Барот Исроил 1938 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини (ҳозирги ТДПУ) тамомлаган. “Бойчечак”, “Най навоси”, “Суфҳидам”, “Она ер атри” китоблари, “Онаизор” роман-эссеси нашр этилган.
УМРИМНИНГ ТЎРТ ФАСЛИ
Тўртликлар
ШАРАФ
Элу элат, Ватанга хизмат қилиш шарафдир,
Юртдан айру тушганнинг турмуш тарзи харобдир.
Халқинг учун яшашнинг ўзи катта мукофот,
Бундан ортиқ мартаба барчаси бир саробдир.
ТАБИАТ МЎЪЖИЗАСИ
Табиат мўъжизасин англай олмадик,
Кўкдан ҳам, ердан ҳам излаб толмадик.
Алломалар умрбод ахтариб ўтди,
Бизлар ҳам изладик, сирин билмадик.
СЕН ЎЗИНГ
Сен ўзинг руҳингни бошқар, идрок қил,
Шундай иш тутганлар, шубҳасиз, оқил.
Бунинг уддасидан чиқмасанг агар,
Ўз ҳаётингга ўзинг бўласан бахил.
СУҲБАТ
Доно бирла суҳбат қилсанг, дилинг яйрайди,
Хушнуд дамлар ёдга келиб, тилинг сайрайди.
Билимдонлар мулоқоти роҳати жондир,
Ўтмаслашган зеҳнингни суҳбат қайрайди.
БИРОВЛАР
Ғафлат уйқусида ётар бировлар,
Ғойибдан мўъжиза кутар бировлар.
Қилган хато ишин сабоғин уқмай,
Шундай келиб, шундай кетар бировлар.
КУРМАК
Юз йил яшаш, юз йил заҳмат демакдир,
Нодонларга умр ўтиши эрмакдир.
Мақсади йўқ, орзуси йўқ одамлар,
Бамисоли гуручдаги курмакдир.
ЖАҲОН ЧАРХПАЛАГИ
Жаҳон чархпалаги айланаверади,
Умр риштаси унга бойланаверади.
Эртага не бўлар, билолмас инсон,
Янги марра сари шайланаверади.
ҚИШИ ҲАМ бОШЛАНДИ
Ёшлигим баҳордек ўтди, беқиёс,
Умримнинг гуллаган пайти эрур ёз.
Кузида етилиб тўлишди жисмим,
Қиши ҳам бошланди, сокин, қандай соз?
ҒУРУРИНГ
Юрагинг урар экан ҳаракатда суруринг,
Яшаш учун курашар, эгилмайин ғуруринг.
Ўткинчи хаёлларнинг занжирин узиб, токи,
Ўзлигинг англагунча тугайди битта умринг.
ДЎСТИНГМАН ДЕГАНЛАР
Дўстингман деганлар юзин ўгирди,
Бориш-келишликни аста чегирди.
Суҳбатни соғиниб қўмсаган чоғда,
Хаёлан кўнгилгинам хешга югирди.
МУҒАМБИР
Муғамбир ҳизматин пеш қилаверади,
Бўлар бўлмас кўзга ёш олаверади.
Хайрли ишлар учун йўқласанг агар,
Бир боис топиб, четлаб қолаверади.
АРМОНИНГ ЁДГА КЕЛАР
Ҳеч қачон дунёнинг ишлари битмагай,
Хаёлингдан ҳаёт ташвиши кетмагай.
Барини уддаладим деган пайтингда,
Армонинг ёдга келар, асло, унутмагай.
КУНЛАР ЎТАВЕРАДИ
Самарали ва бесамар вақтинг кетаверади,
Гоҳи бедор, гоҳ уйқуда, тонглар отаверади.
Қуёш чиқар, шомда ботар, мангу такрорланади,
Хоҳласангу хоҳламасанг умринг ўтаверади.
ГЕРДАЙИБ КЕТМА
Бойлик ҳам, хорлик ҳам ёдингда турсин,
Таъма қилиб юрма, ўзида берсин.
Омонат омаддан гердайиб кетма,
Кўрмаган одамнинг кўргани қурсин.
ҲАР ҲУНАРНИНГ
Ҳар ҳунарнинг сир-асрори бор,
Уни англаб олишлик даркор.
Агар эплай олмасанг, афсус,
Сенинг умринг ўтибдир бекор.
ҚАЛОВ ЯХШИДИР
Узоқ сафар қилганда улов яхшидир,
Қаҳратон қиш фаслида олов яхшидир.
Ҳар нарсанинг ўз пайти, мавриди бўлак,
Гулхан ёқсанг ўтингга қалов яхшидир.
КЎНИКДИМ
Кўникдим табиатнинг иссиқ, совуғига ҳам,
Баъзида роҳатижон, баъзида бўлдим мулзам.
Барига шукрона айтиб, йўлимда давом этдим,
Бир кун маъмурлик келса, бир кун ғариблик мубҳам.
ТАҚДИР
Тақдирда неки борки, барини кўравердим,
Қай томонга йўлласа, чекинмай боравердим.
Жуда кўп муаммолар йўлимга ғов ташлади,
Барибир белни боғлаб майдонда туравердим.
ҚАРИНДОШЛИК
Қариндошлик риштасин сақла, узмагил,
Элу элат удумини зинҳор бузмагил.
Бир куни яккаланиб, надомат чекиб,
Хазон япроғи мисол ҳар ён тўзмагил.
ПЕШОНА
Пешонага ёзгандан ортиғи бўлмас,
Заҳматсиз ҳаётнинг тортиғи бўлмас.
Қилмиши қидирмиш, дегай, яхшилар,
Пок эзгу ниятнинг йиртиғи бўлмас.
ЎЗИМГА СЎЙЛАДИМ
Умримнинг тўрт томонин тўртликларда куйладим,
Тўрт фаслда қад ростлаб, ҳаёт сари бўйладим.
Ҳамон орзу етаклар, армонларим дилимда,
Ҳаёт сўқмоқлари аро ўз-ўзимга сўйладим.