Барот Бойқобилов 1937 йил 14 мартда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Кенагас қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1997). СамДУнинг филология факультетини тамомлаган (1962). «Самарқанд сатрлари» (1962), «Висол» (1965), «Сени излайман» (1968), «Самарқанд ушшоғи» (1969), «Афросиёб» (1970), «Сонетлар» (1982), «Ким сокин яшайди Ўзбекистонда» (1990) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган «Шукуҳли карвон» (1981), «Нотинч Хуросон» (1985), «Сокин Хуросон» (1992) ва «Қонли Хуросон» (1992) достонлари, «Ҳайрат ул-Аброр» (1997) шеърий романи ҳам бор. Б. Петрарка, В. Шекспир, П. Неруда, Р. Ҳамзатов сонетларини ўзбек тилига таржима қилган. 2006 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994).
* * *
Юр, чиқайлик сайрга, дўстим,
Соғинганман Сиёб бўйини.
Тарк этайлик шаҳарни бир зум
Кўрмоқ учун кўклам тўйини.
Капалакдай айлаб сайри гул,
Боғлар аро кезайлик хуррам.
Сендан фақат илтимосим шул,
Биздан ризо бўлсин бу кўклам.
Қўлингдаги чинни пиёла,
Майли, менга тутмасин шароб.
Юр, азизим, тезроқ Сиёбга,
Май ўрнида ичайлик гулоб.
Ёшлигимиз ўтган гул боғлар
Ҳар баҳорда бизни сўроқлар.
* * *
Ургут чиноридан менинг қаламим,
Қалбимнинг софлиги – булоқларидан.
Одамларин меҳри – ўтли каломим,
Қаддим расолиги – алп тоғларидан.
Кўклам хандасидан – табассум, кулгим,
Шеър битган қоғозим – сахий даласи.
Кимё тупроғидан тўлган илигим,
Нафасим – шифобахш субҳи сабоси.
Бедор сойларида – умрим кемаси,
Чарх урган каптари – ўй-орзуларим.
Тилидаги ғазал – севгим шеваси,
Чўққига кетган йўл – менинг изларим.
Таржимаи ҳолим – Ургут қиссаси,
Шеърим – ургутликлар олтин бўсаси.
* * *
Мевали дарахтга тош отар,
Тошлардан бутоғинг синмасин,
Шохингга калхатлар қўнмасин,
Қисматинг ўйласам бош қотар.
Кўзимда қурғошин ёш қотар,
Майли, тош отганлар тинмасин.
Мевангни еб туриб, тиғлансин,
Бошингда бир куни тонг отар.
Вале тонг отгунча, отиб тош,
Тутундек ўрлатса оҳларинг,
Дардингга бўлгандек қайғудош.
Хазондек ёнса гар боғларинг,
Сен бўлиб ўртада жон талаш,
Қирқишиб кетмасин шохларинг.
* * *
Эй менинг гўзалим, менинг фариштам,
Сенга тушганида дастлаб нигоҳим,
Юлдуздай бешумор балки гуноҳим,
Эй менинг гўзалим, менинг фариштам.
Қалбингта туташдир менинг жон риштам,
Эй менинг дилбарим, чашми сиёҳим,
Бу чигал дунёда сенсан паноҳим.
Қалбингга туташдир менинг жон риштам.
Жоним риштасини узма қалбингдан,
Самони тутундек тутмасин оҳим,
Офтоб ҳам куймасин сенинг қаҳрингдан.
Севмаклик айб эмас, эй менинг моҳим,
Ишқимни ҳайдама кўнгил қасрингдан,
Қалбингдир топинган менинг меҳробим.