Алихонтўра Соғуний (1885-1976)

Алихонтўра Шокирхўжа ўғли (тахаллуси Соғуний; 1885. 21.3, Тўқмоқ — 1976.28.2, Тошкент) — дин ва жамоат арбоби, уламо. Арабистон (Мадина)да ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олди.
Чор маъмуриятининг ерли аҳолини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққанлиги учун подшо махфий полицияси таъқибида бўлди. 1916 йили қўзғолони шафқатсизларча бостирилгач сиёсий муҳожир бўлиб Қашқар (Хитой)га кетди, кейин Шарқий Туркистон (Ғулжа шаҳри)га борди. Омма орасида ҳуррият ғояларини тарғиб қилганлиги сабабли 1937 йили Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. 1941 йили адлиявий тафтиш натижасида озод қилинди. 1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Алихонтўра Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланди. Миллий қўшин ташаббускори бўлди ва унга қўмондон этиб тайинланди. 1946 йил июнда шўро айғоқчилари томонидан махфий равишда тазйиқ билан Ғулжадан олиб чиқиб кетилган Алихонтўра умрининг охиригача Тошкентда яшади.
Аҳмад Донишнинг «Наводир-ул вақоэ», Дарвиш Али Чангийнинг «Мусиқа рисоласи», шунингдек «Темур тузуклари» каби асарларни таржима қилди. Алихонтўранинг «Девони Соғуний» шеърий тўплами, «Тарихи Муҳаммадий», «Шифо ул-илал» («Хасталиклар давоси») ва б. асарлари бор.
Алихонтўра тарихий меъморлик обидалари ва қадимий қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилган. Тошкентдаги Шайх Зайниддин бобо қабристонига дафн этилган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Алихонтўранинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкентнинг Яккасарой туманидаги ўрта мактабга, Чилонзор туманидаги маҳаллага, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага унинг номи берилди. (Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан)

ВАТАН ВА ИЛМ ЁКИ ЕТТИ ЮЛДУЗ

Эшит мендин Ватан ўғли насиҳат,
Қабул қилсанг келур бошингга давлат.
Жаҳон кўрган қарининг сўзин олғил,
Амал айлаб, ани кўнглингга солғил.
Йигитлик даврини иш вақти деб бил,
Ғаниматдир, керак ишни билиб қил.
Жаҳон халқи ўликдир ё тирикдир,
Тирик юрган илмсизлар ўликдир.

Ҳаёт ичра урушмоқ ё топишмоқ,
Икковига зарурдир илм ўқимоқ.
Илмсизлик нечук қилди элингни,
Илм-чун боғлагил эмди белингни.
Сиёсатда агар бўлсанг Темурдек,
Ёқарсан илми йўқларни кўмирдек.
Илмсизлар бўлур ҳар ишда ҳолсиз,
Урушга кирса бўлғайму қуролсиз?

Илм билгил, тилин бил дўсту душман,
Иккови бўлмаса бергай сена панд.
Ўқи ҳар канча билсанг, куч кўрурсаи,
Вале бир ишни қилсанг куч бўлурсан.
Ул иш эрса унутма ўзлигингни,
Таниткил барчага ўзбеклигингни.
Бировлар соясида турма зинҳор,
Заҳарлин саркитидан тотма зинҳор.

Бировлар соясида кун кўришлик,
Эрур яхши у иш қилмай ўлишлик.
Ватан асли сенингдур Ўзбекистон,
Ўғуздан колмиш эрди бу гулистон.
Ватан аҳли Ватан меросхўридур,
Отадин колса мол фарзандникидур.
Онадур бу — Ватан аслини сўрсанг,
Сени туғмиш будур, яхши тушунсанг.

Чиқармиш сен учун турлик емишлар,
Кўтармиш елкасида ёзу қишлар.
Тириклар бу Ватан бўйнига мингай,
Ўликлар ҳам анинг қўйнига киргай.
Ватанни дўст тутиш имондан эрмиш,
Онинг-чун ҳақ Расулдин нақл бўлмиш.
Ватанни севмаганлар биздин эрмас,
Буни ким билмаса имонга кирмас.

Ҳаётинг шарти бўлди илм ўкимоқ,
Илмсиз мумкин эмасдир кўз очмок,
Қаро нағувдир жаҳон бошдан-оёғи,
Илмдир доимий ёнган чироғи.
Дема: «Вақт ўтди, энди фойда бермас»,
Киши оқил эса бу сўзни қилмас.
Агар бўлса ўқи ўқдон ичинда,
Бўлур сайд этса вақти келганинда.

Ўқур бўлсанг ўқ ургайсан кўзига,
Асалдек бўлса алданмас сўзига.
Киши умри саноқликдур билурсан,
Ани ўлмайди дебму шак қилурсан.
Жаҳоннинг турмуши ҳар турлик ишдур,
Кўрурсанким, охири ўзгаришдур.
Ўқир бўлсанг жаҳонда билим кўпдур,
Кифоя қилмас, умринг оз бўлибдур.

Азиз умрингни танлаб сарф қилгил
Ва лекин тарих илмин кўп ўқигил.
Улуғ тарих эгаси Ўзбекистон,
Қозоғу, қирғизу ҳам Туркманистон,
Ўқур бўлсанг билурсан кимлигингни,
Унутмассан яна ўзбеклигингни.
Бухорода туғилди Ибни Сино.
Анингдек йўқ эди кимматли доно.

Бунинг устози эрди Насри Фороб,
Билай десанг буларнинг тарихин топ.
Туғулғон жойи эрди шаҳри Ўтрор,
Бобо Арслон у ерда, билсанг эй ёр.
Бурун Фороб эди бу шаҳри Ўтрор,
Унутма бу сўзимни, айла такрор.

Учинчиси, Абу Райҳон эрур, бил,
Анинг тарихин айтурман, эшитгил.
Эрур Ибн Синолар қатори,
Замондош эрур, ҳам эрди ёри.
Туғулғон жойидур Хоразм, билсанг,
Туганмас фазлини ҳар қанча қилсанг.
Буларнинг ҳар бири бир юздан ортиқ,
Ёзибдурлар китоб уч юздин ортиқ.
Борини фан уза ёзғон эдилар,
Жаҳон аҳлига қолғизғон эдилар.
Эшитдиким, на қилмиш бу учовлон,
Туғулғон жойларидурким Узбекистон.
Алардин бу китобларким қолибдур,
Бутун тилларга қолмай йўткалибдур.
Вале қолмиш қуруқ, ўз аҳли андин,
Илмсиз бўлса ҳайдалғай Ватандин.

Яна чиққан бу жойдин бир улуғ эр,
Билур бўлсанг, анинг отин Темур дер.
Туғилмишдур бу шер Шаҳрисабзда,
Билай десанг анинг тарихин изда.
Йигирма етти марказ олмиш эрди,
Жаҳонни остин-устин қилмиш эрди.
Ўзи тузган «Тузукот»ни ўқиб кўр,
Темур қандоқ кишидур анда айтур.
Жаҳонда ўттиз уч йил давр сурган,
Эмасдир ҳеч урушда у енгилган.
Жаҳонда кўп баҳодирлар ўтибдур,
Темурдек каҳрамонни ким кўрибдур?

Иккинчи— Шоҳруҳ ўғли Улуғбек,
Илмда ҳеч ким бўлмади анингдек.
Самарқандда мунажжимхона солди,
Расадхона деган жойни у қилди.
Ҳисобу ҳандаса илмига омил,
Фунун ҳайъат ичида эрди комил.
Шунинг-чун «Зиж Кўрагонни» у ёзди,
Тўлиқлаб ҳайъат илмини чиқозди.
Жаҳон халқи Улуғбекни улуғлар,
Бўлиб олимлари ҳар ерда сўзлар.

Учинчи доҳий эрди Мирзо Бобур,
Сиёсат бобида кўп эрди моҳир.
Илмни ҳам сиёсатни олибдур,
Китоб ёзиб ўз отин қолдирибдур.
Набира бўлғуси Соҳибқиронға,
Этар беш ота бирлан каҳрамонға.
Ўқиб кўрсанг, унинг ёзғон китобин,
Билурсан, шунда ул қандоқ эконин.
Билай десанг, онинг қўл ёзмаси бор,
Ўқиб кўр, изла, «Бобурнома»си бор.
Ўқиб, ёд айла «Бобурнома»ни сан,
Аник ўзбек тилин шунда билурсан.

Яна айтай, Алишер Навоий,
Улуғ ўзбек элининг раҳнамои.
Қуёш ёнглик, десам ҳам ёлғон эрмас,
Тушунганлар, бу нотўғри, деёлмас.
Тўлиқ ой оз эрур васфин қилурда,
Этолмас бизга фойда еткирурда.
Биза бу эр улуғ хизмат қилибдур,
Тугамас яхшиликни қолдирибдур.
Отаси ул эрур ўзбек тилини,
Киши билмас онинг билганларини.
Замона тилларин яхши билурди
Ва лекин ўз тилин ортиқ кўрурди.
На ёзди эрса, ёзмиш турк тилида,
Ўз элин ўйламиш бу қилғонида.
Агар бул бўлмаса, тил ким билурди,
Онинг қилғон ишини ким қилурди?!ъ
Агар ул кутмаса ўзбек тилини,
Билолмас эрди ҳеч ким борлиғини.
Унутса ўз тилин ҳар қайси миллат,
Хиёнатдур, кечилмас бу хиёнат.
Бу ишдин куткарган бизни Навоий,
Анинг руҳини шод айла илоҳи.

Агар қадриға етса Ўзбекистон,
Атаб номиға қилсун боғу бўстон.
Сифатин айладим бу етти эрнинг —
Бари ўғлони эдилар бу ернинг.
Фалак устида етти юлдуз ўхшаш,
Булардин ибрат олсин ҳар қари — ёш.
Кел, эй Соғуний сўзни кўп узотма,
Кўзинг оч, уйғониб ғафлатда ётма,
Ўтибдур барча умринг дарду ғамда,
Ғаниматдур на қилсанг ҳам шу дамда.
Ёшинг етмишдин ўтмишдур, на чора,
Кўнгил халқ кайғусидин пора-пора.
Айирув бўлсалар жонимни шандин,
Ватаннинг амралмас севгиси мандин.
Дегайлар: Етти қат бу ерни билсанг,
Чуқур ўйлаб қара, яхши тушунсанг.
Боболар сўнгаги бир қат бўлубдур,
Буларнинг танларидин ер тўлибдур.
Она дейдур: Ватанни ондин ортиқ,
Билурсанг, сенга сут бергандин ортиқ.
Босарсан елкасига, юрганингда,
Қучоғида ётурсан ўлганингда.
Ватанни сақламабдур қайси инсон,
Кўрар турлик балоларни у ҳайвон.
Ота меросимиздур Ўзбекистон,
Еткандур бизга эмди бу гулистон.
Ватандин ажради-ўлди, демакдур,
Боқиб душманга, термулди, демакдур.

1962 йил, 26 феврал. Тошкент шаҳри

БОРМИКАН?

Биз қамалдик бу темир қўрғон ичида инграниб,
Бу зулм кўрғон қопусин синдирар кун бормикан?
Барча олам йўллари очиқ эрур, бизга ёпиқ,
Эй Худо, ҳаж йўли бизларга очиқ кун бормикан?
Барча олам аҳли ўз мақсадларини топдилар,
Ўзбекистон халқига бу иш бўлар кун бормикан?
Руслар босди Ватанни, коплади селдек келиб,
Бу фалокатдан, Худоё, қутулар кун бормикан?
Соғуний дарддин эзилди, бу Ватаннинг дардида,
Ким билур, бу дардима дармон топар кун бормикан?
……………………………………………………
Кайғулик тунлар ўзарда тонг отар кун бормикан?

1959-1960 йиллар

ТИЛ ҲАҚИДА

Менинг бу сўзимни эшитсун Ғани*
Киришсин бунинг чорасин кўргани.
Ўзидин киши ҳиммати ошмаса,
Жаҳонда бўлурму бир иш қилгали.
Ҳаёт ичра кимдан асар қолмаса,
Баробар эрур юргани-ю, ўлгани.
Жаҳонда ўтубдур неча яхшилар,
Оти ўчмамишдур асар ёзгани.
Бухорода бўлмиш эди Бу Али,
У ёзган неча хил китоблар қани?
Бутун тилларда таржима қилдилар,
Йўқ эмди алар бизга қолдиргани. А
Асар ёздинг эрса, она тилда ёз,
Йўқ эса анинг ёзгани-бузгани.
Таралмиш бутун ёр юза илму фан,
Тўлиқ тил керакдир ани билгани.
Тўлиқ тил қариндош она тил эрур,
Бўлурму киши андин айрилгани?
Киши ўз тилин яхши билмас агар,
Билингким, ҳам ишдан кейин қолгани.
Агар хўрласа киши ўз тилин,
Ватан хоинидур, Ватан душмани.
Сут эмганда кирган она тил эрур,
Онаю ота ҳакки, сақла ани.
Уёнғил бу сўздин, тилинг сақлагил,
Тили ўзди эрса киши ўзгани.
Ёши етмиш олти эрур билсангиз,
Ёзибдур бу сўзни Ота Соғуний.

1962 йил, феврал. Тошкент
______________
* Марҳум геолог олим, академик Ғани Мавлонов назарда тутилган.

УЙҒОН

Борлиғим сақлай десанг илму ҳунардин қил яроқ,
Йўқ эса олғай барингни қилмағай ҳеч ким сўроқ.
Ер юзи ўзгарди аммо ўзгаришдин бизда йўқ,
Синди Туркистон элининг бошида юз минг таёқ.

Оч кўзинг Турон эли зинғирт бўлурму қўйчивон,
Борму бу янглиғ бўлон пайқаб кара бошдан-оёқ?
Ҳар ўғил ворис бўлур колғон атонинг молига,
Бўлди Туркистон элининг вориси юзсиз қароқ.

ҚАТРАЛАР

«Темур туяуклари» асарини ва уни ўзбекчага қайта ўгирган таржимонни ноҳақ танқид қилувчиларга сўнгги жавоб:

Тош уриб синдирса олтин косани,
Тошнинг қадри ошмагай, олтин баҳоси тушмагай.

1968 йил, январ.

* * *

Сўз қадрига етмаган ёлғон олимлар ҳақида шу қуйидаги шеър айтилмишдур:

ҚОЛУР ЁЛҒУЗ

Шеър таъмини тотмаган одам,
Чекидан таш6ари қилур ҳар сўз.
Хафа бўлманг ани эшитганлар,
Гул исини качон билур қўнғиз?
Гули райҳон очилғонин боқмай,
Туртадур ерни ҳар качон тўнғуз.
Ўз тилини яхши билмаган одам,
Элидин айрилиб қоладур ёлғуз.

ТАРИХИЙ ЁДГОР

Фарғонани ўрус босқинчилари олганда ўшал замон турк шоирларидан бирови тубандаги туркона тўрт мисра байтни уларнинг шум қадамлари етганига тўғри тарих топмиш экандур. Байт:

Юртимизни ўрис келиб олди,
Ҳукми ҳақ деб ҳамма бўйин солди.
Йиғлаб устоди ақл шому саҳар,
Топди тарихини «камоли зарар».

Маълум бўлғайким, «камоли зарар» ҳарфлари ҳисоби абжад коидасича 1291 дур (мелодий 1871 йил). Бу шумоёқлар келган кунидан зарарлари бошланган бўлса ҳам, айниқса, динсизлар тарихи (1917 йил)дан тортиб ҳозирги кунда камолига етди.

1960 йил, Тошкент

ШОБДОН БОТИРГА

Тилим, турк халқига кўп офарин қил,
На янглиғ мақтасанг оздир, аниқ бил.
Яраш чоғида меҳмондек ўтирғай,
Уруш кунларида арслондек отилғай.

* * *

Қадри йўқ гавҳар сўзинг олчоқ кишилар олдида,
Дурни тақсанг на билур, ит оғзига ташла суяк.

ҲАЗАР ҚИЛ

Ҳақиқат сиррига ҳеч кимса етмас,
Шариат ушлаганлар йўлда қолмас.
Ҳасаддин сақла ўзни, эй биродар,
Бу сўзни айтдилар барча пайғамбар.
Ҳасад ўти жаҳаннам ўтидир, бил,
Ани кўрмай десанг мундин ҳазар қил.

* * *

Нечун «бо»бирла «син» келмишди «Қуръон» бош-оёғида?
Аниқ икки жаҳоннинг раҳбари-чун «бас» демакдур.

* * *

Сабр қил, боғлар замон душман қўлин орқасига,
Вақтин ўткузма ўшанда, душманинг ур бошига.

МEЪРОЖ ЁКИ РАСУЛУЛЛОҲ КEЛАДИ
Машрабдан

Кел энди Жаброил, аршни супургил эй,
Анда меҳмон бўлғали, Расулуллоҳ келади.

«Мозоғал басар» кўзлиг, «шамси вазуҳо» юзлиг,
Ҳаммадан ширин сўзлиг, Расулуллоҳ келади.

Шамолларғаму айтғил, сайр этишини қўйсин,
Беадаблик қилмасин, Расулуллоҳ келади.

Дарёларғаму айтғил, мавж урушини қўйсин,
Олдида сақо бўлсин, Расулуллоҳ келади,

Азроилғаму айтғил, жои олишини қўйсин,
Хизматда муқим турсин, Расулуллоҳ келади.

Моликларғаму айтғил, дўзах эшигин ёпсин,
Йўлларига гул тиксин, Расулуллоҳ келади.

Ғулмонларғаму айтғил, меҳнат эшигин очсин,
Бошларига дур сочсин, Расулуллоҳ келади.

«Уфқ-ул мақом»га бориб йиғлайди Жаброил:
Мундан ўтсам ё Расул, канотларим куяди,

Маҳшар куни бўлганда йиғлайди Машрабо,
Расулуллоҳ кейнидан Машраб қаландаринг келади.

* * *

Буюк турк халқига кўп офарин қил,
На янглиғ мақтасанг оздур, аниқ бил.
Яраш чоғида меҳмондек ўтурғон,
Уруш кунларда арслондек отилғон.

* * *

Қайғулиқ тунлар узарди, тонг отар кун бормикин?
Биз қамалдик бу темир қўрғон ичида инграниб,
Бу зулм қўрғон қобусин синдирар кун бормикин?
Барча олам йўллари очиқ эрур, бизга ёпуқ,
Эй Худо, ҳаж йўли бизга очилар кун бормикин?
Барча олам аҳли ўз мақсадларини топдилар,
Бизнинг Турон элиға бу иш бўлар кун бормикин?
Кофир эл босди Ватанни, қоплади селдек келиб,
Бу фалокатдин Худоё, қутулар кун бормикин?
Соғуний бағри эзилди бу Ватаннинг дардида,
Ким билур, бу дардима дармон топар кун бормикин?

1948 йил, 16 январ, Тошкент.

* * *

Оқил одам ҳар ишдан ибрат олур,
Қайси ҳол ичра турса фойдаланур.

Яхшилик кунларда барча дўст бўлур,
Қора кун тушганда кимдур ажралур.

Муҳаббатдин кўнгуллар нурға тўлғай,
Саккиз жаннат онингдин ҳосил ўлғай.

Кишини сақласа ул холиқи пок
Заҳар оғзида бўлғай мисли таръёк.

* * *

Қадри йўқ гавҳар сўзин олчоқ кишилар олдида,
Дурни тақсанг на билур, ит оғзиға ташла суяк.

Қўлға келмас ишларинг ҳаргиз шароит бўлмаса,
Қанча қилсанг жон фидолик фойдасиздур ишларинг.

Умидсиз бўлма, Соғуний, умиднинг кўзгуси бордур,
Қоронғу кеча сўнгидин қуёшнинг чиққуси бордур.

Давлат бошдан кетарда кенг кийиминг тор бўлур,
Қўй деганга кўнмаган орачига зор бўлур.

Яхшилиқ қилған кишини ҳеч унутмас Соғуний.
То ҳаёти борича доим дуо қилғай они.

* * *

Жарқаноқ йўқ дер экан ёғду қуёшнинг нурини,
Қанча кўп айтқонларидин нури кам бўлмас қуёш.
Кўрлар бозорида йўқдур сўровчи сурмани,
Дарди йўқлардин топилмас кўзларида томчи ёш.
Аслида жавҳар кўрон эрмас экандур ҳар киши
Қайда билгай фарқини, гавҳармидур ё қора тош.
Илму ҳикмат дурларини сочма нокас олдида
Кирма ул мажлисгаким, ифлос оёқлар бўлса бош.
Гул ҳиди сассиқ эмиш бадбўй қўнғизнинг бурниға,
Сўзи сассиқдин йироқ юр, хоҳ қаридур хоҳи ёш,
Узма Соғуний умидинг, етказур Тангринг сени,
Тарқалур олам аро бир кун ҳақиқат бўлса фош.

* * *

Кўргулик бўлса қадарда ани кўрмай чора йўқ,
Туз-насибанг қайда тушса ани тотмай чора йўқ.

Оч кишига нон юзи ёрнинг юзидин яхшироқ,
Чанқамиш одамга сув ҳурнинг кўзидин яхшироқ.
* * *

Яхшилиқ кунларда Оллони унутма, Соғуний,
Бошингга тушса қаро кун ташламас ул ҳам сени.
Ўшлиғинг ўтди ғурурлиқ бирла, тоат қилмадинг –
Кексаликда кетди куч, солған иморатинг қани?
Ўш етибдур қон ютиб, ғам-қайғудан айрилмадинг –
Барчаси ҳақ йўлида билгил, худонинг бергани.
Оқ соқоли ҳаққи ким Соғуний бечорага
Кўрсат ўлмасдан бурунроқ ул Муҳаммад қабрини.
Ким ўқуса ҳар қачон Соғуний отонинг шеърини,
Бир оғиз Қуръон ўқиб, шод айласин арвоҳини.

БАҲОРГА БАҒИШЛАБ

Ўтиб қиш кунлари тўқсон баҳорнинг бўйи келмишдур,
Очилгай ер юзи, гулдек парирулар очилмишдур.
Яхши тун сарвнинг бўйига андоқ ким ёрашибдур,
Сатанг қиз устига гўё зумурраддин ёпинмишдур.
Булутлар тебраниб кўк ичра кўз ёшин тўкар бўлса,
Билинг ҳижрон туни ошиқ кўзидин дур сочилмишдур.
Тўкар бўлса булут гавҳарларин боғ устидин ўтгач –
Қизил гул қизларининг бўйнига дурлар тақилмишдур.
Баҳордур ёки кўклам, турк-тожиклар, ғанимат бил –
Ўтар бу йил баҳори ҳам, нечун ким олдин ўтмишдир.
Турар бўлсанг жаҳонда ҳар йили келгай баҳор, аммо –
Неча биздек кишилар кўрмайин кўкламни кетмишдур.
Ҳаёт ичра кўрурсанким келур ҳар йил баҳори бор,
Баҳорнинг не баҳоси, бебаҳо умринг туганмишдур.
Баҳор бўлса очилгай гул кўриб кўнгил чаман ичра,
На бўлди кўнглима ҳаргиз очилмас ғамга тўлмишдир.
Очилмас бу кўнгилни очқали бўлгай анингчун ким –
Очуқ юзлук паривашлар баҳор сайилига чиқмишдур.
Янги йил келди эрса янгидин кўнглимга ғам тўлди,
Жаҳонни янгиликлар босди, аммо ранги сўлмишдур.
Янги йилга бағишлаб, Соғуний бу сўзни назм этди –
Ўқиб билгай буни ул ким сўзинг қадрига етмишдур.

Тошкент, 1962 йил.

ВАТАН ВА ИЛМ – ЎКИ ЕТТИ ЮЛДУЗ

Эшит энди ватан ўғли мендин насиҳат,
Қабул қилсанг келур бошинга давлат.
Жаҳон кўрган қарининг сўзин олғил,
Амал айлаб ани кўнглинга солғил.
Йигитлик даврини иш вақти деб бил,
Ғаниматдур, керак ишни билиб қил.
Жаҳон халқи ўликдур ё тирикдур,
Тирик юрган илмсизлар ўликдир.
Илмсизлик нечук қилди элингни
Илмчун боғлағил энди белингни.
Сиёсатда керак бўлсанг Темурдек
Ўқарлар илми йўқларни кўмирдек.
Илмсизлар бўлур ҳар ишда ҳолсиз,
Урушга кириб бўлғайму қуролсиз?
Илм билгил, тилин бил дўст-душман,
Иккови бўлмаса бергай санга фан.
Ўқув ҳар қанча билсанг куч кўрурсан,
Усиз бир ишни қилсанг пуч бўлурсан.
Ўл иш эрса унутма ўзлигингни,
Танитқил барчаға ўзбеклигингни.
Бировлар соясида турма зинҳор,
Заҳарлик сарқитидин тотма зинҳор.
Бировлар соясида кун кўрушлик
Эрур яхши у иш қилмай ўлушлик.
Ватан асли сенингдур, Ўзбекистон,
Ўғуздин қолмиш эрди бу гулистон.
Ватан аҳли ватан меросхўридир,
Отодин қолса мол фарзандникидур.
Онодур бу ватан аслини сўрсанг,
Сени туғмуш будур яхши тушунсанг.
Чиқармиш сен учун турли емишлар
Кўтармиш елкасида ёзу қишлар.
Тириклар бу Ватан бўйниға мингай,
Ўликлар ҳам онинг қўйниға киргай.
Ватанни дўст тутиш иймондин эрмиш,
Онингчун ҳақ Расулдин нақл бўлмиш.
Ватанни севмаганлар биздан эрмас,
Буни ким билмаса иймонга кирмас.
Ҳаётинг шарти бўлди илм ўқимоқ,
Илмсиз мумкин эрмас кўзни очмоқ.
Қоронғудир жаҳон бошдин-оёғи,
Илмдур доимий ёнғон чироғи.
Дема вақт ўтди энди фойда бермас,
Киши оқил эса бу сўзни қилмас.
Агар бўлса ўқи ўқдон ичинда,
Бўлур сайд этса вақт келганинда.
Ўқур бўлсанг ўқ урғайсан кўзига…
Азиз умрингни тонлаб сарф қилғил,
Ва лекин тарих илмин кўп ўқуғил.
Улуғ тарих эгаси Ўзбекистон,
Қозоғу қирғизу ҳам Туркманистон.
Ўқур бўлсанг, билурсан кимлигингни,
Унутмассан яна ўзбеклигингни.
Бухорода туғилди Ибни Сино,
Онингдек йўқ эди қимматли доно.
Бунинг устози эрди Наср Фороб,
Билай десанг буларнинг тарихин топ.
Туғилған жойи эрди шаҳри Ўтрор,
Бобоарслон у ерда, билсанг, эй ёр.
Бурун Фороб эди бу шаҳри Ўтрор,
Унутма бу сўзимни, айла такрор.
Учинчиси Абу Райҳон эрур, бил,
Онинг тарихин айтурман эшитгил.
Эрур бу Ибн Синолар қатори,
Замондоши эрур ҳам эрди ёри.
Туғулған жойидур Хоразм – билсанг,
Туганмас фазлини ҳар қанча айтсанг.
Буларининг ҳар бири бир юздин ортиқ,
Ўзибдирлар китоб уч юздин ортиқ.
Борини фан узра ёзғон эдилар,
Жаҳон аҳлиға қолғизғон эдилар.
Эшитдикким на қилмиш бу учовлон,
Туғулғон жойларидир Ўзбекистон.
Олардин бу китобларким қолибдур,
Бутун тилларга қолмай юткалибдур.
Вале қолмиш қуруқ ўз аҳли ондин,
Илмсиз бўлса ҳайдалғай ватандин.
Яна чиққан бу жойдин бир улуғ эр,
Билур бўлсанг анинг отин Темур дер.
Туғулмушдир бу эр Шаҳрисабзда,
Билай десанг анинг тарихин изла.
Йигирма етти марказ олмиш эрди,
Жаҳонни остин-устун қилмиш эрди.
Ўзи тузган тузукотни ўқиб кўр,
Темур қандай кишидур унда айтур.
Жаҳонда ўттиз уч йил давр сурган,
Эмасдир ҳеч урушда у енгилган.
Жаҳонда кўб баҳодирлар ўтибдур,
Темурдек қаҳрамонни ким кўрибдур.
Иккинчи Шоҳруҳ ўғлидир Улуғбек,
Илмда бўлмади ҳеч ким онингдек.
Самарқандда мунажжимхона солди,
Расадхона деган жойни у қилди.
Ҳисобу ҳандаса илмига омил,
Фунун ҳайъати ичра эрди комил.
Шунингчун Зиж Улуғбекни у ёзди,
Тўлиқлаб ҳайъат илмини чиқазди.
Жаҳон халқи Улуғбекни улуғлар,
Бўлиб олимлари ҳар ерда сўзлар.
Учинчи доҳий эрди Мирзо Бобур,
Сиёсат бобида кўп эрди моҳир.
Илмни ҳам сиёсатни олибдур,
Китоб ёзиб ўз отин қолдирибдур.
Набира бўлғуси Соҳибқиронға,
Етар беш оти бирлан қаҳрамонға.
Ўқиб кўрсанг онинг ёзган китобин,
Билурсан шунда ул қандоқ эконин.
Билай десанг онин қўлёзмаси бор,
Ўқуб кўр, изла, Бобурномаси бор.
Ўқуб ёд айла Бобурномани сен,
Аниқ ўзбек тилин шунда билурсен.
Яна айтай Алишер Навоий,
Улуғ ўзбек элининг раҳнамойи.
Қуёш ёнглиғ десам ҳам ёлғон эрмас,
Тушунганлар бу нотўғри деёлмас.
Тўлиқ ой оз эрур васфин қилурда,
Етолмас бизга фойда еткизурда.
Биза бу эр улуғ хизмат қилибдур,
Туганмас яхшилиқни қолдирибдур.
Отоси ул эрур ўзбек тилини,
Киши билмас онин билгонларини.
Замона тилларин яхши билурди,
Ва лекин ўз тилин ортиқ кўрурди.
На ёзди эрса ёзмиш турк тилида,
Узунни ўйламиш бу қилғанида.
Агар ул бўлмаса тил ким билурди,
Анин қилғон ишини ким қилурди.
Агар ул кутмаса ўзбек тилини,
Билолмас эди ҳеч ким борлиғини.
Унутса ўз тилин ҳар қайси миллат,
Хиёнатдир, кечилмас бу хиёнат.
Бу ишдин қутқарон бизни Навоий,
Онин руҳини шод айла илоҳий.
Агар қадриға етса Ўзбекистон,
Отаб номиға қилсин боғ-бўстон.
Сифатин айладим бу етти эрнинг,
Бори ўлғони эрдилар бу ернинг.
Фалак устида етти юлдуз ўхшаш,
Булардин ибрат олсун ҳар қари ёш.
Кел эй Соғуний, сўзни кўп узатма,
Кўзинг оч уйғониб, ғафлатда ётма.
Ўтибдур барча умринг дарду ғамда,
Ғаниматдур на қилсанг ҳам шу дамда.
Ўшинг етмишдин ўтмишдир, на чора,
Кўнгил халқ қайғусидин пора-пора.
Ойирур бўлсалар жонингни тандин,
Ватаннинг ажрамас суйгуси мандин.
Дегайлар еттиқот бу ерни билсанг,
Чуқур ўйлаб қара, яхши тушунсанг.
Боболар сўнгаки бир қот бўлибдур,
Буларнинг танларидин тўлдирибдур.
Оно дейдур ватанни ондин ортуқ,
Билурсан сенга сут бергандин ортуқ.
Босарсан елкасига юрганингда,
Қучоғида ётурсан ўлганингда.
Ватанни сақламабдур қайси инсон,
Кўрар турли балоларни у ҳайвон.
Ото меросимиздур Ўзбекистон,
Еткандур бизга эмди бу гулистон.
Ватандин ажради ўлди демакдур,
Боқиб душманга телмурди демакдур.

1962 йил, Тошкент.

* * *

1912 йил Ҳаж сафарига кетганича келмаган, 55 йиллар ўтган, бир-биримиз билан кўрушолмаган укам Сатторхонҳожини эскарганимда кўзум ёшга, кўнглим қайғуга тўлуб, шу сўзларни назмға келтуруб йиғлағон кунларим бўлди.

Саксонга етиб ёшим,
Қордек оқариб бошим,
Раҳм айла илоҳим сан
Кўздин тўкилур ёшим.
Кўнглум сенга зор ўлди,
Кўрмакка хумор ўлди,
Қайғу бирла ҳасратга
Тўлмишди ичу тошим.
Йиғлайми наво айлаб,
Ҳасрат куйи соз айлаб,
Ўдимга тушар бўлсанг
Саттортўра қардошим.
Бир туғма аканг кетди,
Ер қўйнида жой этди.
Ғамхона жаҳон ичра
Эрди менинг мунгдошим.
Кетгонда йигит эрдинг,
Ғурбат ерида кўрдинг,
Эй, кошки ажал етмай
Бўлсанг эди йўлдошим.
Қўрғонға қамалғонмиз,
Чин йўқ, бори ёлғонмиз.
Бўлсанг эди кўргайдинг
Кўз бирла эмакдошим.
Тор бўлди менинг кўнглим,
Сақла они, эй Тангрим,
Бўлғайму насиб бизга
Кўрмакка қариндошим.
Соғуний ёшинг етди,
Яхши-ёмонинг ўтди.
Кўнглимда тўла мунг бор
Йўқдур мени сирдошим.

1967 йил, Тошкент.

ЎЙҒОН

Борлиғим сақлай десанг илму ҳунардин қил яроқ!
Йўқ эса олғай борингни қилмайин ҳеч ким сўроқ.
Ер юзи ўзгарди аммо ўзгаришдин бизда йўқ
Синди Туркистон элининг бошида юз минг таёқ.
Ҳар ўғул ворис бўлур қолғон отонинг молиға
Бўлди Туркистон элининг вориси юзсиз қароқ.
Бахтсиз бўлғон кишига ўз уйи ғурбат бўлур,
Мол эгасидур қароқчи бу ажойиб ишга боқ.
Бахт очилмас ул кишиларким эрурлар илмсиз,
Илмсизлар хўр бўлур, хоҳи қародур хоҳи оқ.
Қайси миллат устидин ҳокимлик этса бошқалар,
Бу каби хорлик ҳаётдин ўлганидур яхшироқ.
Илму иймон иккисидин баҳралик бўл, эй ўғил!
Бу икковлон бирла олғайсан қўлингга шамчироқ.

1968 йил, Тошкент.

ЧИН КЎНГИЛДАН ТАВБА ҚИЛ

Ҳар гуноҳни қилган эрсанг чин кўнгилдан тавба қил,
Чин кўнгилдан тавба қилсанг ҳар гуноҳни ювғуси.
Сен яратқан амрини ушлар эсанг роҳат куни,
Бошинга меҳнат куни тушди эса қутқарғуси.
Эй ўғил-қизлар, худо амрини қолдирмай тутинг,
Бўлса мушкул ишларинг ёрдам Худодин бўлғуси.
Соғуний қилғай насиҳат то ажал еткунчалик
Чин кўнгиллик дўстлариға эсдалик қолдирғуси.