Азимжон Раҳимов 1935 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университети, Москва Давлат университети, М. Горький номидаги Жаҳон адабиёти институтида таҳсил кўрган, мактабда ўкитувчилик қилган, ёшлар ташкилотларида масъул лавозимларда ишлаган. У «Миллий адабиётлар равнақи», «Замин вэ замон садолари», «Ҳаёт ҳақиқатини излаб» каби 7 китоб, 150 дан ортиқроқ мақолаларнинг муаллифидир.
Унинг шеърий машқлари ҳам мухлисларга манзур бўлган, баъзилари куйга солинган.
У филология фанлари номзоди, доцент, Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
СОНЕТЛАР
* * *
Майли, мени севмасанг, дилбар,
Майли, менга қилмасанг вафо.
Майлига, юз ўгирсанг агар,
Майли, минг бор айласанг жафо.
Майли, мени дарбадар этсанг
Майли, сенга севгим туфайли
Ҳар балога даф бўлсам, майли.
Майли, мени танимай кетсанг…
Майли, куйиб кул бўлса бағрим.
Майли, ярам битмаса ишқдан,
Майли, ёйдай эгилса яғрим.
Майли, Мажнун ҳолига тушсам,
Фақат, фақат, айлаб маломат,
Мени бадном қилмагил фақат…
* * *
Бу йил ҳаво паст келди, дерлар,
Инжиқлигин қилди табиат.
Ўзимизни қаҳрамон ўйлаб,
Табиатни айбситиш ғалат.
Собит эмас табиат, ўктам
Ҳар фаслнинг ўзгача нози,
Кузи тўкин, иссиқдир ёзи.
Шунинг учун гўзалдир ўлкам.
Сен ҳам собит эмассан, эркам.
Куйдиради нозу фироғинг.
Ситамингда ҳоксор эрсам,
Шаҳзодаман висолинг чоғи.
Айрилиқда ер қучаман, ер,
Ситам қилсанг, шеър ёзаман, шеър.
* * *
Бинафшагул китоб қатида,
Жонлантирар хотиротингни.
Юракларим зирқиратади
Эслар бўлсам дилда отингни.
Туман янглиғ кетасан тарқаб,
Аён бўлиб тонг сабоҳида.
Сени эслаб гоҳи-гоҳида,
Ўтмоқдаман тақдирни алқаб.
Умид каби жуда узоқсан,
Ёшлик мисол қайтмайсан буткул,
Милтиллаган мангу чироқсан.
Порламайсан, ўчмоғинг тугул..
Илк муҳаббат қалбда тош ётар,
Ёди билан ҳар кун тонг отар.
ҒАЗАЛ
Қаролиги бу туннинг қошинг қаросиданму?
Кўзингда ёнган оташ ишқнинг балосиданму?
Гул ғунчасин юлибсан, қўлга хино қилибсан,
Этдингми бағрини чок тутиб яқосиданму?
Меҳр билан тикилсам, қўл бирла юз яширдинг
Юзингдаги қизиллиқ қўлинг хиносиданму?
Фиғоним оташидан югурди қон уфққа,
Шафақ қизиллиги ё юзинг жилосиданму?
Азим — буюк демак сўз, лекин буюк эмасман,
Ишқим буюклиги рост, фироқ жафосиданму?