Абдулла Жалил (1948-2021)

Шоир ва публицист Абдулла Жалил (Абдулла Абдужалилов) 1948 йил 15 майда Наманган шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (1972). Тўрақўрғон туманидаги «Машъал» рўзномасида адабий ходим, Поп туман рўзномасида муҳаррир, Поп тумани жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази кенгашининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлимининг масъул котиби бўлиб ишлаган.

1990 йилда Абдулла Жалилнинг «Қуёшга мактуб», 1992 йилда «Уйғоқ руҳлар», 1993 йилда «Бўҳтон ва ҳақиқат», 1994 йилда «Ўтаётган кун», «Ватаним онам» номли китоблари босилиб чиқди. Унинг «Дунганлар фожеаси», «Уч ҳукм ёки Соғунийнинг уч васияти» номли достони ҳам бор. 2021 йил 9 ноябрь куни вафот этган.

ҲАМИЯТ

Соялар нурларнинг тўсса йўлини,
Зулмат шуълаларни бўғса бўйнидан,
Риё ҳақиқатнинг боғлаб қўлини,
Макр-у ҳийлаларни сочса қўйнидан.

Иффат, ҳаё боғин фитналар булғаб,
Топтаса покликнинг бағрин разолат.
Ҳурлар хаёлини фаҳш олса чулғаб,
Улуғликка фармон берса жаҳолат.

Қандай жим турасан: бепарво, лоқайд,
Қандай кўрмаганга олиб кетасан?
Ҳамиятинг борми, қани менга айт,
Токай сен буларга бефарқ ўтасан?!

Беозорман, деса қора илонлар,
Оҳ урса шайтонлар, фариштаман, деб,
Дунёга ҳирс қўйган нодон инсонлар,
Қузғундек яшаса ўлимтикни еб…

Ҳақиқат кўксига минволиб гоҳо,
Пичоғин бўғзига қўйса бўҳтонлар.
Ростликни ўлдириб, қолганда танҳо,
Қабри узра базм қурса ёлғонлар.

Қандай жим турасан, бепарво, лоқайд,
Қандай сезмаганга олиб кетасан?
Ҳамиятинг борми, қани менга айт,
Токай сен буларга бефарқ ўтасан?!

Ҳалол, пок одамлар юрсаю ночор,
Таъмагирлар тўкис яшаса магар;
Эзгулик пойгакда турсаю хор-зор,
Разилликлар тўрда бўлса мўътабар…

Билмадим, не сабаб, жонидан тўйиб,
Ўспирин ўзини осса ногаҳон,
Алам ёнилғисин бошидан қуйиб,
Аёл ўзин ёқиб, кўтарса исён,

Қандай жим турасан, бепарво, лоқайд,
Қандай кўрмаганга олиб кетасан?
Ҳамиятинг борми, қани менга айт,
Токай сен буларга бефарқ ўтасан?!

ЯРАДОР ДУНЁ

Зангори майсалар узра қонли из,
Холсиз кетиб борар ярадор оҳу
Шаҳло кўзларидан қон оқар, эсиз,
Овчининг ўқидан яраланмиш у.

Тошлар орасидан томган мўмиё,
Энди ярасига бўлолмас малҳам.
Етиб у чимчиган шифобахш гиёҳ,
Энди тортиб олмас оғриқларин ҳам.

Жон-жонига азоб берса-да яра,
Овчидан қутилмоқ учун уринар.
Унинг кўзларига йўлбарсдан кўра
Инсон минг бор ваҳший бўлиб кўринар.

Йўлбарс ҳам, овчи ҳам унга баробар,
Ҳар иккиси қонхўр, кушанда унга.
Уни йиртқич эмас, ўзин диловар —
Дегучи одамзот солмиш шу кунга.

Ярадор оҳунинг қиёфасида
Ярадор дунёни кўрдим шу замон.
Ҳайҳот ҳамон фақат оҳуларнимас,
Инсон қонини ҳам тўкмоқда инсон…

У ВА СЕН

У — тилсиз, забонсиз, совуқ бир қоя,
Сен — ўз тарихини билмас бир инсон.
У — доим эргашиб юргучи соя,
Сен — тақлид дардига чалинган бир жон.

У — ёлғиз уяси пайхон бўлган қуш,
Сен — ўз ватанида беватан бир зот.
У — ногаҳон бошдан учиб кетган ҳуш,
Сен — йўқолган эркдан нохуш хотирот.

У — полапонини илон еган сор,
Сен — ўғли сариқдан жон берган аёл.
У — олис йўлларда ҳориб ўлган нор,
Сен — муте каллада чарчаган хаёл.

У — Орол тубидан тўзғиган шўри,
Сен — ўз денгизини қуритган нодон.
У — боғларни кесган жоҳиллар зўри,
Сен — бозордан мева излаган боғбон.

У — чўлда кўл бўлиб кўринган сароб,
Сен — унга интилиб толиққан сайёҳ.
У — ёлғон юзида чиройли ниқоб,
Сен — лақма, алданиб бўлган дилсиёҳ!

У — кузга сочилган бир ҳовуч қумдир,
Сен — кўзи беркилиб қолган бир булоқ.
У — қўрқоқ, оғзида тишланган мумдир,
Сен — дардларим ютиб сарғайган япроқ.

У — чироқдир, пастлаб кетган пилиги,
Сен — сабр кўзида қолмаган мадор.
У — чилпарчин синган кўза синиғи,
Сен — сувни келтириб хор бўлган дастёр.

у — сувнинг бетида қотиб қолган муз,
Сен — муздек меҳрга умидвор одам.
У — шамолга бекор совурилган сўз,
Сен — қашшоқ деҳқоннинг юзидаги ғам.

Етар! У — уйғониб сурон солган онг,
Сен — хабар бергани шошилган жарчи.
У — энди ёришиб отаётган тонг,
Сен — энди майдонга кирган бир жангчи.

АРМИЯДАН КЕЛГАН ТОБУТНИ
КЎРИБ ЎЙЛАГАНЛАРИМ

1

Бу Турондан эсган сабомиди,
Шундай йигит гўрга равомиди?
Юлинган бу сочлар кимники?..

2

Мўйлави ҳам энди сабза урганди,
У ёруғ дунёда нима кўрганди?
Тобутни қучоқлаб йиғлаётган ким?..

3

Уларга ҳам боққан балолар бордир,
Қирғинли, қиронли ваболар бордир —
Бу йигитни ўлдирганларга…

4

Бу кулфат — тош каби зил-замбил ахир,
Бу дард — Тянь-Шань тоғидан оғир.
Қандай кўтаради унинг онаси…

5

Бобонг Жаҳонгирга жангчи бўлгандир,
Қонга қон, жонга жон, дея ўлгандир,
Сен қандай бекорга ўлдингу кетдинг…

6

Ўлдириб, ўзини ўлган дейишди.
Аслида ўзидан ўтган дейишди,
Бу риёни қандай кўтарар замин?..

7

Ҳокимлар юришар бепарво, лоқайд,
Уларнинг ҳам ўғли бормикин, ҳей, айт
Зора уларга ҳам тобут келсайди…

8

…Сўнгги дам нима деб нидо этдийкин,
У қандай армонлар билан кетдийкин?
Бу армон қабрга қандай сиғади?.

9

Навқирон қаддингни паст қилибдилар,
Бегуноҳ жонингга қасд қилибдилар,
Қон ичсанг ҳам рози бўларди отанг…

10

Ўспирин қўшнилар ғамнок туришди,
Улар ҳам тобутни очиб кўришди.
Уларнинг кўнглидан нима кечдийкин?

11

Бу қадар қабоҳат оламда йўқдир,
Разиллик разилнинг ўзига ўқдир.
Ўзи билармикин разиллигини…

12

Бу — қисматми, қисмат, бегуноҳ ўлди,
Жангчи жангсиз бугун қабрга тўлди,
Эй дунё, ишингга қойил қолмадим…

13

Шак келтирмам, Раҳим, Раҳмонсан Аллоҳ?
Нега бўлолмадинг сен унга паноҳ?!
Ахир унда нима гуноҳ бор эди…

14

Шу қадар совуқ, шум бўларми хабар,
Юракка санчилди дудама ханжар…
Қўлида хат билан ўтириб қолди…

15

Бир қиз узоқроқдан жим қараб турди,
Сўнг тобут ортидан бебилим юрди,
Бирдан у деворга қолди суяниб…

16

Энди бу бош узра қанд сочилмайди,
Унга янги эшик ҳеч очилмайди.
Ҳали туғилмаган бола ҳам ўлди…

17
Шунча йигит ўлди, камаймоқдамиз…
Бутун Турон, тун-кун йиғламоқдамиз.
Эй душман, шумиди сени муродинг?!

18

Бир кун бу тобутлар сўрови бордир,
Қотилликнинг товон, тўлови бордир.
Чидайсанми ўзннг қасос олсалар?..

19

Шаҳидлар ортида ёронлари бор,
Жонажон дўстлари, полвонлари бор.
Улар мусичадек беозор эмас…

20

Кўзим қароғида кўзёш тугади,
Юрагим тубида бардош тугади.
Ҳеч нарса қолмади, қаҳрдан бўлак.