Беназир (1981)

Беназир 1981 йили туғилган. Наманган давлат университети филология факультетини тамомлаган.
“Сен барибир гўзалсан, ҳаёт”, “Садосиз товушлар”, “Ўтмаган кунлар” шеърий тўпламлари нашр этилган.

* * *

Иккимиз энг гўзал қўшиқмиз,
Назмимга наводай кераксиз.
Мен сизга, сиз менга ошиқмиз,
Сиз менга маъводай кераксиз.

Қувонган, қайғурган онимда,
Суянган тоғимсиз ёнимда,
Ишқ бўлиб оқасиз қонимда,
Ҳарфимга имлодай кераксиз.

Ҳамрозим, ҳамроҳим, ҳабибим,
Ўзимдай девона, ғарибим,
Ҳолимга кулмаган табибим,
Дардимга даводай кераксиз.

Сиз учун бор-йўғи тилакман,
Ўзга малаклардай малакман,
Мен сизга Ҳавводай керакман,
Сиз менга ҳаводай кераксиз.

Иккимиз энг гўзал қўшиқмиз…

БУРГУТ ФАЛСАФАСИ

Бургут айтар: меники само,
Ёлғиз ўзим чиқаман овга.
Кимларгадир ўлжаман, аммо
Ўлжамни ҳеч бермам бировга.

Қанотимни ёзаман катта,
Сўнг мардларча қиламан ҳужум.
Мен енгишим керак, албатта,
Бургут бўлиб яшашим учун.

Ожизларга ёқмас парвозим,
Пойлар мени қопқону тўрлар.
Жасадимни емоққа ҳозир,
Писиб ётар ўлаксахўрлар.

Вақт ғанимат, умр ўткинчи,
Балки бир кун ўлжа бўларман.
Гар ўлсам ҳам заминда эмас,
Самоларда мағрур ўларман.

* * *

Кўнглингизга сиғмас туғилган куним,
Дунёнинг ғамлари турса қалашиб.
Ҳаётим баҳори, умрим мазмуни,
Биз қайси манзилдан кетдик адашиб?

Билмадим, йўл қўйдик қандай хатога,
Севги деганлари наҳот айб бўлса?
Нимамиз ёқмайди, айтинг, Худога,
Наҳот умр шундай мураккаб бўлса?

Асли мен шунчаки кирмадим, эркам,
Меҳмондай, дил деган кошонангизга.
Дунё яралмасдан Яратган Эгам
Исмимни битибди пешонангизга.

Бугун муҳаббатнинг ранги синиққан,
Бағри ўртанса ҳам чиқмайди уни.
Не учун дунёнинг ғамлари сиққан
Кўнглингизга сиғмас туғилган куним?

* * *

Эй дўст, дардимизни пинҳона айтиб
Ўтдик, эзгуликдан афсона айтиб,
Бир дам яшамадик шукрона айтиб,
Худога арз қилдик, арздан чиқмадик.

Эй дўст, мардум ичра ибратли бўлдик,
Ҳурмат бажо айлаб, иззатли бўлдик,
Ҳар лаҳза бир-бирга миннатли бўлдик,
Меҳрни қарз бердик, қарздан чиқмадик.

Эй дўст, сиз-ла қанча хуш дамлар кечдик,
Шодликлар симирдик, аламлар ичдик,
Дўстлик абадий деб қасамлар ичдик,
Минг афсус, лафз бериб, лафздан чиқмадик.

Эй дўст, бир-бировдан мудом нолибмиз,
Бугун мағлуб бўлсак, эрта ғолибмиз,
Умр фунунида ҳамон толибмиз,
Ҳаёт деган қадим дарсдан чиқмадик.

ЧЎЛПОН

Ё Раббий, заминга сиғмаган менман,
Ҳақ излаб, эсини йиғмаган менман.
Бу чиркин дунёнинг найрангларига
“Кулган бошқалару, йиғлаган менман”*

Ё Раббий, минбарда ёлғон жўшарлар,
Минг бир ёлғонига ёлғон қўшарлар,
Ўз макрига ўзи ўйин тушарлар,
Кулган бошқалару, йиғлаган менман.

Ё Раббий, куйганим халқим учунми,
Халқимнинг куйгани ҳалқум учунми,
Халқ деган бир дайди тўлқин учунми,
Кулган бошқалару, йиғлаган менман.

Ё Раббий, адолат сарсони бўлиб,
Не топдим, элимнинг виждони бўлиб,
Назм осмонининг Чўлпони бўлиб
Кулган бошқалару, йиғлаган менман.
_____________
*Чўлпон сатри

* * *

Бировнинг кулфати – бировнинг бахти,
Бировнинг улфати бировга ғаним.
Бировнинг заволи – бировнинг тахти,
Не учун яратдинг, Аллоҳим мани?!

Менинг яралганим – кимнинг йўқлиги,
Кимнинг ғалабаси – менинг хатойим.
Кимнинг фақирлиги – менинг тўқлигим,
Не учун дунёга келдим, Худойим?!

Менинг муҳаббатим кимнинг нафрати,
Менинг қувонганим – кимнинг озори.
Кимнинг ожизлиги – менинг қудратим,
Не учун яралдим, Парвардигорим?!

Ҳар куни яшайман, ўзимни енга,
Кечир, қилган бўлсам сенга иддао.
Ўлсам, туғилишдан не фойда менга,
Туғилсам – ўлишдан нима муддао?!