Ёфас Алпин (Абдусаттор Жуманазар) – 1961 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) шарқшунослик факультетини тугатган. “Хилват аҳли”, “Ўргимчак китоби”, “Насаф”, “Машраб”, “Вахшувор”, “Бухоро таълим тизими тарихи” каби асарлари нашр қилинган.
Тириклик мадҳияси
Саҳар чоғи
Минорадан таралаётир
Жонларни уйғотувчи оҳанг.
Жоним,
Ўрнингдан тур,
Муаззин сасида,
Тириклик мадҳияси янграётир.
Яшамоққа тайёрлан.
Митти лавҳалар
Улкан воқеалар,
Ҳасратлар,
Музаффариятлар,
Севги,
Бир умр излаётганингиз
Мардлик…
Яна нима қолди?
Хоҳлаган,
Хоҳламаганингиз ҳам бор
Бу митти лавҳаларда…
Тасаввурингизни синдирадиган.
Тугаётган воқеа
Инсон вужудини
Завқ, шавқ, жозиба,
Латофат, ҳусн
Тарк этмоқда.
Бундай мудҳиш маконда энди
Илоҳий сирни
Сақлаб бўлмайди.
Онт
Оёқларим чуқур қилган
Шу жойдан
Сен Мағриб тарафга юргандинг.
Мен ҳеч қайга кетолмадим,
Муҳаббат атрофидан.
Ундан узоқлашиб бўлмади.
Ўртамизда пишиқ арқон сингари
Гўё бир онт бор.
Қозиқ теграсида айланган
Айғирдай,
Севгидан узоққа кетаолмайман.
Адашсам шу ерда адашай
Хайр де менга,
Ўтинаман.
“Кўришгунча”
Ё “алвидо” дема.
Ҳеч кими йўқ
Бу муҳтож сўзлар билан
Мени ёлғиз ташлаб кетма.
Хайр –
Ҳамма тарафи жаннатга туташган,
Қушларнинг ҳузурбахш чуғури
Ва ғунчалар ифори тўлиб-тошган
Ям-яшил водийдир.
Адашсам шу ерда адашай.
Ташландиқ
Ҳамма нарса ўз жойида турибди.
Ўрнидан силжимаган бирортаси.
Девордаги соат миллари
Юришга муштоқ, шай,
Кимнингдир ишорасин кутаётгандай.
Тепадаги дарчадан
Ҳозир какку
Кўрсатади бўй.
Яна сал синчиклаб қарасанг,
Бирдан сезиб қоласан,
Бу жой
Соғинчга айланиб қолган уй.
Икки нарса
Менда
Иккаласи ҳам йўқ.
Уларнинг нималигини билмайман.
Нима учун азоблаш керак,
Ҳеч нарсаси йўқ одамни?
Энг зарур икки нарсани
Мутлақо билмайман ростдан ҳам.
Ҳадик
Коинотга ишонолмаяпман,
Бошимда тартиб билан айлансада,
Ҳар куни ҳаётимга юлдузлар
Ёғду сочиб турган бўлсада.
Қуёш борлиғимни нурга тўлдирар,
Ой азалий муҳаббат қиссасин сўзлайди.
Осмону тоғ,
Дашту шамоллар
Нега мени овутмоқда?
Коинотга нимадир бўлдимикан?