ялпизларнинг қулоғида шода марварид,
Кечагина осмон унга тақиб қўйгандек.
Дарахтлар япроғини бир-бир туширар,
Ичга ютган ғамларини сўйлаётгандек.

Ёрғучоқда ғамни туйиб малҳам айласанг,
Ой нурини қуйсанг озроқ, қўшилса шудринг.
Дарахтлар шивирию сой шовуллаши,
Бу ҳаётнинг аччиғин ҳам, бир татиб кўринг.

Нима қилсанг, зиёфатга келмаса ҳеч ким,
Эртагача айниб қолса бу тансиқ таом.
Дўстларинг ҳам хушламайди, тановул қилмас,
Балки, балки узр сўра, пишмаганми, хом?

Юраверсанг хаёл суриб, ҳеч ким кўрмаса,
Тунни, ойни, юлдузларни қотириб қўйсанг.
Ғам-қайғуга ўзинг ботсанг, ботмаса ҳеч ким,
Ёш гўдакдек бошқаларга жилмайиб қўйсанг.

2. ЧИСТОН

Қараб туриб ўйланаман, ғамлар ютаман,
Кўз олдимда ёқут каби айланар анор.
Сенга лойиқ эмаслигин анча кеч билдим,
Узун тунлар мижжа қоқмай тикканим қанор.

Бу ҳаётнинг чистонига жавоб ҳам мушкул,
Қийналасан, ўйланасан сочинг оқариб.
Юзларига парда тортган ғам-қайғуларим,
Юрагимдан чиқиб келар тобут кўтариб.

Шу тобутга жойлаб ана сулув келиндек
Олиб ўтар севгилимни, кўз қувончимни.
Гулгун юзи порлаб мени асир айлаган,
Ҳаловатим ўғирлаган, олган тинчимни.

Қанча тунлар ёлвордим мен, кел деб чақирдим,
Тушларимда пайдо бўлиб эс-ҳушим олди.
Ўз-ўзимча ёқарми деб шеърлар тўқирдим,
У нозланди, у юз бурди, қайғуга солди.

Шамол бўлиб йўлларига чиқиб турардим,
Майли, фақир қулинг бўлай дердим ёлвориб.
Оёғига йиқилмоққа шайланар эдим,
Зора менга қиё боқса ҳоли ўзгариб.

У йўлини бошқа томон бурди бемалол,
Оҳ-воҳ уриб қолавердим, кўнгил ҳам бўшаб.
Дилрабога борлиғимни фидо этардим,
Афсус, келмас жонимни ҳам қўйсамда тўшаб.

Бир жилмайиш, табассуми мени зор айлар,
Нима борки бисотимда бермоққа тайёр.
У тўхтамас, мен бечора алданган ошиқ,
Маликадек бевафо у, маккор ва айёр.

Ноз-карашма қилганича олислайди у,
Қўл чўзаман, қўлим етмас, этагин силкар.
У тўхтамас, қайрилиб ҳам қарамас бир бор,
У ҳурлиқо, у гулсанам, у парипайкар.

Телба каби интилганим сари қочар у,
Йўлларига кўз тикканим беҳуда бари.
Кўз олдимда жилва қилар, истиғно айлар,
Узоқлашиб бораверар етганим сари.

Энди эса шу анорга термиламан жим,
Аччиқми ё ширинми деб ўйлайман ҳануз.
У ҳурлиқо қайга кетди, борайин десам,
Изларини супурибди фаррош каби куз.

3. ҚЎТОСЛАР

Қорли тоғлар этагида қўтослар борар,
Бораверар ёйилганча кенглик, адирга.
Оғизлардан кўпик тошар, ҳаллослаб чопар,
Қорда юрмоқ оғир, оғир, шамол ҳам бирга.

Кўз очирмас олдиндаги эсган изғирин,
Бир тарафда ҳидни олиб бўрилар увлар.
Бир тарафдан келаётир қашқирлар ўраб:
Базмларни безатар деб бундай сурувлар.

Сал орқада оқсоқланар кекса бир қўтос,
Қочмоқ истар, қоча олмас, йиртқич чанг солар.
Тишлаб тортар, тилка-пора айлар лошини,
Осмондаги ғажирлар ҳам қулай пайт пойлар.

Қўтосларни ҳайдар шамол олдига солиб,
Ўнқир-чўнқир жардан ўтар тўхтамай бирпас.
Чор тарафда хавфу хатар, таҳлика, ваҳм,
Увиллашу тиш ғижири, ваҳшиёна сас.

Қорга ботар тепаликда қора қўтослар.
Қош қораяр, ҳалигача ойдан дарак йўқ.
Яйдоқ чўлдай ҳувиллайди бўм-бўш даралар,
Қор аралаш, қор аралаш, тиғ санчар совуқ.

Рўпарада яна довон, музлик, шамол, қор,
Ҳаёт-мамот жанги борар, ҳалокат тайин.
Қўрқув билан забт этилмас юксак чўққини,
Қўтосларнинг шашти тушар боргани сайин.

Ҳув жарликдан чиқиб келар қашқирлар ногоҳ,
Орқароқда юра олмас қўтос қалтираб.
Бир зарбада тинчийди у, жон берар афсус,
Йиртқичларнинг даврасида осмонга қараб.

Йўл кўринмас. Қор бўрони қўпар кенгликда,
Ёввойи бир қичқириғу даҳшат ва қўрқув.
Қор бағирлаб судралади олдинга қараб
Қоронғида қўтослардан иборат сурув.

Қонсираган йиртқич гала ҳамла қилмоқчи,
Мунглиғ шамол огоҳ этар бурғуни чалиб.
Гоҳ кўринар, гоҳ йўқолар, кутилмаганда
Човут солар қўтосларга яна айланиб.

Баланд тоғлар этагида қўтослар борар,
Қор аралаш изғиринда кўзлар юмилиб.
Нигоҳларда қотиб қолган шашту шижоат,
Гоҳ юради, гоҳ йиқилар қорга кўмилиб.

4. ЎТОВ

Чўққиларнинг кийиб олган дубулғалари
Олислардан қараганда турар ярашиб.
Оппоқ соқол ҳилпирайди, таралганида
Дараларга оқиб тушар кўксидан тошиб.

Қоятошлар хаёл сурар сукутга чўмиб,
Ҳар бир қадам қўйганингда юргин сен ўйлаб.
Сулаймонтоғ бошидаги тошларга қара,
Сенга не-не ҳикоятлар беради сўйлаб.

Харсангтошдан силқиб чиққан чашма бир ҳовуч,
Қандай роҳат бориб ичсанг чанқаганингда.
Чўпон бўлиб юрсам дейсан тоғлар бағрида,
Ўтов тикиб яшасам деб ҳар борганингда.

Кечалари юлдузларга тўйиб термилсанг,
Руҳингни ҳам тонгга қадар ювиб сойларда.
Қоятошлар кафтида сен ўйланиб ётсанг,
Гўдак каби эркаланиб бундай жойларда.

Ҳар тарафдан ўраб турган ҳайбатли тоғлар,
Сенга бир не айтмоқ бўлар донишманд чолдек.
Дараларнинг тор сўқмоғи қайга йўл бошлар,
Хаёлларинг тутқич бермас учқур маролдек.

Хотирангда изтироблар қайнар булоқдек,
Кечалари оқиб ётар, сени тинч қўймас.
Қандай ширин ғам-андуҳинг, ундан тотганлар
Мазасини бир умрга унута олмас.

Водий сари кўз ташлайсан, ҳорғин қарайсан,
Ич-ичингда бош кўтарар ожиз бир титроқ.
Наҳот, наҳот, темирчилар босқонларида
Ҳалигача ясаётир чалғи ва ўроқ.

Наҳот, наҳот, эр йигитлар отлар чоптириб,
Қиличларин кўкка сермаб, ойга қайрамас.
Тун қуюлар, дара йўллар қоронғиликда,
Наҳот, энди у йўлларда асло юрилмас.

Ўтов томон яқинлашар тиш қайраб довул,
Кенгликларга энтикасан ололмай нафас.
Қанча вақт ардоқлаган маъюс қушчани
Ташқарига учиради бу кўкрак қафас.

Юрагингнинг торларини камон ипидек,
Сўнгги марта тортиб шайла отайин десанг.
Сўзларингни найза каби териб қўй қатор,
Гўрингда тинч, бехавотир ётайин десанг.