Абдукарим Жумабоев (1956)

Абдукарим Жумабоев 1956 йили Тожикистоннинг Нов туманида дунёга келди. Фарғона давлат Университетини битиргач, Марғилон шаҳрида ишлай бошлайди.
Абдукарим ака ҳокисор шоир, дилкаш суҳбатдош, самимий инсон. Гарчи кўзлари ожиз бўлса-да ўз меҳнати билан, шижоати билан ҳаётда ўз ўрнини эгаллаган. Уларнинг ўтли шеърларини кўпчилик ҳайрат билан ўқийди, 100 дан ортиқ шеърлари қўшиқ бўлиб улгурган. Мавлуда Асалхўжаева, Анвар Ғаниев, Ғиёс Бойтоев, Камолиддин Раҳматов, Умида Мирҳамидова каби бир қатор қўшиқчилар ижодида Абдукарим аканинг шеърлари кўп учрайди.
Абдукарим Жумабоев ижодининг асосий қисми муҳаббат мавзусига бағишланади. У кишининг ҳозирда 3 та китоби нашр қилинган. Оилали, 1 ўғил ва уч қизнинг отаси.

САНЪАТИМ

Кўзимга қатра ёш илинган чоғлар,
Кўксим тиканларга тилинган чоғлар,
Айрилиқ азоби билинган чоғлар,
Суянчим сен бўлдинг, азиз санъатим.

Дунё ғамларидан сабрим битса ҳам,
Қалбимни қузғунлар зоғлар титса ҳам,
Ишонган дўстларим ташлаб кетса ҳам,
Ишончим сен бўлдинг, азиз санъатим.

Телба дунё мани минг куйга солса,
Ғаразли нигоҳлар ёқамдан тутса,
Бечора бу кўнглим ёлғизлаб қолса,
Таянчим сен бўлдинг, азиз санъатим.

Бошимга ёғдириб турфа балолар,
Кўнглим сиёҳ қилса кўнгли қаролар,
Меҳрибон онамдек қилиб дуолар,
Юпанчим сен бўлдинг, азиз санъатим.

Санъатим қадрингни айт кимлар билур,
Кўнгли ишқ дардидан яримлар билур,
Сени жондан севган Каримлар билур,
Қувончим сен бўлдинг, азиз санъатим.

АЖАБ ДУНЁ

Азим дунё, сеҳрли дунё,
Ҳалим дунё, меҳрли дунё,
Золим дунё, қаҳрли дунё,
Ажаб дунё, ажаб дунёсан.

Кенгларга кенг, торларга торсан,
Йўқсилга йўқ, борларга борсан,
Боғларда гул, тоғларда қорсан,
Ажаб дунё, ажаб дунёсан.

Ғами адо бўлмас дунёсан,
Ками адо бўлмас дунёсан,
Кетган қайтиб келмас думёсан,
Ажаб дунё, ажаб дунёсан.

Кошонасан, кимга вайрона,
Кимга ошно, кимга бегона,
Чин дунёга ўзинг остона,
Ажаб дунё, ажаб дунёсан.

АДАШДИМ

Ёш эдим ёшлигим ўтмайди депман,
Бу масрур лаҳзалар битмайди депман,
Ота-онам асло ўтмайди депман,
Адашдим, эйвоҳ, адашдим.

То абад қалбимни ғашлаб кетдилар,
Чорасиз кўзларим ёшлаб кетдилар,
Бир-бирин бақога бошлаб кетдилар,
Адашдим, эйвоҳ, адашдим.

Кўнглимда ғамларнинг адоси қолди,
Кимнидир фарёду нидоси қолди,
Онамнинг сўнгги бор дуоси қолди,
Адашдим, эйвоҳ, адашдим.

Ҳасратим дунёга сиғмайди, ёраб,
Армоним бағримни тиғлайди, ёраб,
Етимлик Каримдек йиғлайди, ёраб,
Адашдим, эйвоҳ адашдим.

ЭРКА ҚИЗ

Юзингиз ойдеккина,
Қошингиз ёйдеккина,
Ҳеч кимга парво қилмай
Ўтасиз бойдеккина.

Дадасига эрка қиз,
Аясига эрка қиз,
Ишқингиз юрагимни
Қилди тилка-тилка қиз.

Қарамасангиз бизга,
Нима ҳам дердик сизга,
Мағрур бўларкан қизлар,
Кирганда ўн саккизга.

Туришларига гап йўқ,
Кулишларига гап йўқ,
Товус каби саллона
Юришларига гап йўқ.

Ўргилай феълингиздан,
Аччиқроқ тилингиздан,
Меҳрингизни қозониб
Жой олай дилингиздан.

Чидаймиз нозингизга,
Нозу арозингизга,
Қишлардан омон чиқсак
Етармиз ёзингизга.

ОНАЖОН

Ҳар гал баҳор келса нур сочиб,
Қорлар кетар тоғларга қочиб,
Сўзлай десам кўнглим очиб,
Сизни қайдан топай, онажон.

Меҳрингизга бир тўяй десам,
Эркаланиб бир суяй десам,
Кўксингизга бош қўяй десам,
Сизни қайдан топай, онажон.

Излаб, изларингиз аҳтариб,
Ортингизда қолдим сарғариб,
Энди мен ҳам, дунё ҳам ғариб,
Сизни қайдан топай, онажон.

Сизсиз қандоқ қилай онажон.
Оҳ, йўқ экан ажалга омон,
Энди бағрим тиндалар армон,
Йўқлигингиз билинди ёмон,

Сизни қайдан топай онажон.
Қалбимда тиғ урган бу дунё,
Азобларим кўрган бу дунё,
Сизни сиғдирмаган бу дунё,

Сизни қайдан топай, онажон.
Сизсиз қандоқ қилай, онажон.

ЭЙ КЎНГИЛ

Эй кўнгил, севгининг ҳижронларидан,
Манглайга битилган армонларидан.
Тақдирнинг беаёв фармонларидан,
Сен ҳамон йиғларсан, мен йиғлаб бўлдим.

Бу бир кам дунёда кимнинг ками йўқ?
Бу бир кам дунёда кимнинг ғами йўқ?
Бу бир кам дунёда дил малҳами йўқ,
Сен ҳамон изларсан, мен излаб бўлдим.

Энди рашк оташи бағримни ёқмас,
Энди висол менга қайрилиб боқмас.
Ҳатто ҳижрон келиб эшигим қоқмас,
Сен ҳамон кутарсан, мен кутиб бўлдим.

Карвонлар ортидан йўл қолгусидир,
Саҳройи баҳордан чўл қолгусидир.
Беҳуда ёнгандан кул қолгусидир,
Сен ҳамон ёнурсан, мен ёниб бўлдим.

Чўққилар чўкмагай – қор кетган билан,
Илк севги кетмагай ёр кетган билан.
Дардларинг тугамас соз чертган билан,
Сен ҳамон куйларсан, мен куйлаб бўлдим.

Қуёшдан айрилиб йиғламас кўзим,
Булутлар тўсса-да ою юлдузим.
Рангларга зор булди кеча-кундузим,
Сен ҳамон бўзларсан, мен бўзлаб бўлдим.

Парвариш етмади ишк ниҳолига,
Хазондек тўкилдим куз шамолига.
Эй кўнгил, то ҳануз Карим ҳолига,
Сен ҳамон куларсан, мен кулиб бўлдим.

АЁЛ

Дерлар қуёш кулгани яхши,
Дунё нурга тўлгани яхши.
Гўзалликнинг тенги йўқ нақши,
Аёл, аёл бўлгани яхши.

Тириклик деб чорласа йўллар,
Қоп кўтармиш бу нозик қўллар.
Кайдасиз, эй, бағритош диллар,
Аёл, аёл бўлгани яхши.

Эй бепарво ношуд эркаклар,
Авлодларга бўлманг эрмаклар.
Айтманг тенглик деган эртаклар,
Аёл, аёл бўлгани яхши.

Дунёсини тор этманг уни,
Ёмонларга зор этманг уни,
Бозорларда хор этманг уни,
Аёл, аёл бўлгани яхши.

Майли тақдир измида бўлсин,
Гоҳ йиғласин, гоҳида кулсин,
Бағри ўғил-қизларга тўлсин,
Аёл, аёл бўлгани яхши.

Фарзандларга алла айтсинлар,
Тўпланишиб ялла айтсинлар.
Тезроқ аёлликка кайтсинлар,
Аёл, аёл бўлгани яхши.

МУҲАББАТ

Муҳаббат куйдирса куйдирсин,
Азоби жонимдан тўйдирсин.
Не бўлса муҳаббат бўлдирсин,
Ўлдирса муҳаббат ўлдирсин.

Ёритманг бу тийра шомимни,
Телба деб атанглар номимни.
Қўш қўллаб топширай жонимни,
Ўлдирса муҳаббат, ўлдирсин.

Осинглар Машрабнинг сўзиман,
Ўйинглар Рўдакий кўзиман.
Оҳ десам номарднинг ўзиман,
Ўлдирса муҳаббат, ўлдирсин.

Ғийбатчи, ғийбатинг қилавер,
Бошимга балодек келавер.
Бағримни бурдалаб тилавер,
Ўлдирса муҳаббат, ўлдирсин.

Севгим бор ҳеч кимга айтмаган,
Ёрим бор манглайга битмаган.
Зорим бор тангрига етмаган,
Ўлдирса муҳаббат, ўлдирсин.

Тош отманг бу эрка қушимга,
Зўрға бир кирганда тушимга.
Эй Карим, келмасдан ҳушимга,
Ўлдирса муҳаббат, ўлдирсин.

БАҲОРИМ

Гўзалим ҳаммадан гўзалсан,
Ширинсан, шакарсан, асалсан,
Севгига битилган ғазалсан,
Баҳорда туғилган баҳорим.

Коматинг навбаҳор ниҳоли,
Юзларинг гулларнинг жамоли,
Лабларинг гул ғунча мисоли.
Баҳорда туғилган баҳорим.

Термулиб тўймайман юзингга,
Асло кўз тегмасин кўзингга,
Эркалик ярашган ўзингга,
Баҳорда туғилган баҳорим.

Кулишинг ўт ёқар жонимга,
Туғёнлар сиғмайди қонимга,
Бир нафас ўлтиргин ёнимга,
Баҳорда туғилган баҳорим.

Биламан бир куни кетарсан,
Ўзга бир манзилга етарсан.
Гулингни кимгадир тутарсан,
Баҳорда туғилган баҳорим.

Сен факат ёшлигинг унутма,
Бағрингни тошлигин унутма,
Зор қолган ошиғинг унутма,
Баҳорда туғилган баҳорим.

МEНИ СEВМАЙСИЗ

Осмонларда ягона ой қиз,
Юлдузларга дугона ой қиз,
Фақат менга бегона ой қиз,
Сиз барибир мени севмайсиз.

Сизни севиб суйганим билан,
Сизга бино қўйганим билан,
Оташларда куйганим билан,
Сиз барибир мени севмайсиз.

Сизга асир, мафтун бўлсам ҳам,
Бир бедаво мажнун бўлсам ҳам,
Азобларга маҳкум бўлсам ҳам,
Сиз барибир мени севмайсиз.

Сиз қуёшим, юлдузим, моҳим,
Хаёлингиз содиқ ҳамроҳим,
Фалакларга етсада оҳим,
Сиз барибир мени севмайсиз.

Армонларда ёнса бу юрак,
Тақдир экан чидашим керак.
Сирдошим йўқ, Каримдан бўлак,
Сиз барибир мени севмайсиз.

КEТАМАН

Келади деб ўйлама, қайтиб,
Мажнун мисол саҳрода дайдиб,
Дардим ёлғиз Худога айтиб,
Мен қалбингдан кетаман буткул.

Кетган бўлсам жонингта тегиб,
Суратингни кўзимга тугиб,
Армонларга бошимни эгиб,
Мен қалбингдан кетаман буткул.

Кипригингдан томган ёш бўлиб,
Тоғдан ажраб тушган тош бўлиб,
Аламларга ўзим бош бўлиб,
Мен қалбингдан кетаман буткул.

Хайр энди, эй, гўзал санамим,
Карим ёзсин, дарду-аламин.
Асо қилиб қўлда қаламим,
Мен қалбингдан кетаман буткул.

ИҚБОЛ

Мен сени севдим-у не гуноҳ учун,
Адашдим ҳижроннинг сўнгсиз йўлида,
Сирли олам ичра юрибман сармаст,
Тақдирим жилови севги қўлида.

Умидвор боқаман йўлингга ҳар тонг,
Ранж эмас, ором бор интизорликда,
Агар ҳаёт қайтса, севардим сени,
Умрим ўтса ҳамки, сенга зорликда.

Зор бўлай, йўлингда интизор бўлай,
Майли орзуларим топсалар завол,
Майли севмасанг ҳам фақат билиб қўй:
Сендек қизни севмоқ ўзи бир иқбол.

СОҒИНЧ

Соғинаман ва бу соғинчдан
Руҳим маъюс тортиб кетади.
Ҳижрон эса йигит бошимга.
Ғам юкини ортиб кетади.

Кимдир кўнглим кўтармоқ бўлиб,
Дардим билмай айтади даво,
Жилмаяди кифтимга қоқиб,
Ўкинма, дер бу бир кам дунё.

Кўзларимга ишора этиб –
Эссиз йигит, дейдилар пинҳон.
Билмайдилар: кўзлар дард эмас,
Сендан айру ўртагучи жон.

Кайга боқмай сени кўраман,
Қайга бормай хаёлинг йўлдош.
Фақат ўрнинг босолмас, ҳатто —
Қалбим ичра ёқсалар қуёш.

ТАҚДИР

Милтираган ёғду кўринмас,
Кўзларимга зим-зиё олам
Яшар экан ёруғ дунёда,
Ажаб, нурга зор бўлиб одам.

Атрофимда мотамсаро ранг,
Гўё қуёш ўчай деган шам.
Яшар экан зулматга кўниб,
Тақдирига тан бериб одам.

Гоҳи йиғлаб, гоҳи овуниб,
Юрак-бағрин эзганда алам –
Чидар зкан алдаб ўзини
Нимадандур умидвор одам…

Яхшиямки дилда мухаббат,
Ва ёнимда сен борсан санам.
Яхшиямки эзгу ташвишлар,
Турфа ўйлар билан банд одам.

Бўлмасанг сен бу зулмат ичра,
Мажол қолмай қуймоққа қадам,
Ўтар эдим бир шарпа янглиғ,
Тақдиримга тан бериб мен ҳам,

ЁМҒИР

Тонгга қадар ёмғир йиғлади,
Ер кўксини тўлдирди ёшга.
Чақмоқ бўлиб кўкни тиғлади,
Сув қуйилди сабру бардошга.

Кўчаларда биров қолмади,
Деразалар ёпилди тақ-тақ.
Ҳеч ким унга қулоқ солмади,
Гулдуросга тўлса-да фалак.

Сукут сақлар борлиқ, мавжудот,
Ёмгир йиғлар бекас^дарбадар.
Эшик очмас бирор бир жонзот,
Барча ухлар ғофил, алҳазар.

Ёмғир йиғлаб кетди. Тонг отиб,
Нурга тўлди, кулди – табиат.
Ўзи шундай: йиғлаган қолиб,
Кулганларни кўрамиз фақат.

ЎТ ТУШСИН

Суймаганни суйдирган ўша,
Вужудимни куйдирган ўша.
Ғам аламга тўйдирган ўша,
Муҳаббатга ўт тушсин, Тангрим.

Мажнунларга Ватан бўлган чўл,
Ёсуманнинг қўлидаги гул,
Гуноҳларга бошлагувчи йўл,
Муҳаббатга ўт тушсин, Тангрим.

Менга севги мадҳин ёздирган,
Дилдан, тилдан, йўлдан оздирган,
Ўлмай туриб қабрим қаздирган,
Муҳаббатга ўт тушсин, Тангрим.

Кўзларимдан ёш бўлиб оққан,
Ҳижронлари илондек чаққан.
Тирик таним дўзахдек ёққан,
Муҳаббатга ўт тушсин, Тангрим.

Муҳаббат йўқ, муҳаббат сароб,
Садоқат йўқ, садоқат хароб.
Агар бўлса берарди жавоб,
Муҳаббатга ўт тушсин, Тангрим.

Севгисиз хор бўлсин бу дунё,
Висолга тор бўлсин бу дунё,
Севганим бор бўлсин бу дунё,
Муҳаббатга ўт тушсин, Тангрим.

Тонгги отмас тунларим ҳаққи,
Куни ботмас кунларим ҳаққи.
Азобларим, мунгларим ҳаққи,
Муҳаббатга ўт тушсин, Тангрим.

ЎТИНЧ

Оллоҳдан қатра нур сўролсам эди,
Сени нигоҳимга ўролсам эди.
Кўзингдан кўз узмай туролсам эди,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Узоқдан гул юзинг кўрсам етарди,
Дилдаги армонлар, ғамлар битарди,
Билмадим худодан нима кетарди,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Майли, кундузларни кўрмасин кўзим,
Майли, юлдузларни кўрмасин кўзим.
Ўзинг излаганим, ўзинг ёлғизим,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Менга баҳорларнинг ранги керакмас,
Сенсиз, кечаларнинг тонги керакмас.
Қалбимда бир тилак бошқа тилакмас,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Дилинг айтмаганни билиб олардим,
Тилинг айтмаганни билиб олардим,
Ўзингга термулиб мангу қолардим,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Бош уриб борайму остонасига,
Бағритош тақдирнинг пешонасига.
Жонимни берардим шукронасига,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

Тақдир жаҳонимни, боримни олсин,
Бошимга минг турфа савдолар солсин.
Фақат сени кўрмоқ, имкони қолсин,
Сени кўзларимда кўролсам эди.

АРМОН

Сен учрасанг жоним, ногоҳон,
Юрагимда бошланар исён,
Сени кўз-кўз қилади армон,
Пешонамга сиғмаган ёрим,
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.

Ёшлик экан айланиб қолдим,
Нозларингга бойланиб қолдим,
Ё адашдим, алданиб қолдим,
Пешонамга сиғмаган ёрим,
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.

Ёр-ёр айтиб олиб кетдилар,
Узоқ манзилларга етдилар.
Сени мендан жудо этдилар,
Пешонамга сиғмаган ёрим,
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.

Йўлларингда кўзларим қолди,
Айтолмаган сўзларим қолди.
Армон қолди, орзу йўқолди,
Пешонамга сиғмаган ёрим,
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.

Қисмат экан ёринг бўлмадим,
Ўзгаларни хавас қилмадим.
На сен билдинг, на мен билмадим,
Пешонамга сиғмаган ёрим.
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.

АЁЛЛАР

Камолотга етар – соҳибжамоллар,
Қоматлари шамшод, қоши ҳилоллар.
Офатижон бўлар экан, аёллар,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.

Ҳусну малоҳатда ягона бўлар,
Кўрку латофатли жонона булар,
Ақлу заковатда бир дона бўлар,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.

Қошига ўсмалар қўйганда кўринг,
Кўзига сурмалар сурганда кўринг,
Очилиб кулганда, юрганда кўринг,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.

Юзларига қараб тўйиб бўлмайди,
Бебош бу кўзларни тийиб бўлмайди,
Ўзи суймагунча, суйиб бўлмайди,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.

Фарзандига мехри дунёча бўлар,
Садокатда Ширин, Лайлоча бўлар,
Хонадон яшнагай, нурларга тўлар,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.

ОТАЖОН
(Ҳазил эмас)

Йигирмада йигит ёшимда,
Дунё таъзим айлар қошимда.
Севги деган савдо бошимда,
Менга осон тутманг, отажон.

Эркин Воҳид шеърин ёд олсам,
Қўлда китоб хаёлга толсам,
Чақирсангиз эшитмай толсам,
Менга осон тутманг, отажон.

Дардим сўранг онажонимдан,
Ё жанжалкаш сингилжонимдан.
Қўшни қизни севдим жонимдан,
Менга осон тутманг, отажон.

Мактубларим чўзмага жойлаб,
Ҳовлисига отаман пойлаб.
Қўшни хола чиқар ҳой-ҳойлаб,
Менга осон тутманг, отажон.

Шайтон: – Қиздан қоласан, – дейди,
Олиб қочсанг, оласан, дейди,
Бунча бўшайг боласан, – дейди.
Менга осон тутманг, отажон.

СEН КEТСАНГ

Сен кетсанг кенг дунё тор бўлар менга,
Сен қолиб, армонлар ёр бўлар менга.
Хаёлинг бир баланд дор бўлар менга,
Тақдир қон йиғлатди, йиғлатгин сен ҳам.

Сен кетсанг ошиғинг ўлмоғи аниқ,
Муҳаббат сочларин юлмоғи аниқ.
Рақиблар яйрашиб кулмоғи аниқ,
Тақдир қон йиғлатди, йиғлатгин сен ҳам.

Наҳот келар йўлинг кутса бировлар,
Наҳот қўлларингдан тутса бировлар.
Наҳот кўзларингдан ўпса бировлар,
Тақдир қон йиғлатди, йиғлатгин сен ҳам.

Кетсанг мени қарғаб, мендан безиб кет,
Кўксимга мажнун деб, ўйиб чизиб кет.
Жисмимни босиб ўт, янчиб эзиб кет,
Тақдир қон йиғлатди, йиғлатгин сен ҳам.

Бу золим дунёнинг жафоси дегил,
Ё тақдир азалнинг хатоси дегил.
Бемаҳал севгининг жазоси дегил,
Тақдир қон йиғлатди, йиғлатгин сен ҳам.

Сени еру кўкка ишонмас кўнглим,
Кулмасанг бир лаҳза қувонмас кўнглим.
Эй, Карим, бир сўз ҳам деёлмас кўнглим,
Тақдир қон йиғлатди, йиғлатгин сен ҳам.

ТИЛАК

Золимсан бунчалар эй, қалам-қошим,
Умидим, юлдузим, моҳим, қуёшим,
Раҳминг ҳеч келмайди мен ошиғингга,
Ахир тугади-ку сабр-бардошим.

Ҳаловат қолмади жону танимда,
Рашкинг олов бўлиб бағрим куйдирди,
Алами бор экан тақдирни менда,
Сендек бағритошни нега суйдирди.

Мақсадинг нима деб қиласан ғазаб,
Тилагим васлингдир бу сенга аён.
Йўқ, деган тилингдан бир бора ўпиб,
Сўнг оёқ остингда қолиб кетсин жон.

ЁЛҒИЗ АЁЛ

Кўзларингда нега нам деманг,
Юрагингда бунча ғам деманг.
Давлатинг кўп нима кам деманг,
Ёлғиз аёл дардин ким билар.

Кулсанг нега кулдинг дейдилар,
Йиғласанг не бўлдинг дейдилар.
Очилмасдан сўлдинг дейдилар,
Ёлғиз аёл дардин ким билар.

Ёғилганда маломат тоши,
Ғам-ғуссадан эгилар боши.
Ёстиқни ҳўл қилар кўз ёши,
Ёлгиз аёл дардин ким билар.

Ёмонларнинг сўзидан минг дод,
Ёмонларнинг кўзидан минг дод.
Ёлғизликнинг ўзидан минг дод,
Ёлғиз аёл дардин ким билар.

Мени ҳавас қилма, жон қизим,
Ўзинг бахтим ўзинг юлдузим.
Ёлғизларга тилайлик тўзим,
Ёлғиз аёл дардин ким билар.