Аҳмад Хўжа (Аҳмаджон Тошхўжаев) 1952 йилда туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. “Юлдузлар сеҳри”, “Сабоқ”, “Биз икки дунёмиз”, “Садоқат чашмаси”, “Сарбон ва карвон”, “Сайланма” каби китоблари чоп этилган.
2022 йил 21 июнь куни Тошкент шаҳрида вафот этган.
* * *
Қиш фасли.
Табиат базми ажойиб,
Ойнадай ярақлар музлаган йўллар.
Шундай пайтлар кимдир йиқилар тойиб,
Узатилар унга мададкор қўллар.
Ногоҳ, тойиб кетсанг бу қиш чоғида,
Нечун хижил бўлмоқ ёхуд чекмоқ ғам?
Ҳикматларга тўла ҳаёт боғида
Ижозат бор экан йиқилмоққа ҳам.
* * *
Чексиз уммон аро мен сарсон кема,
Бешафқат тўлқинлар судрар ҳар томон.
Денгиз гарчи сокин,
Гарчи ваҳима,
Ҳар нечук, бағрида юрибман омон.
Мен унга измимни берганман бутун,
Майлига, тебратсин мени тўлқинда.
Телба бир кўнгилнинг эрмаги учун
Қайларга элтмасин – ихтиёр унда…
…Мен қанча бўш келсам, қутурди денгиз,
Начора, чидадим бунинг барига.
Гоҳида ёқасиз,
Гоҳида енгсиз,
Кирдим тўфонларнинг даҳшат қаърига.
Бунда ҳам ҳар нарса кўрсатди қурбин,
Неки бор, ўзича айлади фармон.
Мен эса барининг раъйига юрдим,
Зулматлар қаърида бўлганча сарсон.
Менга бирон маёқ сочмади зиё,
На бағрига олди бирон бандаргоҳ.
Не қилай,
беилож,
бежон,
бенаво
Манзилсиз йўлларда кездим саргардон.
Сўнг баҳри бемеҳр қилиб масхара,
Гўё ҳиммат билан кўнглим ғашлади.
Нағмакор тақдирнинг ўйинин қара,
Кимсасиз соҳилга элтиб ташлади.
Мен унинг наздида ҳоридим-толдим,
Гўё денгиз олди бор-йўқ қасдини.
Лекин у билмайди,
Мен англаб олдим
Денгиз деганларин баланд-пастини…
* * *
Хаёл – рангин дунё, нурдай оқ,
Унда кечган ҳар он нашъали.
Туш – рўёдир, саробдир, алдоқ,
Ожизларга шафқат, тасалли.
Шундан, тунлар кезамиз жаҳон
Учқур хаёл – қушларимизда,
Учрашамиз сен билан, жонон,
Баъзан ширин тушларимизда.
* * *
Бегона боғларга қилгилу ҳавас,
Ҳеч қачон улардан ахтарма нуқсон.
Қадрдон боғингни яшнат ҳар нафас,
Фақат ўз боғингдан умид қил эҳсон.
Ташвиш кўп,
Ўзингдан ортмаган маҳал,
Майлига, чекмагил дунёнинг ғамин.
Ўз боғин гуллатса ҳар ким, лоақал,
Обод бўлаверар бу яхлит замин.
* * *
Замон елаётир нур каби шитоб,
Ажиб шиддат билан умр оқмоқда.
Дўстим, қадаҳларга тўлдиргил шароб,
Янги йил келмоқда, эшик қоқмоқда.
Беғубор гўдакдай шириндир дунё,
Латиф рухсорида кўринмайди доғ.
Олам яралгандай қайтадан гўё,
Башар поклигига қайтгандай бу чоғ.
Бугун ўйларим ҳам ғамлардан холи,
Кўмиб кетган янглиғ хору хасни қор.
Йўл бошида турган ўсмир мисоли
Янги йилга айтар тилакларим бор…
…Мен кўп бор кўрганман деҳқон заҳматин,
Чигит қадаганин такрор ва такрор.
Бу йил ҳам яшириб зангор талъатин,
Қайдадир тентираб юрмасин баҳор.
Хамирдек кўпчисин, бу олтин тупроқ,
Ошиқ қалбдай ёнсин, замин юраги.
Янги йил.
Деҳқоним учун ҳам кўпроқ
Жонажон қуёшдан зиё сўрагин.
Соз эрур ҳар неки билса ўз ҳаддин,
Ўрнини билгандай ҳар битта юлдуз.
Ўжар қиш олдида букмасдан қаддин,
Ўз тахтида турсин, сўнггигача куз.
Янги йил, сенда ҳам кўрмайлик зинҳор
Мунис оналарнинг қатра ёшини.
Ўтган йиллар каби меҳр айла нисор,
Маъсум гўдакларнинг сила бошини.
Сен омад, иқболдан бахш этгил дармон
Ҳижрон азобидан зада дилларга.
То боқа олсинлар улар ҳам шодон
Кўм-кўк чечакларга,
Алвон гулларга.
Бежиз даркор эмас отларга жилов,
Юган солмасдилар бўлмаса ҳожат.
Дунёга ўт қўймоқ истаса биров,
Сен унга ато эт ақлу фаросат.
Эзгу орзуларим билмас ниҳоя,
Сенга юрагимда тилаклар бисёр.
Гарчи, ёлғиз истак қилмас кифоя,
Фақат дуо билан соғаймас бемор.
Оламга қай тусли либос бичарсан,
Қандай қўшиқларни ўтарсан айтиб?!
Ҳамма йиллар каби сен ҳам кечарсан,
Ҳамма йиллар каби келмассан қайтиб.
Замон чархпалаги айланар шитоб,
Бир зум ортга боқмай умр оқмоқда.
Қалбимда уйғотиб ранго-ранг хитоб,
Янги йил келмоқда,
Эшик қоқмоқда…