Ашурали Боймурод 1957 йилда таваллуд топган. Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган. Шоирнинг “Садоқат”, “Соғинч”, “Меҳристон”, “Қушлар тилга кирганда” номли шеърий тўпламлари, “Меҳр” сайланмаси нашр этилган. Айни дамда “Туркистон” газетасида ишлайди.
ОНА ВАТАН
Бу замин оловдир, бу замин — оташ,
Кўксини тоғ қилган офтобистоним.
Ойдан-да сулувдир, гўзал париваш,
Қуёшдан тож кийган Ўзбекистоним.
Дунё донолари жамулжам бўлмиш,
Регистон сўз очар қадим достондан.
Қадимий бир сирдан ҳайратга тўлмиш:
Қуёш нур оларкан Ўзбекистондан!
САМАРҚАНД
Мовий гумбазларинг самога туташ,
Ердаги офтобсан, бағри ўт, оташ,
Нақадар гўзалсан, нақадар дилкаш,
Шаҳарлар ичинда тенгсиз, аржуманд.
Шарқнинг гавҳарисан боқий Самарқанд.
Сенла шуҳрат топган ул Соҳибқирон,
Буюк салтанатга йўл очди равон,
Юлдузлар илмидан бўлдинг чароғон,
Меҳмонга пешвозсан, сўзинг асал, қанд,
Шарқнинг гавҳарисан боқий Самарқанд.
Алла айтган каби кентлар онаси,
Сен-да жаранглайди «Шарқ таронаси»,
Бу элнинг Ватанга чин шукронаси,
Регистон сеҳридан олам баҳраманд,
Шарқнинг гавҳарисан боқий Самарқанд.
Шунчаки ўтмангиз шаҳар ёнидан,
Бир бор татиб кўринг «Сиёб нони»дан,
Дўстни ортиқ кўрар азиз жонидан,
Ватан байроғини кўтарган баланд,
Шарқнинг гавҳарисан боқий Самарқанд.
АСАД ОЙИ
Шарбат йиғар боларилар,
Асад ойи — асал ойи,
Жам бўлишган гулпарилар,
Ярқирайди ёз чиройи.
Турфа рангда товланади
Ишкомдаги оқ ҳусайни,
Ўзбекистон боғларига.
Кириб ўтгин, эй оғайни!
Бободеҳқон хирмонидан
Ёғилади буғдой сўзлар.
Юрак деган бир тандирдан
Узилади чўғдай сўзлар.
Қўли очиқ, сахий ёз бу,
Табиатнинг ҳотамтойи.
Ўзбегимнинг бўй-бастига
Ярашгандир асад ойи.
Бу қандайин фурсат, дейди,
Далаларинг ясат, дейди,
Ёзнинг асл чоғларини
Юртимизда асад дейди.
Очилгандир олтин сандиқ,
Сахий фасл — йилнинг бойи,
Сен ҳам кўнглинг ёздек тутсанг,
Доим ҳамроҳ асад ойи.
ИПАК ҚУРТИ ҲАҚИДА
Тут баргида унинг ҳаёти,
Яшамоққа озиқ сўрайди,
Учолмайди, йўқдир қаноти,
Ўз умрини оққа ўрайди.
Шивирлайди яшиллик кечиб,
Қойил қолдим жонзот кучига —
Ўз-ўзига оқ қаср бичиб,
Кириб олар унинг ичига…
* * *
Кузнинг сариқ бахмал тўшакларидир,
Дарахтлар бағридан тушган япроқлар,
Яланғоч новдалар қучоқларидир,
Ҳижрон рангларига тўлар тупроқлар.
Ҳижрон куйларини чаларкан тинмай,
Ажиб бир сеҳр бор кузнинг ишида.
У оппоқ кўрпасин устига ёпиб,
Сўнг яшил дунёни кўрар тушида…
МУҲАББАТ
Муҳаббат не қилса ҳам
ҳар ишни бошдин қилди.
Йўргагин гулу тикон,
ёстиғин тошдин қилди.
Ҳижрон деган қояга,
етаклади саҳрони,
Тоҳир оққан дарёни
Зуҳро кўз ёшдин қилди.
Олиб кетди Лайлини
Мажнун дил саҳросига,
Фарҳод ишқ воҳасини,
сой ила тошқин қилди.
Муҳрлади юракка,
севилмоғу севмоқни,
Ишқнинг гўзал сувратин,
ул қаламқошдин қилди.
Худо суйган бандамиз,
ўзи солган юракка,
Бандаси хато кетса,
кўз олдин мошдин қилди.
Жонингга жон бағишлар,
мангу ёшлик фаслидур,
Ўн саккиз минг оламни
ўн саккиз ёшдин қилди.
ФАХРИЯ
Риёзиёт илмининг султони ўзбеклардир,
Минг амалнинг ечими имкони ўзбеклардир,
Қуёшга кўзгу бўлган қуёшли ўлкам менинг,
Тафаккур тилсимининг зўр кони ўзбеклардир.
Хоразмий, Ибн Сино, Беруний зурёдимиз,
Улуғбек сочган «чўғлар» — самовий фарёдимиз.
Агар бир-бир варақлай билсанг дунё китобин,
Жаранглаб садо бергай ўзбек деган отимиз.
Қалб даштига гул эксанг, албат бўстон бўлади,
Топиб айтилган ҳар сўз яхши достон бўлади.
Бу ўлкада тўрт амал тўрт фаслдек иш тутар,
Ҳисобини билган юрт Ўзбекистон бўлади.
Илм аҳли азалдан мамлакатга мададдир,
Жўжани кузда санаш халқимизга одатдир.
Етти ўлчаб бир кесмоқ мерос бўлди бизларга,
Шул Ватанда яшамоқ билсанг, зўр саодатдир.
ГУЛСАНАМ
Гулсанам, жон Гулсанам,
Гулга қараб кул, санам,
Гул жилваси сен билан,
Толеимиз шул, санам.
Гулзор сенинг маконинг,
Сен қуёшнинг парчаси,
Рашки келиб бир ёнда
Чўғдай ёнар ул санам.
Гуллар ичра аълосан,
Мағрурлигинг ярашган,
Сен — малика, пойингда
Тиз чўкар бир қул, санам.
Ўзинг ою қуёшим,
Етмас сенга бардошим,
Гул васфини мадҳ этиб
Ўзимман булбул, санам.
ЁЗИЛМАГАН ШЕЪР
Қизларгадир гуллар номи, ой номи,
Сиз биласиз, бордир Ширинсой номи,
Сизларгадир неки гўзал жой номи,
О, шоирлар, қийин энди бизларга,
Ёзилмаган шеър қолмади қизларга.
Барно дедик, Раъно дедик исмингиз,
Ё, гуллардан олинганми, жисмингиз?
Қуёш каби лов-лов ёнган юзингиз,
О, шоирлар, қийин энди бизларга,
Ёзилмаган шеър қолмади қизларга.
Ой ҳуснини сизга қиёс қилганмиз,
Бу гулшанни юлдузлар деб билганмиз,
Неки илҳом, биз сизлардан олганмиз.
О, шоирлар, қийин энди бизларга,
Ёзилмаган шеър қолмади қизларга.
Аммо ҳали ёзилажак шеърлар кўп,
Қиз қалбини забт этгувчи эрлар кўп,
Биз билмаган, очилмаган ерлар кўп,
О, шоирлар, қийин энди бизларга,
Ёзилмаган шеър кўп эрур қизларга.
МУАЛЛИМ
Илму ҳикмат булоғисиз,
дил баҳори муаллим,
Шогирдлар муҳаббати –
эътибори, муаллим.
Ал-Беруний, Ал-Форобий,
бир ёнда Абу Лайс,
Самарқанддан сабоқ олган
шеър тождори, муаллим.
Адолатдан сўз ўрганди
Амир Темур Кўрагон,
Улуғ ўзбек салтанатин
мададкори, муаллим.
Юлдузларга боққанича
мудом Сизни ўйлади,
Осмон илмин бир шуъласи,
даъваткори, муаллим.
«Бобурнома» таърифига
илҳом берган ўзингиз,
Улуғ шоир армони-ю
ғамгузори, муаллим.
Нодира-ю Зебунисо,
Увайсий, Анбар отин,
Бир гумбазни ёриб чиққан
қалб анори, муаллим.
Илм ўзни англамакдир,
ё ҳаётдир, ё мамот,
Авлонийлар авлодининг
шул қарори, муаллим.
Адабиёт бешиги – Сиз,
Чўлпон кеча-кундузи,
Ғафур Ғулом, Ойбек домла,
сўз Қаҳҳори, муаллим.
Ўз домига тортиб келди
етмиш йиллик мустабид,
Яраланган шер юракнинг
минг озори, муаллим.
Дорилфунун яратмишдир,
бизнинг Озод домлалар,
Илму нурга чанқоқ дилнинг
дўсту ёри, муаллим.
Она сўзин ўргатдингиз,
онамдайин меҳрибон,
Илм деган бир гўзалнинг
вафодори, муаллим.
Мўъжизалар ичинда ҳам
мўъжизадек яшайсиз,
Дунёнинг мен тополмаган
сир-асрори, муаллим.
Болажонлар оғушида
сиз ҳам гўё боладек,
Инсонларнинг ичинда энг
хокисори, муаллим.
Ҳар юракка жо этдингиз
Мустақиллик дарсини,
Асли Ватан истиқлолин
ижодкори муаллим.
Сиз очгансиз ҳар кўнгилда
маърифатнинг эшигин,
Мактаб деган бир ҳаётнинг
илк баҳори, муаллим.
Муаллим деб ортингиздан
эргашади шогирдлар,
Ҳақ йўлинда ҳар толибнинг
умидвори, муаллим.
Ўқувчингиз камолида
сизнинг заҳмат ётибди,
Сиз шогирдлар қувончи-ю
дил изҳори, муаллим.
Маънавият оламининг
ҳоқони ҳам ўзингиз,
Маърифатни истар дилнинг
йўқ ғубори, муаллим.
Дунё билан беллашмоққа
қодир сизнинг шогирдлар,
Илм отлиғ ул чўққининг
интизори, муаллим.
Ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз,
ҳеч кимдан кам эмасмиз,
Шижоатга элтар йўлнинг
бир шунқори, муаллим.
Ҳақ йўлинда ўқитгай хўб,
ҳар сабоғи ганж эрур,
Ҳақ йўлига юрган зотнинг
касби кори, муаллим.
Ҳаёт ўзи мураббийдир,
ҳаёт ўзи бир мактаб,
Шул мактабнинг етакчиси,
йўл ҳамкори, муаллим.
Сизни кўкка кўтаргаймиз,
бошимдаги тождорим,
Зиё топган элнинг бахти,
ифтихори, муаллим.
Илм кўпни кўкартирар,
илм иста, эй рафиқ,
Яшнаб турган бу оламнинг
чаманзори, муаллим.
Заковат-ла бу оламни
мумкин эрур забт этмоқ,
Илм деган бир лашкарнинг
чин саркори, муаллим.
Юкинг ерда қолмас асло,
устоз бўлса ёнингда,
Ёмон кўздан асрар мудом,
кўз тумори, муаллим.
Букун дунё эшиклари
кенг очилди бизларга,
Ватан деган буюк шаннинг
номус-ори, муаллим.
Қадр-қиммат, таянчимсан,
ифтихорим ўзингсан,
Ватан дея дилга кўчган
юрт шиори, муаллим.
Ҳар бир устоз муаллимдир,
ҳар бир устоз — мураббий,
Бир соатлик ул саҳнанинг
санъаткори, муаллим.
Букун барча ҳавас қилғай,
муаллим бўлсам дейди,
Зотан ҳаёт қонунининг
устувори, муаллим.
Камолотга етаклайди,
юксалади ҳур ёшлик,
Жасоратга қанот бўлган,
элнинг кори, муаллим.
Шогирдларга шукроналик
туйғусини сингдирган,
Бахтиёрлар ўлкасининг
бахтиёри, муаллим.
Таъзим, сизга азиз устоз,
минг эҳтиром юракдан,
Ашурали Боймуроднинг
дил ашъори, муаллим.