Абдураҳмон Муҳаммаджонов (1957)

Абдураҳмон Муҳаммаджонов 1957 йилда туғилган. Тошкент қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган. “Сойкелди” шеърий китоби чоп этилган.

СОЙКЕЛДИ – ОТА МАКОНИМ

Қошингда виқор-ла қир-адирларинг,
Ҳуснингга боққанда диллар жўшарди.
Ҳар баҳор чўғланиб қизғалдоқларинг
Чиройингга чексиз чирой қўшарди.

Азим чинорларинг бошингда туриб,
Аллалар айтарди безовта бўлсанг.
Меҳрибон онадек қулочин ёйиб,
Соябон бўларди қуёшда куйсанг.

Мисли йўқ меҳрингнинг шарбати бўлиб,
Кўксингда оқарди Сойкелди сойинг.
Яратган неъмати – зилол сувларинг
Сулув келинчакдек очар чиройинг.

Қалбингнинг тўрида сада қайрағоч
Қад ростлаб турарди, чексиз меҳрингдай.
Ёзнинг чилласида ёйиб кенг қулоч,
Авайлаб-асрарди, барчани бирдай.

Йўлнинг четларида бўйчан тераклар
Дил розларин айтиб соғинчин ютар.
Ҳусни-жамолингга шайдо ошиқлар
Офату балога кўксини тутар.

Мевали боғларинг таърифи йўқдай,
Бир томчи шарбати жонларга малҳам.
Авайлаб сақланар дуру гавҳардай
Кўкламойнинг умри адо бўлса ҳам…

…Сойкелди – катта сой эдинг бир пайтлар,
Сувингда чўмилган беғубор эди.
Асалдан ҳам тотли сувинг ичганлар,
Танида қуввати устувор эди…

…Сойкелди, янада тикланар шонинг,
Кўркингга қадрнинг нигоҳи балқар.
Доно ўғил-қизлар сени имконинг,
Юрт аро Сойкелди номингни алқар.

ДАСТА ГУЛЛАР

Қаршимда бир даста анвойи гуллар
Уйимнинг кўркига беради чирой.
Гулзор оралаб терилган гуллар
Руҳимга қувватдир – мисли тўлин ой.

Кўзларим чақнайди ҳар қараганда,
Ўйу хаёлларга беради имкон.
Ёлғизлик дамлари қийноқ берганда,
Кўнгил қўрғонида қолар ёнма-ён.

Даста гуллар гўё синфдошларим,
Турли чаманлардан танлаб олинган.
Эҳ, қандай беғубор у тенгдошларим,
Дур-гавҳар мулкидан излаб топилган.

Кўзларда ҳайрату кўп қувонч ила
Мактаб остонасига қадам қўйдик биз.
Шодланиб, қизиқиб, ниятлар тилаб,
Қараб тўймас эди нигоҳларимиз.

Шундайин учрашиб, топишган эдик,
Синфдош дўстлиги яралган боғда,
Ёрдамга чорласак, хўпам шошардик,
Қанчалар меҳрибон эдик у чоғда.

Ўтмоқда бир-бирин ортидан йиллар,
Кечаги болалик лаҳзаси ботди.
Асло, қайтиш бўлмай қолди армонлар,
Гуллар орасидан бир гул йўқотдик…

…Қаршимда бир даста анвойи гуллар,
Ҳориган руҳимга мададин очар.
Гоҳо зим кўнгилнинг қасрига улар
Турфа ҳид таратиб, ёғдулар сочар…

ШОХ ВА ЯПРОҚ

Кўк либосга бурканиб,
Ялт-юлт айлаб, товланиб,
Майин эсган елларда
Қувнаб, шўх-шўх тебраниб,

Гоҳо шилдираб, кулиб,
Ўз ҳуснига маҳлиё,
Япроқ шохга термулиб
Кўз сузади бепарво.

Лаб буради: “Шунчалар,
Хунук бўлиш мумкинми?
Ғадир-будир рухсоринг
Келтиради кулгимни.

Яқин турма, нари бор,
Қўйма кўпам уятга.
Қўйвор мени, етайин
Парвоз деган ниятга”.

Шох ҳам маъюс тебранар:
“Ростдир, – дейди, – сўзларинг,
Сен гўзалсан чиндан ҳам,
Бироқ очгин кўзларинг.

Сени қўйиб юборсам,
Учолмасдан қуларсан,
Сўнг тупроққа қоришиб
Несту нобуд бўларсан.

Мендан айро қолмагин,
Гўзал дамлар олдинда.
Ширин-шакар мевалар
Бўйга етар олдингда.

Сен уларнинг роҳатин
Наҳот, кўргинг келмайди?
Ерга тушганинг билан
Толе сенга кулмайди…”

…Оқибатин ўйламай
Банддан узилди япроқ.
Бироз ўйнаб ҳавода,
Сўнг манзил бўлди тупроқ…

* * *

Биллур томчи бўлиб келдиму
Биллур томчи бўлиб кетаман.
Бунинг ҳеч бир борми имкони –
“Йўқ” дейишдан қўрқиб ўтаман!

* * *

Оқар сувга айтгум ўй-хаёлларим,
фақат сувлар тинглар
унсиз – сукутда.